Фуқароларга 10 дан ортиқ йўналишда субсидия берилади
Жамият
−
12 Май 2022
21482Кеча, 11 май куни Вазирлар Маҳкамасининг 252-сон қарори билан Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, Жамғарма маблағлари ҳисобидан субсидиялар қуйидаги мақсадлар учун ажратилади:
• енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун – 8 млн 100 минг сўмгача;
• суғориш воситалари харид қилиш учун – 2 млн 700 минг сўмгача;
• уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун – 810 минг сўмгача;
• ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари ва ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларга уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш учун – 2 млн 700 минг сўмгача;
• “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга 3 тадан кам бўлмаган иш ўрни яратиш шарти билан гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳини харид қилишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун (ҳар бир дастгоҳ учун) – 2 млн 700 минг сўмгача;
• “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси аъзоларига қўл меҳнати учун ускуналар харид қилиш бўйича харажатларни қоплаш учун камида битта иш ўрни яратиш шарти билан 2 млн 700 минг сўмгача;
• 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январгача жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун – 540 минг сўмдан ошмаган миқдорда бир марталик;
• тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун – 7 миллион сўмгача, хотин-қизларга 10 миллион сўмгача;
• тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган ишсиз фуқароларга тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг дастлабки 3 ой мобайнида олинган бино ва иншоотнинг ижара тўловини тўлаш учун – 2 млн 700 минг сўмгача (бунда субсидия уч ойга тенг тақсимланган ҳолда ҳар бир ой учун тўлаб берилади);
• ҳунармандларнинг “Ҳунарманд” уюшмасига аъзолик бадали харажатлари учун – аъзолик бадали миқдорида;
• аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳлаётган ишсиз шахсларга – якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун – сарфланадиган харажатларни тўлашда бир марталик;
• “уста-шогирд” анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга (кулолларга) шогирдлар тайёрлаш, зарур хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш учун – 6 ой давомида ҳар ойда 540 минг сўмдан кам бўлмаган миқдорда;
• шогирдларга – мустақил фаолият бошлаши учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиш, шунингдек, усталарга – интернет сайтларини ташкил этиш, ўз маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама харажатларининг 50 фоизи, бироқ 6 млн 750 минг сўмдан ошмайдиган қисмига субсидия ажратилади.
Шунингдек, касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг:
• автотюнинг;
• маиший техникани ўрнатиш ва таъмирлаш;
• компьютерларни таъмирлаш ва созлаш;
• видео ва фотосуратга олиш;
• мебелларни таъмирлаш ва йиғиш;
• сартарошлик хизматлари, маникюр, педикюр хизматлари;
• косметолог хизматлари;
• мультимедиа, дизайн ва санъат материалларини яратиш ва уларга ишлов бериш;
• дастурий таъминот, ахборот тизимлари, мобил иловалар ва веб-сайтларни ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш касб йўналишларида “уста-шогирд” анъаналари асосида ҳунар ўрганмоқчи бўлган ёшларга ёки ҳунар ўргатаётган (ёки ўргатмоқчи бўлган) усталарга шогирдлар тайёрлаш ёки уларни иш ҳақи билан таъминлаш учун – 3 ой мобайнида ҳар бир шогирдга (беш нафаргача) ҳар ойда 1 млн 80 минг сўмгача миқдорида субсидия ажратилади.
Маълумот ўрнида, Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 декабрдаги "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори асосида ташкил этилган. Қарорга мувофиқ, бу йил Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва ўқитиш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган трансфертлар Жамғармага йўналтирилиши, 2023 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу маблағлар Жамғарма учун ажратилиши белгиланган эди.
Аббос Лапасов
LiveБарчаси