“Шевроле, шевроле” – “UzAutoMotors” устидан энди қозоқлар ҳам куляпти

Жамият

image

Ўзбекистонда аҳолининг миллий автомобилларни сотиб олиш учун узундан-узун навбатда туриши Қозоғистон оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди.

“Хабар 24” нашри Ўзбекистонда ҳозирги кунда автомашина сотиб олишни истаган одамлар 30 мингтага етганини, пулини тўлаб қўйган одамлар ярим йил кутиб турганда машина ишлаб чиқарадиган “UzAutomotors” АЖ Тожикистонда савдо марказини очганини таъкидлаган.

“Ўзбеклар ўзининг машинасини минолмаяпти. Chevrolet автомошинасини сотиб олиш учун ўз навбатини уч ойдан олти ойгача кутиши керак. Навбат учун 30 мингача етди”, дейилади қозоқ нашри эфирида.

“Хабар 24” стритарт йўналишида ижод қилувчи InkuzArt мамлакатда автомобиль саноати монополлашганини кўрсатувчи асар яратганини, бироқ бу йўқ қилинганини қўшимча қилган.

“Мазкур масалани стритарт йўналишида ижод қилувчи InkuzArt расм орқали ҳал қилмоқчи бўлди. Лекин қўлидан келмади. Ушбу расмларни бир кун ўтиши билан ободонлаштириш бўлими ўчириб ташлади. Ўзбекларнинг бу каби ҳолатлардан жаҳли чиқсада лекин камера олдида, ҳеч нима дея олмади”, дейди нашр мухбири.

Шундан сўнг, журналист маҳаллий ишлаб чиқарувчининг мижозлари билан суҳбатлашган. Улардан бири Damas олиш учун навбатини бир йил кутиши кераклигини айтган.

“Damas олишга боргандим 10-15 кунда олиб кетишингиз мумкин, навбатингиз 500-600 ўринда дейишди. Кейинги куни борсам, сизнинг навбнатингиз кейинги йил келади деди”, дея аҳволни тушунтирган шахси очиқланмаган суҳбатдош.

Машина ололмай сарсон бўлаётган бошқа бир мижоз компания машинани Ўзбекистон аҳолисига етказа олмаётганда, Тожикистонда ҳам савдо офиси очганидан норози бўлган.

“Салонга бориб, машина олмоқчи бўлсанг, навбатинг келаси йил келади, дейишади. Сабабини сўрасак, машина кам чиқяпти дея баҳона қилишади. Ўзбекистон ўз аҳолисига машина етказа олмаётган бир пайтда, компания Тожикистонда ўз фаолиятини бошлаб, машина сотмоқда”, дейди мижоз.

Қозоқ нашри вазият юзасидан “Ўзавтосаноат” АЖ матбуот котиби Зумрад Шожалиловадан изоҳ олган.

“Бу масала бизга боғлиқ эмас. Бутун дунёда COVID-19 туфайли компаниялар ёпилди ва шу сабабли ҳам Ўзбекистонга машиналар учун микросхемаларнинг кириб келиши секинлашди. Заводларимизда машиналар чиқиши камайган бўлса ҳам, лекин тўхтамади. Тожикистонда дилерлик марказимизни очдик. Микросхемаларнинг танқислиги қачон тугашини олдиндан айта олмайман”, дейди компания вакили.

Қайд этилишича, коронавирус пандемияси туфайли автомобиллар учун микросхемаларнинг танқислиги 23 фоизга кўтарилган.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида Тошкентда автомобиль саноатидаги монополияга бағишланган стрит пайдо бўлганди. Бироқ қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган сурат кўп ўтмай ўчиртириб ташланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2532

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг