“Ҳеч бир давлат рақамли фашизмдан ҳимояланган эмас”. Эрдўған Турк дунёсига чақириқ билан чиқди

Олам

image

Ҳеч бир мамлакат ёки жамият, қанчалик ривожланган бўлмасин, рақамли фашизмнинг ҳалокатли таъсиридан ҳимояланган эмас. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбул шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий тилли давлатлар медиа форуми иштирокчиларига йўллаган видеотабригида сўз очди. 

“Бугунги кунда, ижтимоий тармоқлар оммалашгани сари бутун инсоният тез-тез ёлғон ахборот оқимига дуч келмоқда. Ёлғон хабарлар миллионлаб ҳимоясиз одамларнинг ҳаётини қорайтириб юбормоқда ва бутун дунё жиддий оғриқ ҳамда драмани бошдан кечиряпти”, дейди Эрдўған.

Туркия Президентининг қўшимча қилишича, назоратсиз қолган медиа давлатларнинг миллий хавфсизлигига ҳам таҳдид солмоқда.

“Ҳеч қандай назорат ва ўзини ўзи бошқариш имкони бўлмаган ижтимоий медиа каналлари бугун демократияга ҳам, ижтимоий барқарорликка ҳам, давлатларнинг миллий хавфсизлигига ҳам таҳдид сола бошлади”, дейди давлат раҳбари. 

Шунингдек, Эрдўған қанчалик ривожланган бўлмасин, ҳеч қайси давлат рақамли фашизмдан ҳимояланмаганини таъкидлади.  

“Рақамли фашизмдан ташқари, Туркий дунё халқаро оммавий ахборот воситаларининг икки томонлама стандартларидан азият чекмоқда. Айниқса, Тоғли Қорабоғдаги 44 кунлик уруш давомида кузатилган иккиюзламачилик ушбу муаммони ҳал қилишнинг мамлакатларимиз учун муҳимлигини кўрсатди. Бу жараёнда Арманистон армияси томонидан тинч аҳолига қилинган қирғин ва баллистик ракета ҳужумлари ҳеч қачон тилга олинмаган”, дейди Туркия Президенти. 

Унинг сўзларига кўра, Тоғли Қорабоғдаги уруш вақтида халқаро оммавий ахборот воситалари гўёки ОАВнинг мустақиллиги ва холислиги ҳақида гапириб, Арманистоннинг расмий ахборот агентлиги сифатида ишлаган. 

“Қорабоғ уруши мамлакатларимиз ва Туркий дунёга тегишли фактларга қарши матбуот эмбаргосининг биринчи ва охирги намунаси эмас”, дейди Эрдўган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22-24 октябрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар медиа форуми бўлиб ўтмоқда. Халқаро форумда Ўзбекистон делегациядан QALAMPIR.UZ интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан 2019 йил Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

186

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг