“Жажжи қотил” ёхуд тутундан “ҳузур қилиш” инсониятга қанчага тушяпти?

Жамият 5216
image

Қўлида сигаретини тутатиб, ушбу хабарни ўқиётган юртдошим! Биласизми, бир йилда дунёда 8 млн одам тамаки чекишдан вафот этади. Сизнинг қўлингизда турган ва тутини димоғингизга ёқаётган сигарет ҳар 10 сонияда битта одамни орамиздан олиб кетади. 

Шу сабаб бўлса керак, ҳар йили ноябрь ойининг учинчи пайшанбаси дунёнинг бир қатор Ғарб мамлакатларида “Чекиш тақиқланган кун” сифатида нишонланади. У 1977 йил Америка саратон касалликлари жамияти ташаббуси билан таъсис этилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, дунёдаги 25 фоиз аҳоли чекиш туфайли вафот этган. Бутун дунёда 15 ёшдан 24 ёшгача бўлганларнинг 17 фоизи чекувчилардир. Европа минтақасида 13-15 ёшли қизларнинг 11,5 фоизи ва ўғил болаларнинг эса 13,8 фоизи тамаки истеъмол қилади. Юқорида айтганимиздек, бир йилда 8 млн одам айнан тамаки сабаб вафот этса, жаҳон иқтисодиёти 1,4 трлн доллар йўқотади.

Таъмаки чекишга “муккасидан кетиш”, тутунидан “ҳузур қилиш” Ўзбекистон ёшларини ҳам четлаб ўтмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консултанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Шукуровнинг маълум қилишича, мамлакатда тамаки чекувчи ёшлар 65 фоизни ташкил қилади.

2019 йилги кўрсаткичларига кўра, катта ёшдагилар орасида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилувчилар 16,5 фоизни ташкил этади. Уларнинг 32,9 фоизи эркаклар, 0,8 фоизи аёллар ҳисобига тўғри келади. Тутунли маҳсулотларни истеъмол қилувчилар эса 9,4 фоизини (эркаклар 18 фоиз, аёллар 0,5 фоиз) ташкил қилса, тутунсиз маҳсулот (асосан носвой) истеъмол қиладиганлар 9,9 фоизни (19,8 фоиз эркаклар, 0,4 фоиз аёллар) ташкил қилади.

2013 йилда Ўзбекистонда ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, тамаки тутунига дучор бўлган 13-15 ёшдаги ўсмирларнинг 14,7 фоизи бино ёки мактаб ҳудудида, 21 фоизи ёпиқ турдаги жамоат жойларида, 16,8 фоизи очиқ турдаги жамоат жойларида чекаётганларни ҳамда 12,6 фоизи уйда яқинлари ва ота-онаси томонидан тамаки истеъмолини кўрган ва шундан сўнг чекишни бошлаган.

Чекувчиларнинг камдан-ками тамаки соғлиқ учун зарарли эканлигини яхши билган ҳолда, никотинга қарамликдан халос бўлишга интилади. Қолганлар эса тамаки истеъмоли қандай оқибатларга олиб келишини билмайди ёки касаллик унга таъсир қилмаслигига ишонади. Баъзи ҳолларда эса чекишга шунчалик ўрганиб қолади-ки, у учун тамакидан воз кечишнинг иложи йўқ.

Шу сабаб кўплаб мамлакатлар тамаки чекишга қараши турли хил тадбирлар ўтказади, аммо, тамаки саноати ҳам ўз маҳсулотини “яхшигина” реклама қилишдан чарчагани йўқ. 

Улар ёшларнинг иродасига таъсир этиш учун, ўз маҳсулотини турли хил дизайн ва жозибали кўринишда бозорга чиқаради. Албатта, бу усуллар болалар ва ёшларнинг электрон сигареталар, никотинли маҳсулотлар ва қиздириладиган тамаки маҳсулотлари каби инновацион тамаки маҳсулотларига бўлган қизиқишини ошириб юборди. Улар кўпинча реклама, тамаки маҳсулотларини сотиш ва ҳомийлик қилишни тартибга солувчи қонун талабларини ҳам четлаб ўтишга ҳаракат қилади.

Халқаро чекишни ташлаш кунининг мақсади тамакига қарамликнинг кенг қулоч ёйишини тўхтатишга кўмаклашиш, чекишга қарши курашга аҳолининг барча қатламларини ва барча ихтисосликдаги шифокорларни жалб қилиш, тамаки чекишнинг олдини олиш ва жамиятни тамакининг саломатликка зарарли таъсири ҳақида хабардор қилишдир.

Таъкидланишича, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда бу Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, жамоат жойларида нафақат тамаки маҳсулотларини, балки электрон сигареталар, қиздириладидан тамаки маҳсулоти, чилим ва шунга ўхшаш нарсаларни истеъмол қилиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади. 
Шунингдек, амалдаги қонунда 20 ёшгача бўлганларга тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланган бўлса, янги таҳрирда ушбу чекловни яна бир ёшга кўтариш кўзда тутилган. 

Алоҳида таъкидлаш керакки, нафақат, 21 ёшга тўлмаган шахсларга сигарет сотиш, балки 21 ёшга етмаган сотувчи ҳам фаолият олиб бориши мумин эмас. Ҳаттоки, бу маҳсулотларни сотишни ҳам ман қилиш кўзда тутилган. Агар биронта овқатланиш шохобчаларида ёки савдо дўконларида кимдир чекаётган бўлса, нафақат чекувчи балки ўша масканнинг раҳбари ҳам жавобгарликка тортилади.

Шунингдек, қонун билан нафақат 21 ёшга тўлмаган шахсларнинг сигарет сотиб олиши, балки 21 ёшга етмаган сотувчининг сигарет сотишини ҳам тақиқлаш режалаштирилган. Агар биронта овқатланиш шохобчасида ёки савдо дўконларида кимдир чекаётган бўлса, нафақат чекувчи балки ўша масканнинг раҳбари ҳам жавобгарликка тортилади.
 

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 82
Рейтинг: 3
t
×