АҚШ тез орада Шарқий Европага ҳарбийларини жойлаштиради – Байден
Олам
−
29 Январь 2022
5769АҚШ расмийлари яқин келажакда Шарқий Европага америка қўшинларининг кичик қўшимча контингентини юбориш ниятида. Бу ҳақда мамлакат Президенти Жо Байден журналистларга маълум қилди.
“Мен АҚШ қўшинларини Шарқий Европага, яқин орада НАТО мамлакатларига жўнатаман. Бироқ, кўп эмас”, дейди Байден.
Жорий йилнинг 24 январь куни эса Пентагон матбуот котиби Жон Кирби Қўшма Штатлар Европага 8 500 аскар юборишга тайёрлигини, аммо бу борада якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, қўшин жанговар, разведка, авиация, тиббиёт ва транспорт бўлинмаларидан иборатдир. 25 январь куни эса Кирби АҚШ ўз қўшинларини Европада НАТО иттифоқчиси бўлмаган давлатлар ҳудудига жойлаштирмаслигини қўшимча қилди.
Маълумот учун, сўнгги пайтларда Ғарб матбуоти Россия Украина билан чегарадош ҳудудларда қўшин тўплаётгани, бу билан у ҳужумга тайёрланаётгани ҳақида бонг уриб келмоқда. Аммо Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Россия ўз ҳудуди бўйлаб ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга, бу ҳеч кимнинг хавотирга тушишига асос бўла олмайди.
Шунингдек, Россия 2021 йилнинг 17 декабрь куни АҚШ ва НАТОга бир қанча талаблар қўйганди. У альянсдан янги аъзоларни, биринчи навбатда Украинани қабул қилишдан бош тортишни, шунингдек, илгари СССР таркибига кирган давлатлар ҳудудига ўз қўшинларини жойлаштирмасликни талаб қилган.
LiveБарчаси