“Олтин қалам” учун овоз беришдаги “махинация” фош бўлди
Жамият
−
30 Апрель 2022
12952Жорий йилнинг 21 март куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан анъанавий халқаро танлов “Олтин қалам – ХVI” миллий мукофоти учун ҳужжатлар қабули бошлангани эълон қилинди.
Ҳозирги кунга қадар танловга 435 нафар иштирокчи 5 000 га яқин ижодий ишларини топширган. Ҳар бир иштирокчи ҳақидаги маълумотлар уюшманинг расмий саҳифасига жойланган. Сайтга кириб журналистнинг ижодий ишлари билан танишиш ва овоз бериш имкони ҳам мавжуд.
Уюшма раиси Олимжон Ўсаровга кўра, ҳакамлар барча йўналиш бўйича келиб тушган ижодий ишларни кўриб чиқишади. Шу билан бирга Журналистлар ижодий уюшмасининг расмий сайтида тўпланган овозлар қўшилиб, натижалар эълон қилинади.
Ҳакамлар барча ижодий ишларни ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқишади. Лекин уюшма сайтида онлайн тўпланаётган овозлар ҳақида маълумотларни кузатиб бориш имкони мавжуд. Сайтдаги натижаларга қарайдиган бўлсак, ҳозиргача 10 мингдан ортиқ овоз тўплаган ёки саноқли овоз олганлар ҳам борлигини кўрамиз. Афтидан, онлайн овоз олишни билмайдиганлар ҳам бор.
Ўз-ўзидан бир савол пайдо бўлади. Сайтда овоз бериш жараёни ҳаққонийми? Шу саволга жавоб олиш учун IТ мутахассисга юзландик.
“Журналистлар ижодий уюшмасининг расмий сайтида сунъий овоз кўпайтириш йўллари ёпилмаган. Битта одам ишлатаётган браузеридан бир неча ўн мингтагача овоз бериши мумкин. Сайт овоз берган мижозни “cookie”да сақлаб қолади. Лекин “cookie”дан ўз маълумотини ўчирса, қайта овоз бериш имкони пайдо бўлади. Шу тариқа бир неча маротаба овоз бериш мумкин. Бу ҳолатда овозларни сунъий ошириш жуда ҳам осон”, дейди мутахассис.
Эътибор берсангиз сайт тест режимида ишламоқда. Шунга қарамай уюшма овозлар инобатга олинишини айтиб ўтган. Ташкилот сайтдаги овозларни сунъий кўпайтириш мумкинлигини текширганми ёки йўқ, буниси бизга қоронғу. Шу ўринда қайд этиш жоиз, QALAMPIR.UZ журналисти ҳам “Олтин қалам” – ХVI” миллий мукофоти учун ҳужжатларни топширган. Натижа ҳақида ҳеч қандай маълумотимиз йўқ. Лекин, сайтдаги хатоликка кўз юма олмадик.
Эслатиб ўтамиз, танловда қуйидаги асосий номинациялар бўйича иштирок этиш мумкин:
• Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (телевидение – 1-, 2-, 3-ўринлар);
• Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (радио – 1-, 2-, 3-ўринлар);
• Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (босма ОАВ – 1-, 2-, 3-ўринлар);
• Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (интернет-журналистика – 1-, 2-, 3-ўринлар);
• Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун – 1 та биринчи ўрин, 4 та иккинчи ўрин (босма ОАВ, ТВ, радио, интернет).
Танлов ғолиблари қуйидаги тартибда тақидарланади:
Биринчи ўрин учун – диплом, "Олтин қалам" кўкрак нишони, статуэтка ва БҲМнинг 160 баробари миқдорида (яъни 43 200 000 сўм) пул мукофоти;
Иккинчи ўрин учун – диплом, "Олтин қалам" кўкрак нишони, статуэтка ва БҲМнинг 140 баробари миқдорида (яъни 37 800 000 сўм) пул мукофоти.
Учинчи ўрин учун – диплом, "Олтин қалам" кўкрак нишони, статуэтка ва БҲМнинг 120 баробари миқдорида (яъни 32 400 000 сўм) пул мукофоти.
Шу билан бирга:
• “Инсон қадрини улуғлашга бағишланган энг яхши материаллари учун”;
• “Маҳалла, оила ва гендер тенглик мавзуси энг яхши ёритилган материаллари учун”;
• “Ўзбекистон тарихи ёритилган энг яхши материал учун”;
• “ОАВ билан энг фаол ҳамкор ахборот хизмати”;
• “Энг яхши фоторепортаж” рағбатлантирувчи номинациялари бўйича “Олтин қалам” статуэткаси ва БҲМнинг 50 баробари миқдорида (яъни 13 500 000 сўм) пул мукофоти белгиланган.
LiveБарчаси