АҚШ банкрот қилмоқчи бўлган Россия вазиятдан қандай чиқиши айтилди

Олам

image

Хабарингиз бор, Америка Қўшма Штатлари Молия вазирлиги Россия ташқи қарзига хизмат кўрсатиш имконини берувчи 9С лицензиясини янгиламаслигини билдирган эди. Бу эса Россияга ташқи қарз бўйича мажбуриятларни бажаришга тўсиқ бўлиши мумкин.

Россия Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин АҚШ ҳукуматининг қарорига муносабат билдириб, эндиликда расмий Москва ташқи қарз бўйича тўловларни рублда амалга оширишини айтиб ўтди.

“Биринчидан, бизда тўловлар учун барча зарур маблағлар мавжуд. Иккинчидан, биз рублда тўлаймиз. Бу АҚШнинг танлови. Уларнинг ўзлари долларда тўловларни тақиқлаб қўйган. Бугун рубль сезиларли даражада мустаҳкамланди ва бизда бозордаги вазият яхши”, дейди Володин.

Давлат Думаси спикерининг таъкидлашича, расмий Москва АҚШ Россиянинг ташқи қарзига хизмат кўрсатиш лицензиясини узайтирмаслик орқали мамлакат олдига янги муаммолар қўймоқчилигига жавобан шундай қарорга келган.

Россия Молия вазирлиги ҳам мамлакат ташқи давлат қарзи бўйича ўз мажбуриятларини бажаришда давом этишини, АҚШ Ғазначилиги унга хизмат кўрсатиш лицензиясини янгилашдан бош тортганига қарамай, тўловлар рублда амалга оширилишини маълум қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, лицензияни узайтиришдан бош тортиш хорижлик инвесторлар ҳуқуқларини поймол қилади ва Ғарб молиявий инфратузилмасига бўлган ишончни пасайтиради. 

“Ҳозир пул бор ва тўлашга тайёрмиз. Дўст бўлмаган давлат томонидан сунъий равишда яратилган бу ҳолат россияликларнинг ҳаёт сифатига таъсир қилмайди”, дейди Россия Молия вазири Антон Силуанов.

Россия давлат қарзи

20 май куни Россия Молия вазирлиги тўлов муддати 2026 йилгача бўлган 71,25 миллион доллар ва 2036 йилгача бўлган 26,5 миллион еврога тенг еврооблигациялар бўйича купон даромадларини тўлашда ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарганини маълум қилди. Апрель ойининг охирида эса вазирлик Россия-2022 ва Россия-2024 евробондлари бўйича тўловларни долларда амалга оширганини эълон қилди. 

Россия апрель ойи бошида вакиллик банки доллар маблағларини блоклаб қўйгани учун тўловни рублда амалга оширишга мажбур бўлган эди. Россия Банки раҳбари Эльвира Набиуллинанинг таъкидлашича, Россия Федерацияси Молия вазирлиги ўз мажбуриятларини бажариш учун барча ресурсларга эга, шунинг учун ҳеч қандай дефолт ҳақида гап йўқ.

Россия Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Россия Федерациясининг ташқи давлат қарзи 57,143 миллиард долларни, шу жумладан, ташқи облигациялар бўйича 37,26 миллиард долларни ташкил қилган. Умуман олганда, Россия Федерациясида 2022 йилдан 2047 йилгача муддатга эга бўлган 15 та фаол облигацияли кредит мавжуд.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

701

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг