Энг яхшилар аниқланган ҳафта
Таҳлил
−
17:44
630Ўзбек спорти учун шов-шувли, мушоҳадали, мулоҳазали йил якунланиб бормоқда. 2024 йил ортда қолар экан Спорт ташкилотлари йил давомида ўзини ижобий томондан кўрсатган номларни аниқлаш, уларни тақдирлаш ва йиллик ҳисоботларини кенг жамоатчиликка етказиш ишлари билан банд. Йил якунига келиб, букмекерлик фаолияти учун кенг имкониятлар яратилиши аниқ бўлди, Ўзбекистонда профессионал даражада, мамлакат чемпионатларида тўп тепадиган футболчилар учун минимум маош миқдори белгиланди ва йил давомида тиллардан тушмаган Абдуқодир Ҳусанов ҳамда Аббосбек Файзуллаевнинг бозор қиймати сезиларли даражада ошди.
Шу ва бошқа муҳим воқеликлар билан бугун доимгидек QALAMPIR.UZ’нинг спорт дайжестида сўз очамиз. Ассалому алайкум.
Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятига рухсат берилмоқда
6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Жорий йилнинг 19 апрель куни қабул қилинган Президент фармонига мувофиқ, ставкалар ва ўйинларнинг ягона давлат регистри юритилади. Унда ўйинчилар, чекловлар, шунингдек, ўйинларда сарфлаш мумкин бўлган маблағлар бўйича лимитлар ҳамда молиявий транзакциялар юритилади.
Лицензия талабларига кўра, букмекерлик фаолияти ташкилотчиси устав капитали камида БҲМнинг 150 минг баравари миқдорида (56 млрд 250 млн сўм), лотерея ташкилотчисининг устав капитали эса 55 минг баравар (20 млрд 625 млн сўм) миқдорида бўлиши лозим.
Букмекерлик фаолиятини амалга оширишга лицензия учун ариза берилганда БҲМнинг 500 баравари (187,5 млн сўм) миқдори йиғим олинади. Лицензия ўзгартирилганда, лицензия учун тўловнинг 50 фоиз миқдорида тўлов қилинади.
Шунингдек, лоторея ташкилотчиси ўйин ҳажмининг 0,1 фоиз миқдорида маблағни лицензияловчи ташкилот ҳисобига ўтказиб туради.
Ушбу қоидалар “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга букмекерлик фаолиятини лицензиялашга оид тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгандан сўнг кучга киради.
ЎзПФЛ футболчиларга минимум маош миқдорини белгилади
Ўзбекистон Профессионал футбол лигасидан рўйхатдан ўтган ҳар бир футболчига клуби томонидан 5 миллион 775 минг сўм маош олиши белгилаб қўйилди. Бу ҳақда лига матбуот хизмати хабар берди.
“Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, профессионал футбол клубларида ойлик-маошларнинг юқори миқдори ошишда давом этмоқда, бироқ ёш иқтидорларни рағбатлантириш масаласида қатор муаммолар мавжуд. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори кўринишида маош олаётган футболчида ўзининг ойлик чиқимларини қоплаш билан боғлиқ қийинчиликлар бор. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳамда Ўзбекистон футболчилари уюшмаси ҳамкорликда Ўзбекистон футбол ассоциациясига мазкур масалада қўшма таклиф киритди. Ҳар уч ташкилот ҳамкорликда якдил қарор қабул қилгунига қадар, Лига меҳнатга ҳақ тўлашнинг беш баробар миқдоридан кам бўлган меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказмайди”, дейилади манба хабарида.
Параллель равишда “Футболчилар мақоми ва трансфери бўйича регламент”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш устида иш олиб борилмоқда. Тез орада бу масалада ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлади. Бунда профессионал футболчи мақоми қайта кўриб чиқилади. Шунингдек, машғулот компенсацияси ва шу билан боғлиқ масалалар янада аниқроқ кўринишда тартибга солинади ҳамда келишиш учун FIFA'га тақдим этилади.
Ўзбекистон Осиёнинг энг қиммат 3-терма жамоасига айланди
Абдуқодир Ҳусанов ва Аббосбек Файзуллаевнинг трансфер нархи сезиларли даражада ошиши натижасида Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг энг қиммат 3-жамоасига айланди. Бу ҳақда “Transfermarkt” хабар берди.
Ҳозирга келиб, "оқ бўрилар"нинг трансфер қиймати 48,1 миллион еврога етди. Сречко Катанец шогирдлари бу борада Эрон терма жамоасини ортда қолдирди. Форслар терма жамоасининг умумий қиймати 47,9 миллион еврони ташкил этмоқда.
289 миллион евролик қиймат билан Япония терма жамоаси Осиёнинг энг қиммат жамоаси бўлиб турибди. 2-ўринни банд этган Жанубий Корея терма жамоасининг нархи эса 163,8 миллион еврога баҳоланган.
Ўзбекистонлик боксчи рақибини тишлагани учун Осиё чемпионлигидан маҳрум бўлди
Яқиндагина Таиландда бўлиб ўтган бокс бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатининг -71 кг вазнида олтин медални қўлга киритган ўзбекистонлик Ҳавасбек Асадуллаев финалда қозоғистонлик рақибини мағлуб этган бўлса ҳам, жангда қилган қоидабузарлиги учун дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Осиё бокс конфедерацияси хабар берди.
Маълум бўлишича, Аблайхон Жусуповга қарши жанг қилган Асадуллаев IBA ўйин қоидаларининг 21.1.8 банди бўйича таснифланган ҳаракатни амалга оширган, яъни ўзбекистонлик боксчи эпизодлардан бирида рақибини тишлаб олган, бу вазият эса ҳакам томонидан эътиборсиз қолдирилган.
Қозоғистон бокс федерацияси эса ҳолат юзасидан эътироз билдириб, Осиё бокс конфедерациясига хат йўллади ва ташкилот Қозоғистон томонининг эътирозини ижобий ҳал қилди.
Қозоғистон бокс федерацияси юборган норозиликдан сўнг Осиё чемпионатининг техник вакили Сади Даффи Асадуллаевни жангдаги жиддий қоидабузарлиги учун дисквалификация қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Асадуллаевга тайинланган чеклов қанча муддат амал қилиши маълум эмас.
Бокс қоидаларининг 19.8.1 бандига кўра, боксчи бирор сабабга кўра дисквалификация қилинса, унинг рақиби жанг ғолиби деб эълон қилинади.
Конфедерация муваққат президенти Азиз Кожамбетов Асадуллаев дисквалификация қилинганидан кейин қозоғистонлик Аблайхон Жусуповни 71 кг вазн тоифасида ғолиб эканини эълон қилди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон эркаклар бокс терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги медаллари сони 1 тага камайди ва олтин медаллари сони 7 тага тушиб қолди.
Генетик можарога сабаб бўлган Хелиф Google'да энг кўп қидирилган спортчи бўлди
Google қидирув тизими фойдаланувчиларнинг интернетдаги сўровлари асосида 2024 йил якунларини сарҳисоб қилди ва натижаларга кўра барча спортчилар орасида машҳурлик бўйича биринчи ўринни гендер тестлари можароси билан танилган 25 ёшли жазоирлик Олимпия чемпиони Иман Хелиф эгаллади.
Бу борада Хелиф бу борадаги рейтингда 1-поғонани банд этган бўлса, америкалик афсонавий боксчи Майк Тайсон бу борада 2-ўринни эгаллади. Кучли учликка Барселона футболчиси Ламин Ямаль якун ясаб берди.
2024 йилда Google'да энг кўп қизиқишга сабаб бўлган спортчилар:
- Имон Хелиф – Жазоирлик бокс бўйича 2024 йилги Олимпия ўйинлари чемпиони;
- Майк Тайсон – афсонавий америкалик боксчи;
- Ламин Ямаль – “Барселона” клубининг ёш ва иқтидорли испаниялик футболчиси;
- Симоне Билес – америкалик гимнастикачи, етти карра Олимпия чемпиони ва 23 карра жаҳон чемпиони;
- Жейк Поль – ноябрь ойида Майк Тайсонни мағлуб этган америкалик спорт блогери ва профессионал боксчи.
Қайд этиш жоиз, Хелиф 2023 йилда Ҳиндистонда бўлиб ўтган Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) Жаҳон чемпионатида гендер тестидан ўта олмаганди. Шунингдек, Тайван вакили Лин Ютинг ҳам ўша чемпионатда худди шундай синовдан ўта олмаган, бироқ Халқаро Олимпия қўмитаси ҳар икки спортчининг 2024 йилги ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этишини маъқуллади ва Хелиф 66 кг вазн тоифасида Париж Олимпадасида олтин медални қўлга киритди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь