Эркак 3 нафар фарзанди кўз ўнгида хотинини пичоқлади
3-саҳифа
−
21 Февраль
11529Маҳалла фаоллари 10 йилдан буён турмуш ўртоғи томонидан тазйиқ ва зўравонликка учраб келаётган аёлни эри билан яраштирмоқчи бўлганида аёл эри томонидан пичоқланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га аёлнинг адвокати Лола Мирзаева маълум қилди. Ҳимоячининг сўзларига кўра, ҳолат жорий йилнинг 20 февраль куни содир бўлган. Эркак аёлга фарзандларининг кўз ўнгида 2 марта пичоқ тиққан.
“Ҳимоям остидаги Н.И. (аёл) Ш.Н. (эркак) билан 2013 йилда турмуш қурган. Аёл шу вақтгача доимий тазйиқ ва зўравонликда яшаган. Бу ҳолат йиллаб давом этгани сабабли судга ажрим учун мурожаат қилган. Суд оиланинг фарзандлари борлигини инобатга олиб, 6 ой муддат берган. Эр аёлни доимий калтаклагани ва бу иш фарзандлари кўз ўнгида бўлганини маҳалла фаоллари ҳам билган”, дейди Лола Мирзаева.
Ҳимоячининг айтишича, доимий тазйиқлардан кейин аёлга 18 январь куни бир ойлик ҳимоя ордери берилган. Бу вақт мобайнида эри томонидан аёлга нисбатан руҳий босим ҳам бўлган. Аёл уйига сиғдирилмагани сабабли турли жойлардан бошпана топиб, фарзандлари бир неча кунлаб мактабга бормаган.
“Болалари мактабга бормаётгани ҳақида маҳалла раисига бир неча марта айтгандим. Қолаверса, эри аёлга Telegram орқали “болалар етим қолса ҳам сени ўлдираман” деган гапларини ўз қулоғим билан эшитганимни ҳам айтдим. 18 февраль куни ҳимоя ордерининг муддати тугади. Ана ўшанда ҳам маҳалла посбони ва раисига зудлик билан ҳимоя ордери бериш кераклиги, аёлнинг оиладаги вазияти оғир эканини билдиргандим. Қўнғироқ қилаверганимдан маҳалла раиси оилани учраштириб, тушунтириш ишлари олиб боришини айтди. 20 февраль куни аёл ва унинг эрини маҳаллага чақиришганида эркак 3 та фарзандининг кўз ўнгида Н.И.га икки марта пичоқ тиқиб олган”, дейди адвокат.
QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Исохонова билан боғланди. ИИББ вакили ҳолат содир бўлгани ва эркак қўлга олинганини тасдиқланди.
“Ҳолат кеча, 20 февраль куни Юнусобод туманида содир бўлган. Эркак турмуш ўртоғи билан ўзаро уришиб, пичоқ билан тан жароҳати етказган. Аёл шифохонада, шифокорлар назоратида. Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-1 (Оилавий (маиший) зўравонлик) моддаси 7-қисми “ж” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда”, дейилади ИИББнинг QALAMPIR.UZ’га тақдим этган маълумотида.
Аёлнинг адвокати Лола Мирзаеванинг айтишича, бу ҳолатда уни энг ажаблантирган вазият маҳалла раиси ва маҳалла нозирининг аёлнинг ҳаётига бефарқлиги бўлган.
“Аёлларга нисбатан тазйиқ ҳолатлари кўп. Шу муаммо борлигини билиб ҳам ҳимоя чоралари тўлиқ амалга оширилмаяпти. Ҳимоям остидаги аёлга нисбатан руҳий босим бўлаётганини айтсам ҳам маҳалла нозири ва бошқалар эътибор қаратишмади. Оилани яраштириш эмас, йиллар давомида калтак еб яшаётган аёлни ўша зўравон эрдан қутқариш керак эди. Афсуски, улар бу ишга жиддий ёндашишмади. Оқибатда аёл фарзандлари кўз ўнгида пичоқланди ва бу ишни уларнинг отаси содир этди”, дейди адвокат Лола Мирзаева.
QALAMPIR.UZ аёлнинг аҳволини билиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланди. Вазирлик расмийси Фурқат Санаевнинг билдиришича, беморнинг умумий аҳволи ўрта оғирликда.
“1987 йилда туғилган бемор Н.И., 20 феврал куни турмуш ўртоғи томонидан ўткир жисм орқали жароҳат етказилиб, қорин бўшлиғи аъзолари – ингичка ичак ва чарви жароҳатланиши, ички ва ташқи қон кетиши ҳамда бўйин соҳаси, кўкрак қафаси ва чап тизза бўғими жароҳатлари билан шаҳар 7-сон клиник шифохонасига олиб келинган. Бемор зудлик билан операция хонасига олинган. Ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли ва жарроҳлик бўлимида даволанмоқда”, дейди Фурқат Санаев.
ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева ОАВга берган интервьюларидан бирида хотин-қизлар кўпроқ руҳий, жисмоний ва иқтисодий зўравонликка учраётгани, 86−87 фоиз зўравонлик оилаларда кузатилаётганини айтган эди. Абдуллаевага кўра, 2024 йилнинг уч ойида аёлларга 10 мингдан зиёд ҳимоя ордери берилган.Олий суд томонидан тақдим этилган ахборотда 2024 йилнинг биринчи чорагида судлар 4477 нафар шахсни оиладаги зўравонлик моддалари бўйича жавобгарликка тортган.
“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59−2- моддаси – оиладаги (маиший) зўравонлик бўйича 4343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, улардан 2344 нафарига жарима жазоси қўлланган, 1999 нафари эса маъмурий қамоққа олинган.Такрор ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар билан содир этилган оиладаги (маиший) зўравонлик учун 134 нафар шахс Жиноят кодексининг 126-1-моддаси билан судланган, шундан 51 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 83 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган”, дейилган Олий суд тақдим этган маълумотда.
LiveБарчаси