Алвидо, СССР авторитаризми қолдиғи

Бу қизиқ 39677
image

Бугун, 6 апрель куни Россия Либерал-демократик партияси асосчиси ва ҳозиргача ягона лидери Владимир Жириновский вафот этди. У СССР парчалангандан кейин Россия парламентининг барча чақириқларида депутат бўлганди.

Жириновский СССР парчаланишига қарши чиққан ва буни вафотигача қоралаб келувчи ҳақиқий совет авлоди бўлган. шу билан бирга у Россиянинг барча Президентлари – Борис Ельцин, Владимир Путин ва Дмитрий Медведевга сайловларда рақобатчи бўлган ягона киши эди. Шу билан бирга у бақироқ сиёсатчи экани билан ҳам кўпчиликка яхши таниш.

Қуйида Кремлнинг яқин қўшни ва постсовет давлатларига алоқадор империалистик ва ҳудудий иддаоларини оммага етказиб берувчи шахс сифатида танилган Владимир Вольфович Жириновский қандай ўтмишга эгалигини кўриб чиқамиз.

Келиб чиқиши

Владимир Вольфович Жириновский 1946 йил 25 апрелда Қозоғистон ССР (ҳозирги Қозоғистон Республикаси) Олма-ота шаҳрида туғилган. У оиладаги энг кичик (олтинчи) фарзанд эди.

Онаси – Александра Павловна (қизлик фамилияси - Макарова), асли мордовиялик эди. У эри ва беш фарзанди билан 1940-йилларда Олма-отага кўчиб ўтган. Унинг биринчи эри Андрей Васильевич Жириновский НКВД (СССР Ички ишлар халқ комиссарлиги)да хизмат қилган, кейин Туркистон-Сибир йўлининг ўрмон бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. 1944 йилда сил касаллигидан вафот этган.

Владимир Жириновскийнинг отаси – Ғарбий Украинада (ўша пайтда – Польша ҳудуди) туғилган Вольф Исаакович Эйдельштейн Иккинчи Жаҳон уруши бошида Қозоғистонга депортация қилинган ва у ерда Транс-Сибир темир йўлида ишлаган. 1945 йилда у Александра Жириновскаяга уйланди, лекин бир йил ўтгач, ўғли туғилгандан сўнг, у Польшага сургун қилинди, кейин Исроилда яшади.

Маълумоти, илмий даражалари

1970 йилда Владимир Жириновский М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Шарқ тиллари институтининг (1972 йилдан – Осиё ва Африка мамлакатлари институти) тарих ва филология факультетининг “Туркия ва турк тили” мутахассислиги имтиёзли диплом билан тугатган. 1965 – 1967 йилларда бир вақтнинг ўзида марксизм-ленинизм университетида таҳсил олган. 1977 йилда М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг юридик факультетининг кечки бўлимини имтиёзли диплом билан тугатган.

Фалсафа фанлари доктори. 1998 йил 24 апрелда Москва давлат университетида “Россия халқининг ўтмиши, бугуни ва келажаги” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Меҳнат ва сиёсий фаолиятининг бошланиши

Владимир Жириновский сиёсий фаолият билан талабалик йилларида шуғуллана бошлаганини айтган. 1967 йилда у Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (КПСС (рус) – СИКП) Марказий Қўмитаси Бош котиби Леонид Брежневга мактуб йўллаб, “таълим, қишлоқ хўжалиги ва шаҳар бошқаруви соҳасида” ислоҳотларни таклиф қилади. Натижада, уни КПСС Москва шаҳар қўмитасининг университетлар бўлимига “суҳбат учун” таклиф қилишади ва у ерда ёш Владимирнинг таклифлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтишади.

1969 йилда СССР Ташқи иқтисодий алоқалар давлат қўмитасининг “Тяжпромэкспорт” ва “Нефтехимпромэкспорт” ташқи савдо бирлашмалари орқали Эрон ва Туркияда амалиёт ўтади. Ўша йили Искендерон шаҳрида (Туркия) нефтни қайта ишлаш заводи қурилишида таржимон бўлди. Туркияда эса ҳибсга олиниб, мамлакатдан чиқариб юборилган. Владимир Жириновскийнинг ўзига кўра, ҳибсга маҳаллий аҳолидан бирига совға қилинган совет нишони сабаб бўлган.

1970-1972 йилларда Совет Армияси сафида, Кавказорти ҳарбий округи штаб-квартирасининг сиёсий бўлимида (Тбилиси, Грузия) хизмат қилган.

1972-1975 йилларда у Совет тинчлик қўмитаси халқаро бўлимининг Ғарбий Европа сектори ходими бўлди. 1973 йилда Москвадаги Тинчлик конгрессини ва Берлиндаги Бутунжаҳон ёшлар ва талабалар фестивалини ташкиллаштиришда қатнашди.

Шу билан бирга, 1973 йилда у Ленинский туман комсомол қўмитасининг (Москва) штатдан ташқари инструктори бўлган.

1975 йилдан Касаба уюшмалари ҳаракати олий мактабининг Иқтисодиёт факультети деканатида хорижлик талабалар билан ишлади.

1975 йилдан 1983 йилгача – СССР Адлия вазирлигининг хорижий юридик коллегиясининг Европа бўлими маслаҳатчиси, катта маслаҳатчиси (коллегия Совет ва чет эл фуқаролари ўртасидаги низоларни, шу жумладан мерос ва ажралиш жараёнларини кўриб чиққан). Мерос ҳуқуқига ихтисослашган.

1983-1990 йилларда – “Мир” нашриётида ходим, кейин катта юридик маслаҳатчи, юридик бўлим бошлиғи бўлган. 1999 йилда Москвадаги Жаҳон цивилизациялари институтига асос солди.

1980-1990 йиллардаги сиёсий фаолияти

1989 йилда у “Мир” нашриётидан СССР депутатлигига номзод сифатида кўрсатилган, аммо “Огонька” муҳаррири Виталий Коротич фойдасига ўз номзодини қайтариб олган.

1988 йилда Демократик иттифоқнинг таъсис қурултойида қатнашд. У Яҳудий маданияти жамияти бошқаруви аъзоси этиб сайланди.

1989 йил 13 декабрда Владимир Жириновский Совет Иттифоқи Либерал-демократик партиясини (СИЛДП) яратиш бўйича ташаббус гуруҳининг йиғилишида иштирок этди. Сиёсий ташкилот дастури аввалроқ Жириновский томонидан ишлаб чиқилган “Россия социал-демократик партияси дастури”га асосланган эди. СИЛДП ўзини ҳукмрон КПССга мухолифат деб эълон қилди.

1990 йил 31 мартда СИЛДП таъсис қурултойида Владимир Жириновский унинг раиси этиб сайланди. Ўшандан бери, 30 йилдан ортиқ вақт давомида у партиянинг ўзгармас раҳбари, 2017 йилдан эса унинг Олий Кенгашини ҳам бошқарган.

1990-1991 йилларда у Совет Иттифоқини сақлаб қолиш ва СССР Миллий қутқарув қўмитасини яратиш тарафдори бўлган Марказчилар блоки (1990 йил июль ойида тузилган, унинг таркибига СИЛДП, А.Д.Сахаров номидаги Демократик кучлар иттифоқи, Россия Халқ фронти ва бошқа сиёсий кучлар кирган) етакчиларидан бири бўлган.

1990 йил 6 октябрда СИЛДП Марказий Қўмитасининг бош координатори Владимир Богачевнинг ташаббуси билан СИЛДПнинг II (навбатдан ташқари) съезди бўлиб ўтди, унда Жириновский раислик лавозимидан четлаштирилди ва СССРдан чиқариб юборилди. Владимир Жириновский ва унинг тарафдорлари қурултой қарорларига бўйсунишдан бош тортди ва ўз навбатида конференция чақириб, ўзининг собиқ ҳамкасбларини партиядан чиқариб юборди.

Натижада партия СИЛДП ва ЛДПга бўлинди. СИЛДП Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинди ва Совет Иттифоқида КПССдан кейин иккинчи расмий рўйхатга олинган партия бўлди (1992 йилда СИЛДП Россия Либерал-демократик партияси, РЛДП деб ўзгартирилди).

1991 йил август ойида СССР ўрнига янги суверен давлатлар федерациясини ташкил этишни кўзда тутувчи Иттифоқ шартномаси имзоланишига йўл қўймаслик мақсадида Фавқулодда ҳолат бўйича Давлат қўмитаси (ГКЧП (рус) – ФҲДҚ) томонидан уюштирилган давлат тўнтаришига уриниш чоғида Владимир Жириновский партия номидан ФҲДҚни қўллаб-қувватлаб, омма олдида чиқиш қилди. 1993 йил ёзида у Россия Президенти Борис Ельцин томонидан асосий қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш учун чақирилган Конституциявий конференцияда қатнашди. Ўша йилнинг октябрь ойида у Россия Федерацияси Олий Кенгаши билан зиддиятида Ельцинни қўллаб-қувватлади, аммо иккала томоннинг зўравонлик ҳаракатларини қоралади.

Президент сайловларидаги иштироки

Жириновский олти марта президентликка даъво қилган. У Россия Федерациясидаги президентлик кампанияларида энг кўп қатнашган одам сифатида Россия рекордлар китобига кирди. У 2008 йилги сайловларда энг яхши натижага эришган.

1991 йил 12 июнда бўлиб ўтган биринчи президентлик сайловларида у 7,81 фоиз овоз олиб, Борис Ельцин (57,30 фоиз) ва Николай Рижков (16,85 фоиз)дан кейин 3-ўринни эгаллади. 1996 йил 16 июндаги сайловларда у 5,7 фоиз (10 нафар номзоддан 5-ўрин) овоз олди ва овоз беришнинг иккинчи босқичига чиқмади (Борис Ельцин 3 июлда Президент этиб сайланган, 53,82 фоиз). 2000 йил 26 мартдаги сайловларда Владимир Жириновскийга сайловчиларнинг 2,7 фоизи овоз берди, у 11 номзод орасида 5-ўринни эгаллади (Владимир Путин давлат раҳбари этиб сайланди, 52,94 фоиз овоз). 2008 йил 2 мартдаги сайловда Жириновский тўртта номзод ичида Дмитрий Медведев (70,28 фоиз) ва Геннадий Зюганов (17,72 фоиз) дан кейин 3-ўринни (9,35 фоиз) эгаллади. 2012 йил 4 мартда у навбатдаги президентлик сайловларида қатнашиб, 6,22 фоиз (Владимир Путин Россия Федерацияси президенти этиб сайланди, 63,60 фоиз) овоз олган беш номзод орасида 4-ўринни эгаллади. 2018 йилнинг 18 март куни бўлиб ўтган сайловда Либерал-демократик партия етакчиси 5,65 фоиз овоз олиб, саккиз номзод орасида 3-ўринни эгаллади (Владимир Путин – 76,69 фоиз ва Павел Грудинин – 11,77 фоиз).

Давлат Думасидаги фаолияти

Владимир Жириновский Россия Федерацияси Давлат Думасининг барча саккиз чақириқ депутати бўлган. У 1993 йилдан буён парламент қуйи палатасида ишлаган. 2000 – 2011 йилларда у Россия Федерацияси Давлат Думаси вице-спикери лавозимин эгаллаган, 1993 – 1999 йилларда ва 2011 йилдан РЛДП фракциясини бошқарган.

1993 йил 12 декабрда Либерал-демократик партиядан 1-чақириқ Россия Федерацияси Давлат Думаси депутати этиб сайланган. 114-сонли Шчелковский бир мандатли сайлов округидан (Москва вилояти) Думага ўтди. Парламентнинг қуйи палатасида у “Россия танлови”дан кейин иккинчи ўринни эгаллаган либерал-демократлар фракциясини бошқарган. У Дума мудофаа қўмитасининг аъзоси эди.

Кейинги йилларда у РЛДП рўйхатидаги биринчи одам сифатида Давлат Думасига сайланди.

1995 йил 17 декабрда у иккинчи чақириқ Давлат Думасига сайланган, партия фракцияси раҳбари лавозимини эгаллаган ва мудофаа қўмитаси аъзоси бўлиб ишлаган.

1999 йил 19 декабрда III чақириқ Россия Федерацияси Давлат Думаси депутатлигига “Жириновский блокидан” номзод этиб кўрсатилган. Блок Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси РЛДП сайлов рўйхатини федерал қисмидаги номзодлар томонидан мулк тўғрисида нотўғри маълумот тақдим этгани сабабли рўйхатга олишдан бош тортганидан сўнг, тузилган. 2000 йил январь ойида Владимир Жириновский Давлат Думаси раиси Геннадий Селезневнинг ўринбосари этиб сайланди. Унинг ўғли Игор Лебедев ЛДПР парламент фракцияси раҳбари бўлди.

Унинг ўғли Игорь Лебедев РЛДП парламент фракцияси раҳбари бўлди.

2003 йил 7 декабрь ва 2007 йил 2 декабрда Владимир Жириновский Давлат Думасига IV ва V чақириқ депутати этиб сайланган. 2003-2011 йилларда у парламенти раиси Борис Гризловнинг ўринбосари бўлган. У Дума мудофаа қўмитасининг аъзоси эди.

Кейинчалик, 2011 йил 4 декабрь ва 2016 йил 18 сентябрда у Либерал-демократик партия рўйхати бўйича VI ва VII чақириқ Давлат Думасининг депутати этиб сайланди. У парламент қуйи палатасидаги партия фракциясини бошқарган.

2021 йил 19 сентябрда у VIII чақириқ Россия Федерацияси Давлат Думасига сайланган, яна РЛДП фракциясини бошқарган.

1996 – 2008 йилларда Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси делегати бўлган. Шунингдек, Россия Федерацияси Давлат кенгашининг аъзоси эди.

Минтақавий сайловларда иштироки

Либерал-демократик партия раҳбари бир неча бор Россия Федерациясида минтақавий ва маҳаллий сайловларда партия рўйхатини бошқарган.

1999 йил 30 майда Владимир Жириновский Белгород вилояти раҳбари сайловида (17,72 фоиз) амалдаги губернатор Евгений Савченкога (53,46 фоиз) ва Россия Федерацияси Ҳисоб палатаси аудитори Михаил Бесхмельницинга (19,71 фоиз) ютқазиб, учинчи ўринни эгаллади.

Оиласи

2022 йилнинг 9 февралида Владимир Жириновский коронавирус инфекцияси сабаб оғир аҳволда Москвадаги Марказий клиник шифохонага (МКК) ётқизилгани маълум бўлди. Илгари сиёсатчи саккиз марта COVID-19 га қарши эмланган эди. У охирги марта 2021 йил 20 декабрда эмлангани ҳақида хабар берган.

Владимир Жириновский расман Галина Александровна Лебедева (маълумоти бўйича вирусолог, биология фанлари номзоди) билан никоҳли бўлган. Владимир Жириновскийнинг ўзи улар никоҳи 1971 йилда тузилганини айтган. Аммо 1978 йилда эр-хотин ажрашиш учун ариза берган ва 1990-йилларда улар турмуш қуришган ва шундан бери улар черков никоҳи билан боғланган. Владимир Жириновский ва Галина Лебедеванинг ўғли Игорь Лебедев (1972 йилда туғилган) 2011-2021 йилларда Россия Федерацияси Давлат Думаси вице-спикери бўлган. Бундан ташқари, Жириновскийнинг сўзларига кўра, унинг иккита ноқонуний фарзанди бор эди: қизи Анастасия Петрова (1983 йилда туғилган), ўғли Олег Эйделштейн (Газдаров; 1986 йилда туғилган).

Унвон, мукофот, китоблари

Владимир Жириновский истеъфодаги полковник унвонига эга бўлган.

У “Ватанга хизматлари учун” (2006, 2011, 2016, 2021) ордени, “Шон-шараф” ордени (2008), Александр Невский (2015), шунингдек, II ва I иккинчи даражали (2012, 2019) П.А. Столипин медаллари билан тақдирланган. Абхазия Республикасининг II даражали “Шон ва шараф” ордени билан тақдирланган (2005). Шунингдек, у Россия Федерацияси Адлия вазирлигининг Анатолий Кони медали, Рус православ черковининг I даражали (2021) Москва князи Даниил ордени билан тақдирланган. РФда хизмат кўрсатган ҳуқуқшунос (2000).

Халқаро экология ва табиатдан фойдаланиш академиясининг ҳақиқий аъзоси (академиги), Табиий фанлар академиясининг фахрий академиги, Халқаро ахборотлаштириш академиясининг ҳақиқий аъзоси, Ижтимоий фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси (академиги) эди.

Инглиз, француз, немис ва турк тилларини яхши билган.

У 500 дан ортиқ китоб ва маколалар, жумладан, “Сиёсий классика” номли 100 жилдли китоб муаллифи эди. Либерал-демократик партия Олий Кенгаши аъзоси, ҳозирда Хабаровск ўлкаси губернатори Михаил Дегтяревнинг иккита китоби Владимир Жириновскийга аталган: “Ўз ватанидаги пайғамбар” (2015), “Пайғамбар 2.0” (2021).

Либерал-демократик партия етакчиси қўшиқлар, жумладан, ўз композицияларидан иборат бир нечта альбомларни ёзган. У, шунингдек, Либерал-демократик партия мадҳияси муаллифи.

2016 йилда Зураб Церетели Жаҳон цивилизациялари институти (Москва) ҳовлисида Владимир Жириновский ҳайкалини ўрнатган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 658
Рейтинг: 3
t
×