Туркия Ўзбекистонга сармоя киритган Топ-3 мамлакат қаторидан жой олди
Жамият
−
25 Март 2022
11318“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Туркия Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Туркия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланган “Муштарак тарих ва маданиятга асосланган Туркия – Ўзбекистон муносабатларининг 30 йиллиги” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Маълумки, жорий йилнинг 29-31 март кунлари Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ўзбекистонга келмоқда. Ушбу ташрифи Туркия раҳбарининг сўнгги олти йил ичида Ўзбекистонга амалга ошираётган учинчи ташрифидир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса 2017 йилнинг октябрь ва 2020 йилнинг февраль ойларида расмий ташриф билан Туркияга борди. 2021 йилнинг ноябрь ойида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 8-саммитида иштирок этиш учун Туркияда бўлди. Шунингдек, давлат раҳбарларининг телефон орқали мулоқотлари ҳам мунтазамлик касб этиб келмоқда.
Тадбирда қайд этилишича, Туркия Ўзбекистоннинг энг йирик ҳамкорлари қаторидан жой олган. 2016 йилгача Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо ҳажми 1,5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 3 миллиардлик довонни босиб ўтди. 2023 йилда эса ушбу миқдор 5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
2020 йилда Ўзбекистон ва Туркия Республикалари ўртасида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашига асос солинган бўлиб, ушбу Кенгашнинг илк йиғилиши давлат раҳбарлари – Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўған раислигида 2020 йилнинг февраль ойида Анқарада бўлиб ўтди. Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Кенгашнинг иккинчи мажлиси ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Туркия Ўзбекистон мустақиллигини тан олган (1991 йил декабрь) биринчи давлат ҳисобланади. 1992 йилнинг 4 март куни икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. 1996 йилга келиб 8 март куни “Ўзбекистон республикаси ва туркия жумҳурияти ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида” шартнома имзоланди.
“Тараққиёт стратегияси” марказида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон ва Туркиянинг узоқ тарихдаги куч олиб, сўнгги 30 йилда ривожланган алоқалари хусусида сўз борди.
Жумладан, конференция аввалида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўз олиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик сезиларли даражада фаоллашганини қайд этди.
“Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик сезиларли даражада фаоллашди. Буни биз турли даражадаги икки давлат ташкилотлари ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бораётганида, бу Парламентлараро муносабатлар бўладими, вазирлик-идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари, оддий фуқароларимиз ўртасидаги алоқалар мисолида кўриб турибмиз.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 12 ноябрь куни Туркий кенгашнинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саккизинчи саммитдаги иштироки ҳамда Туркий Кенгаш номини “Туркий давлатлар ташкилоти” деб ўзгартириш ва мазкур ташкилотнинг биринчи саммитини 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши алоҳида аҳамиятга эга”, дейди Туляков.
Қайд этилишича, 2021 йил якунларига кўра, Туркия Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритган давлатлар учлигига кириб, 2021 йилнинг ўзида жами 1,18 млрд доллар миқдорида сармоя киритган.
Халқаро конференцияда Туркия миллий телеканали сиёсий шарҳловчиси Аҳмад Яшилтепа, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Баҳром Сотиболдиев, Қиршаҳар Эрван университети профессори Нур Четин, Марказий Осиё халқаро институти бўлим бошлиғи Алишер Собировлар маъруза билан иштирок этиб, Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг тарихи, бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида ўз фикр- мулоҳазаларини билдиришди.
Шунингдек, маърузачилар бой табиий ресурслар ва инсон капитали, чуқур давлатчилик тажрибаси ва маданий меросга эга Ўзбекистон сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг юқори суръатларини намойиш қилаётганини, Ўзбекистон минтақадаги барқарорлик ва фаровонлик борасида йўл кўрсатувчи, илҳом манбаи эканини ва Туркия порлоқ келажак сари қатъий қадамларида Ўзбекистон билан бирдамликда бўлишда давом этишини алоҳида эътироф этдилар.
Жумладан, барча соҳаларда, хусусан сиёсат, иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, хавфсизлик, маданият, ёшлар, таълим, матбуот ва инсоний муносабатлар каби соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг чуқурлашиб бораётгани нафақат Ўзбекистон ва Туркия халқларининг, балки қўшни давлатларнинг ҳам фаровонлиги, тинчлиги ва барқарорлигига катта ҳисса қўшишига шубҳа йўқ.
Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Туркиянинг Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар фонди (SETA), Туркиянинг Стратегик фикр институти (SDE), Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Хориждаги турклар ва қардош жамоалар бошқармаси (YTB), Анқара инқироз ва сиёсат масалалари бўйича тадқиқотлар маркази (ANKASAM), Истанбул тижорат университети, “Соҳибқирон” номидаги Стратегик тадқиқотлар маркази (SASAM), “Мармара Групп” ижтимоий ва стратегик тадқиқотлар фонди, Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), Туркия Президенди ҳузуридаги Стратегия ва бюджет бошқармалари ўртасида фаол ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
LiveБарчаси