Сайловолди жараёнида қонунбузарлик бўлдими? Олий суд раиси жавоб берди
Жамият
−
24 Октябрь 2021
4491Сайлов олди ташвиқот жараёни бошлангандан буён, яъни 20 сентябрдан шу кунга қадар сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнида ахборот ва ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ қоидабузарлик учун бирон-бир шахс маъмурий жавобгарликка тортилмаган. Бу ҳақда Олий суд раиси Козимжон Комилов сайлов жараёни бўйича ташкил этилган брифингда маълум қилди.
Козимжон Комиловнинг қўшимча қилишича, фуқароларнинг сайлаш ёки сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини, ишончли вакилларни ўз ваколатларини эркин амалга оширишларида зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш орқали тўсқинлик қилиш билан боғлиқ жиноят ишлари ҳам судларнинг иш юритувига келиб тушмаган.
“24 июлдан 14 октябрга қадар сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашиш, қарорларини ижро этмаслик, номзоднинг, ишончли вакилининг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш, ёлғон маълумотлар тарқатиш, сайловни молиялаштириш тартибини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишлар судларга келиб тушмаган”, дея қўшимча қилди Олий суд Раиси Козимжон Комилов.
Маълумот учун, Ўзбекистон президентлиги учун сайловда овоз бериш соат 20:00 да якунланади. Соат 15:00 ҳолатига жами сайловчиларнинг 64,2 фоизи ёки 12 748 549 нафари овоз бериб бўлди.
LiveБарчаси