Мирзиёев 2021 йилда қанча йўл босди?

Жамият

image

COVID-19 сабабли 2020 йил халқаро муносабатлар тарихида “ёпиқ давлатлар йили” номи билан ёдда қолди. 2021 йилда дунё ҳамжамияти “соғлом ҳаётга қайтиш” бошланди. Давлатлар ўз чегараларини очди, мамлакатлараро мулоқотлар тикланди, мамлакат раҳбарлари ташрифлари кўпайди.

Тугаб бораётган йил Ўзбекистон учун сарҳисобда анча қийин йил бўлди. Боиси, маълумот кўп, қабул қилинган ҳужжатлар бисёр. Булар орасига Президент ташрифларини ҳам киритиш мумкин.

Якунига етаётган 2021 йил Президент Шавкат Мирзиёев учун хорижий ташрифларга бой йил бўлди. QALAMPIR.UZ Шавкат Мирзиёев якунланаётган йилда хорижий ташрифлар учун тахминан қанча йўл босгани ва эришилган натижалар ҳақида ҳикоя қилади.

Давлат раҳбари жорий йилда хорижий мамлакатларга 10 та ташрифни амалга оширди. Шундан, 5 таси расмий ташриф –Туркманистон, Тожикистон, Россия, Қозоғистон ва Жанубий Корея. 5 таси эса амалий ташриф – кўп томонлама тадбирларда иштирок етиш учун амалга оширилди. QALAMPIR.UZ ҳисобига кўра, 10 ташрифга бориб-келиш учун Шавкат Мирзиёев 38 946 км йўл босди. Ташрифлар доирасида иқтисодий, сиёсий ва маъданий соҳаларга оид 100 ортиқ икки ва кўп томонлама ҳужжатлар имзоланди. Маълумотларга батафсилроқ тўхталамиз.

29 апрель. Туркманистон – Амалий ташриф (2002 км):

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилда дастлабки халқаро ташрифни Туркманистон Республикасига амалга оширди.

Сўнги йилларда икки давлат муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бормоқда. Мисол учун, мамлакатлар ўртасидаги товар айрибошлаш сўнгги 10 йилда уч баробар ошиб, 2020 йилда 527 миллион долларга етди. 2021 йилнинг 9 ойида эса 490,7 миллион долларни ташкил этди.

Музокаралар чоғида икки давлат раҳбарлари халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги “Ашхобод” битимини бундан буён ҳам биргаликда илгари суриш, шунингдек, Хитой – Марказий Осиё – Жанубий Кавказ – Туркия мультимодал маршрутининг самарали ишлатилишини таъминлаш ва транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иккала халқ ўртасидаги биродарлик муносабатларининг навбатдаги ёрқин рамзи сифатида Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ўсиш нуқталарини излаш мақсадида Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга қарор қилинди.

10-11 июнь. Тожикистон – Расмий ташриф (608 км):

Душанбе халқаро аэропортида Ўзбекистон раҳбарини Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон кутиб олди.

Президентлар музокаралар давомида кўп қиррали Ўзбекистон-Тожикистон шериклигининг кенг кўламли кун тартибини кўриб чиқадилар ҳамда халқаро ва минтақавий даражадаги алоқалар юзасидан фикр алмашдилар.

Сафар давомида давлат раҳбарлари ҳузурида имзоланган Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисида, саноат ва янги технологиялар соҳасида, тоғ-кон саноатида ҳамкорлик тўғрисида, Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида, юклар транзити тўғрисидаги битимлар, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар учун ер майдонларини ўзаро тақдим этиш тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш, фуқаролар ўзаро қатновлар тўғрисидаги битимга қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённома, икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари ўртасидаги ҳамкорлик дастури ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” тўғрисидаги шартномаларни алоҳида таъкидлаш жоиз.

Умуман, энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган жами 35 та ҳужжат имзоланди.

5-6 август. Туркманистон – Туркманбоши шаҳри яқинидаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлат раҳбарлари учинчи маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун амалий ташриф (2746 км):

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Шавкат Мирзиёевга тегишли. Бундай йиғилишларнинг биринчиси 2018 йил март ойида Астанада (Ҳозирги Нур-Султон), иккинчиси – 2019 йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган.

Ўзбекистон раҳбари саммит доирасида:

  • савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим имзолаш;
  • Марказий Осиёнинг транспорт-транзит салоҳиятини самарали ишга солиш учун минтақа мамлакатларининг умумий стратегиясини ишлаб чиқиш;
  • санитария талабларига риоя қилган ҳолда транспорт қатновларини тўлиқ тиклаш;
  • мамлакатларнинг иқлим ўзгаришларига мослашишига, ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этилишига хизмат қиладиган “Марказий Осиё учун “яшил” кун тартиби” минтақавий дастурини жорий қилиш;
  • Марказий Осиё мамлакатларининг электр энергетикаси мувофиқлаштирувчи кенгашни фаоллаштириш;
  • пандемияга қарши курашишда яқиндан мувофиқлашув ва ўзаро ёрдам;
  • Орол денгизи ҳалокатининг оқибатларини юмшатиш бўйича барча чораларни кўриш зарурияти;
  • Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш;
  • туризм маҳсулотларининг барча соҳасини қамраб оладиган “Бир саёҳат – бутун минтақа” қўшма дастурини амалга ошириш;
  • Тошкент шаҳрида минтақавий парламент форумини ўтказиш тўғрисидаги таклифларни илгари сурди.

16-17 сентябрь. Тожикистон – Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлисида иштирок этиш учун амалий ташриф (608 км):

Саммит доирасида ШҲТнинг 20 йиллиги бўйича “Душанбе декларацияси” қабул қилинди, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 30 та ҳужжат имзоланди.

Бундан ташқари, ШҲТ Бош котиби лавозимига Чжан Мин ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директорлигига Руслан Мирзаев номзодлари тасдиқланди.

Ўзбекистон Президенти Афғонистондаги вазият бўйича ўтказилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти” форматидаги учрашувда ҳам иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев ташриф давомида Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан учрашувлар ўтказди.

Президент учрашув иштирокчиларини 2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда ўтадиган ШҲТнинг навбатдаги саммитига таклиф этди.

11-12 ноябрь. Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок учун амалий ташриф (6686 км):

Ўзбекистон Республикаси Президенти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммитида иштирок этди. Саммит доирасида Қирғизистон Президент Садир Жапаров, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Истанбул шаҳрида Туркий кенгаш котибиятининг янги биноси олдида байроқ кўтариш маросимида қатнашди.

Саммитда савдо, инвестиция, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Унинг натижалари бўйича 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.

Янги ном олган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитини келгуси йил Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

19 ноябрь. Россия – расмий ташриф (5582 км):

Москвадаги “Внуково-2” аэропортида давлат раҳбарини Россия Федерацияси Президенти ёрдамчиси Максим Орешкин ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Москва шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин билан учрашув ўтказди.

Давлат раҳбарларининг учрашувида Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда кенгайтиришнинг долзарб масалалари батафсил кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилдилар. Ташриф доирасида жами 18 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.

28 ноябрь. Туркманистон – Ашхобод шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн бешинчи саммит ишида иштирок этиш учун амалий ташриф (2002 км):

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Покистон Ислом Республикаси Президенти Ориф Алвий, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, шунингдек, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин ва ИҲТ бош котиби Ҳусрав Нозирий ҳам иштирок этди.

ИҲТни жадал ривожланаётган ташкилот сифатида мустаҳкамлашга қаратилган кўп томонлама шерикликни янада кенгайтириш, унга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни савдо, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқлик, саноат кооперацияси, “яшил” энергетика ва туризм соҳаларида ривожлантириш масалалари йиғилиш кун тартибининг асосий мавзуси бўлди.

Саммит якунида ҳаракатлар учун “Ашхобод консенсуси” имзоланди. Ушбу ҳужжатда ташкилотга аъзо давлатларни иқтисодий ва минтақавий ҳамкорлик янги даражага олиб чиқиш учун йўналишлар белгилаб олинди.

5-6 декабрь. Қозоғистон – Давлат ташрифи (2198 км):

Иккинчи муддатга Президент лавозимига сайланган Шавкат Мирзиёев биринчи давлат ташрифини Қозоғистон Республикасига амалга оширди. Ташриф давомида Ўзбекистон раҳбари ва Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида “иттифоқчилик муносабатлари тўғриси”даги декларацияга имзо чекдилар. Ўзбекистон бунга қадар фақат Россия Федерацияси билан 2005 йил 14 ноябрда “иттифоқчилик муносабатлари тўғриси”даги шартномани имзолаган эди.

Умуман, кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланди. Ташриф доирасида имзоланган яна бир муҳим ҳужжат яқин 5 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлашни 10 миллиардга етказиш бўйича “Амалий ҳаракатлар режаси” бўлди.

16-18 декабрь. Жанубий Корея – Давлат ташрифи (9786 км):

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Корея давлатига уч кунлик сафари давомида Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги” қўшма баёнот қабул қилинди. Ўзбекистон бунга қадар фақат Қозоғистон ва Россия давлатлари билан шундай шартнома имзолаган эди.

Шунингдек, рақамлаштириш, “яшил” иқтисодиёт ва кучли ижтимоий сиёсат соҳалари алоҳида стратегик шерикликнинг уч муҳим йўналиши сифатида белгиланди.

Учрашувлар доирасида:

  • соғлиқни сақлаш соҳасида ҳукуматлараро битим;
  • Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
  • Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
  • энергетика соҳасида ўзаро мулоқот ўрнатиш;
  • "ақлли шаҳар"ларни ривожлантириш;
  • Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси орқали молиялаштириш;
  • нодир металлар, мис ва уларнинг қотишмаларига оид меморандумлар имзоланди.

Ўзбекистон раҳбари Сеул шаҳрида Корея Республикасининг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Тадбирда умумий қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ 40 та янги лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.Президент Корея компаниялари раҳбарларини Ўзбекистонга келиш ва йирик лойиҳалар амалга оширишга таклиф этди.

28 декабрь. Россия – Санкт-Петербург шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг норасмий саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф (6728):

“Пулково” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Владимир Путин ташаббуси билан ўтказилган МДҲнинг норасмий саммитида Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон етакчилари ҳам қатнашди.

Жорий йилги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб, 2022 йилга мўлжалланган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Минтақа ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ташрифлар қай турда бўлади?

Давлат ташрифи – давлат раҳбарларининг энг юқори даражадаги ташрифи. Тадбирлар протоколи ва кутиб олиш маросимлари сони жиҳатидан энг тўлиқ ташриф тури. Делегация таркиби одатда чекланмайди. Хавфсизлик, жойлашув, овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва меҳмонларни кузатиб борувчилар олдиндан келишилади. Тантанали кутиб олиш маросимларига катта эътибор қаратилади. Бундай маросимлар орқали икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар қай даражада эканига урғу берилади.

Протоколда учрашувларнинг вақти ва жойи, қатнашувчилар қатъий белгилаб қўйилади. Меҳмон ёки унинг турмуш ўртоғи истагига кўра, диққатга сазовор жойларга саёҳат ҳам уюштирилиши мумкин.

Давлат ташрифини фақат давлат раҳбарлари амалга оширади.

Расмий ташриф – бу мамлакат Бош вазири, ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегацияларнинг ташрифлари. Президент (монарх) у ёки бу давлатга иккинчи марта ташриф буюрса, давлат раҳбарининг ташрифи ҳам расмий ҳисобланади.

Расмий ташрифда давлат ташрифидаги каби тадбирлар ўтказилади, бироқ тантаналар ва кутиб олиш-кузатиш билан боғлиқ маросимлар нисбатан камтарроқ бўлади.

Амалий ташриф – давлат арбоби ёки делегациянинг муҳокама, маслаҳатлашув, халқаро анжуманларда ва миллий кўргазмаларда қатнашиш, халқаро шартномаларни имзолаш учун қиладиган ташрифи.

Амалий ташрифда учрашув жойида давлат байроқлари кўтарилади, лекин фахрий қоровул саф тортмайди. Меҳмонлар шарафига нонушта ёки тушлик ташкиллаштирилади. Одатда бундай ташриф 1,–1,5 кун давом этади.

 

Достон Искандаров


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

124

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг