Озарлар арманлардан олинган ҳарбий техникаларни тўплаб, боғ қилди (фото+видео)

Бу қизиқ 7788

Озарбайжон пойтахти Бакудаги 5 гектардан ошиқ майдонда 300 дан ортиқ экспонат, 150 дан зиёд техника ва танкларни ўзида жамлаган “Қурол аслаҳалар” (Ҳарбий ўлжа) паркида бўлганмисиз? Бу боғ бошқаларидан кескин фарқ қилади. Агар у ерга бормаган бўлсангиз, сизда QALAMPIR.UZ билан ушбу боғга саёҳат қилиш имкони бор.

QALAMPIR.UZ Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази лойиҳаси доирасида Қорабоғ урушидан кейин арманлардан тортиб олинган ҳарбий техникалар жойлаштирилган “Қурол аслаҳалар” (Ҳарбий ўлжа) боғида бўлди

“Қурол аслаҳалар” (Ҳарбий ўлжа) боғи 2020 йил иккинчи Қорабоғ урушида Арманистон устидан эришилган ғалаба шарафига барпо этилган. Маълумки 2020 йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон ўртасида 30 йилдан буён арман босқини остида қолаётган Қорабоғ ерлари учун қуролли тўқнашув бошланганди. 44 кун давом этган қуролли тўқнашувлар натижасида Озарбайжон Қуролли Кучлари муваффақиятга эришди.

Уруш давомида Озарбайжон ҳарбийлари Арманистон томонидан жангга киритилган қурол аслаҳаларнинг бир қанчасини қўлга олди. Бу қурол аслаҳаларнинг умумий қиймати 4 млрд АҚШ доллардан ортиқ экани айтилади. Боғнинг энг ёдда қоладиган ва рамзий экспонатларидан бири – бу Озарбайжон Қуролли Кучларининг озод қилинган Қорабоғда Арманистон ҳарбийларининг автомобилларидан олинган рақамларидан тайёрланган паннодир. Паркка киришда биринчи бўлиб рақамлардан ишланган паннога кўзингиз тушади.

Паркда жанговар пост ва казарма ҳам мавжуд. Казармалар яқинида шахсий таркибни артиллерия ва ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун лойиҳалаштирилган бошпаналар, ўқ отиш полигонлари, пулемётчилар ва узоқ масофага ўқ отиш нуқталари, шунингдек гранатадан ҳимояланиш учун хандақлар ҳам бор.

“Қурол-аслаҳалар боғи” 2020 йил 10 декабрь куни бўлиб ўтган Ғалаба парадида Президент Илҳом Алиев билдирган таклиф асосида барпо этилган.

Боғда урушда ҳалок бўлган юзлаб арман аскарларининг дубулғалари ва Арманистон Қуролли Кучларининг мумдан ясалган манекенлари жойлаштирилган.

Боғда қуйидаги ҳарбий экспонатлар:

57 та зирҳли техника;
44 та артиллерия қуроллари;
67 та автомобиль;
17 та тиркама;
2 та Қурол ва ўқ-дорилар кўргазмаси жой олган.

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 191
Рейтинг: 3.2
t
×