Божхонада олмослар билан безатилган почта ушланди

3-саҳифа

image

Тошкентга почта жўнатмаси орқали 1,6 млрд сўмлик тилла ва заргарлик буюмларини яширинча олиб кирилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бош почтампт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига хориждан юборилган 3 дона почта жўнатмасида машҳур бренднинг тилладан ишланган 664,7 гр оғирликдаги 58 дона заргарлик буюмлари, шунингдек 26 дона қўл соатлари борлиги аниқланган. Мазкур тақинчоқ ва соатларнинг аксарияти эса қимматбаҳо олмос тошлари билан безалган.

Давлат божхона қўмитасининг маълум қилишича, дастлабки ҳисоб-китоблар ушбу заргарлик буюмларининг умумий қиймати 1 млрд 593 млн сўмдан ошишини кўрсатган.

“Халқаро почта конвенцияси ва миллий қонунчилигимизга мувофиқ халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини юбориш мумкин эмас”, дейилади хабарда.

Ҳужжатларга мувофиқ аслида 3 дона почта жўнатмасида жами 74 дона оддий бижутерия ва қўл соатлари бўлиши керак бўлган. Почта пойтахтда истиқомат қилувчи фуқаро номига юборилган.

Хабарга кўра, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. 

Маълумот ўрнида, йил бошидан буён “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида оғирлиги 1,2 кгдан зиёд заргарлик буюмларининг почта ва курьерлик жўнатмалари орқали олиб ўтилиши олди олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

333

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг