Жигар трансплантацияси ўзбек шифокорлари томонидан илк бор мустақил амалга оширилди

Жамият 6078
image

Ортотопик жигар трансплантацияси амалиёти ўзбек шифокорлари томонидан илк бор мустақил амалга оширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди

Қайд этилишича, ушбу мураккаб операция Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари томонидан амалга оширилган.

“Бунга қадар  ўзбек-рус ва ўзбек-ҳинд қўшма жарроҳлари 8 та ортотопик жигар трансплантациясини ўтказган бўлиб, бу галги операция мамлакатимиз тиббиёти тарихига ўзбек мутахасислари томонидан мустақил амалга оширилган илк жигар трансплантацияси сифатида муҳрланди”, дейилади ССВ хабарида. 

Маълум қилинишича, операция 10 соатдан ортиқ вақт давом этган. Унда Бухоро вилоятининг Ромитан туманидан келган жигар циррози билан хасталанган бемор — 38 ёшли А. Р.га 42 ёшли акаси Б. Р.нинг жигаридан бир бўлак кўчириб ўтказилган. Ҳозирда беморларнинг аҳволи яхши, донор палатага олинган.

“Синглим кўп йиллардан бери шу дард билан оғриб, вақти-вақти билан муолажа қилиб юрарди. Дастлаб туманимизда, сўнг Бухоро шаҳрида кўп марта даволанди, лекин фойдаси бўлмади. Шундан сўнг, имтиёзли ордер олиб, ушбу шифохонага келдик. Ҳозир ўзимни анча яхши ҳис қиляпман. Айниқса, синглимнинг аҳволи яхши эканидан, оғир дарддан халос бўлганидан жуда ҳам хурсандман. Шифокорлар менга икки кундан сўнг жавоб беришаркан. Уларнинг айтишича, жигарим 2 ҳафтада ўзини тиклаб олар экан. Опрецияда иштирок этган барча шифокор ва ҳамшираларга ўз миннатдорлигимни билдираман”, дейди донор ака. 

Беморнинг сўзларига кўра, у ушбу касаллик билан 6 йилдан бери курашиб келган.

“Бу касаллик менда 6 йил аввал бошланган эди. Айниқса шу йил аҳволим жуда оғирлашди, танам шишиб кетди. Тошкентга келиб, тиббий текширувлардан ўтганимдан сўнг, шифокорлар бу касалликни даволашнинг бирдан-бир йўли трансплантация эканини айтишди. Операциядан чиққанимга 4 кун бўлди. Ҳозир анча яхшиман. Кеча бир-икки қадам юрдим, бугун ҳам кроватим атрофини айланмоқчиман”, дейди сингил.

Операцияга бошчилик қилган жарроҳнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда жигар циррози билан оғрийдиган беморлар бугунги кунда ҳар минг кишига 5-6 нафарни ташкил этади.

“Жигар циррози билан оғрийдиган беморлар бугунги кунда юртимизда ҳар минг кишига 5-6 нафарни ташкил этади. Жигар циррозининг асосий давоси бу — жигар трансплантациясидир. Шу жумладан, энг кўп трансплантациялардан бири яқин қариндошлар орасида амалга оширилади”, дея таъкидлади операцияга бошчилик қилган жарроҳ, профессор Миршавкат АКБАРОВ.

Хабарга кўра, бугунги кунда камида йилига 40-50 нафар ўзбекистонлик жигар трансплантацияси учун хориж давлатларига бормоқда. 

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 255
Рейтинг: 2.9
t
×