Инфляция иқтисодиёт учун хавфми?
Таҳлил
−
27 Июль 2021
12793Агар давлатда нархлар доимий равишда ўсиб борётган бўлса, демак мамлакатда инфляция ҳам ўсиб бормоқда.
Инфляция нимага боғлиқ ва нархлар кўтарилмаслиги учун нима қилиш керак?
Инфляция – бу товарлар ва хизматлар нархларининг умумий даражаси доимий равишда ўсиб боришидир. Ушбу жараёнда баъзи товарларнинг нархи сезиларли даражада ошиши, бошқалари арзонлашиши ёки умуман ўзгармаслиги ҳам мумкин.
Дунё мамлакатларининг аксарият қисми, шу жумладан Ўзбекистон ҳам инфляция даражасини қуйидагича аниқлайди. Бунда давлатлар “истеъмол саватчаси” деб аталмиш маҳсулотларни ўртача одам ёки оиланинг доимий равишда сотиб оладиган маҳсулотлар, товарлар ва хизматлар тўпламига нисбатан аниқлайди.
Ушбу “истеъмол саватчаси”да 500 га яқин товар ва хизматлар мавжуд бўлиб, унга озиқ-овқат, кийим-кечак, коммунал хизматлар, маиший техника, автоуловлар ва ҳоказолар киради. Шунинг учун инфляция даражасини аниқлашда аҳолининг ўртача қисми олинади.
Истеъмол савати мамлакат барча аҳолисининг ўртача истеъмолини акс эттиради. Одамлар кўпинча ушбу истеъмол саватга кирувчи товарларнинг бир қисмини сотиб олишади: нон, сабзавот, гўшт, бензин... Автомобиль камдан-кам ҳолларда сотиб олинади, аммо бу харажатлар нон, сабзавот ва гўштга сарфланадиган харажатлар билан таққослаганда жуда катта. Шунинг учун “истеъмол саватчаси” қимматбаҳо таварлар билан эмас, балки бирламчи маҳсулотлар масалан, турли хизматлар, нон, сабзавот, гўшт, ва шу каби товарлар билан ўлчанади. Ушбу шартли сават нархи ойма-ой ўзгариб туради. Бундай ўзгариш инфляция дейилади.
Дарҳақиқат, инфляция ҳар доим нархларнинг кўтарилиши ҳисобланади. Пас инфляция жараёнида нархлар жуда секин кўтарилади, аммо барибир ўсиб боради. Инфляциянинг пасайиши, “истеъмол саватчаси”даги товар нархлари ўтган йилларга қараганда секинроқ ўсиб боришини англатади.
Инфляциянинг қандай турлари мавжуд?
Пас инфляция – бу йилига 6% гача бўлади. Бундай инфляция бир меъёрда, муқобил бўлиб, истеъмолчилар учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам қулайдир. Масалан Фиджи оролларида инфляция даражаси 0% тенг. Жорий йилнинг июнь ойидаги маълумотлар кўра, инфляция даражаси энг паст бўлган давлатлар – Швейцария (0,9%), Австралия (1,1%) Хитой (1,1%) бўлмоқда.
Қайд этилишича, инфляция даражаси 6% гача бўлган давлатларда иқтисодиёт ривожланишига имкон яратади. Айнан аксарият мамлакатлар шундай даражада инфляцияни ушлаб туришга ҳаракат қилади.
Ўртача инфляция – йилига 6% дан 10% гача. Бу хавфли жараён бўлиб, ушбу даража назоратдан чиқиб, юқори инфляцияга айланиши мумкин.
Юқори инфляция – йилига 10 дан 100% гача. Бу давлатнинг ички бозорида беқарорликни келтириб чиқаради, одамлар ва йирик компаниялар ўз келажагини режалаштира олмайди. Чунки иқтисоднинг беқарорлиги боис қайси товар ва маҳсулот, хизматнинг нархи қай даражада ошиши ёки тушиш ҳақида аниқ тўхтам мавжуд бўлмайди. Жорий йилнинг 15 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфляция даражаси 10,9 % ташкил қилмоқда. Демак Ўзбекистон инфляциянинг яқори поғонасига, таъбир жоиз бўлса, хавфли даражасига кўтарилиб улгурган. Шунингдек, қўшни давлатларда йиллик инфляция даражаси қуйидагича:
• Қозоғистон 7,9%;
• Тожикистон 8,2%;
• Туркманистон 10%;
• Қирғизистонда 14,2%.
Дунё бўйича энг юқори инфлация Венесуэлада бўлиб, у 60% ни ташкил қилган.
Инфляциянинг энг хавфли тури – бу Гиперинфляция бўлиб, бунда нархлар юзлаб ва минглаб фоизга кўтарилади, айниқса, оғир ҳолатларда одамлар пулдан воз кечиб, ибтидоий жамоа тузуми каби ўзларига зарур бўлган товарлар ва хизматларни айирбошлаш қилишга ўтишади. Одатда гиперинфляция оғир инқирозлар ва урушлар пайтида юз беради.
Инфляциянинг яна бир тури бу дефляция бўлиб, бу салбий инфляция ҳисобланади. Яъни Марказий банк бераётган расмий маълумотларда инфлияция миқдори паст кўрсатилса ҳам бозордаги вазият буни рад этади. Товарлар ва хизматлар нархи кўрсатилган инфлияция даражасидан анча юқори бўлади.
Дефляция иқтисодиётнинг ривожланишини тўхтатади. Истеъмолчилар таварлар ва хизматлар янада арзонлашади, деган умидда маҳсулот сотиб олишни тўхтатишади. Бу эса аҳвол янада оғирлашишига, иқтисоднинг таназзулга учрашига, ялпи ички маҳсулотнинг кам ишлаб чиқарилишига олиб келади.
Инфляция кўплаб сабабларга кўра кўтарилиши мумкин:
• Талабнинг ортиши. Одамлар тўсатдан маълум бир маҳсулотни кўпроқ сотиб олишида намоён бўлади. Масалан, олдин мобил телефонлар арзонлашган даврда, ҳамма уяли алоқа воситасидан фойдаланишга талаби ортди. Бунда уяли алоқа операторлари юқори талабга зудлик билан мослашишга улгурмаслиги табиий. Шунинг учун мобил алоқа нархлари жуда юқори эди. Ҳар қандай дефицит товар ёки хизмат нархларнинг тез ўсишига олиб келади. Лекин кейинчалик уяли алоқа операторлар қўшимча қувватга эга бўлгандан сўнг, нархлар пасайишни бошлади.
• Таъминотни қисқартириш. Масалан, агар талаб юқори бўлиб, лекин товар ва хизматларда таклифнинг пастлиги, яъни ҳосил етишмаслиги, чет эл товарларини олиб киришда чекловлар мавжудлиги, шунингдек бозорда айрим монополистларнинг яккаҳокимлиги туфайли инфляция даражаси ортиб бориши мумкин. Бу ҳам нархларнинг ўсишини тезлаштиради. (Бунга мисол тариқасида Ўзбекистонда GM Uzbekistan маҳсулотларига нисбатан талабни келтириш мумкин.)
• Миллий валютанинг қадрсизланиши. Агар чет эл валюталарининг курси кўтарилса, импорт қилинадиган товарлар автоматик равишда қимматлашади. Бу ҳам инфляциянинг ўсишига олиб келади.
Юқори инфляция нега хавфли?
Юқори инфляция иқтисодиёт, бизнес ва молиявий бозорлар ва албатта, мамлакат аҳолиси учун жуда салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Одамлар молиявий депрессияга туша бошлайди. Шунинг учун улар пулдан тезда халос бўлишни, уни имкон қадар тезроқ сарфлашни, қимматбаҳо товарлар, кўчмас мулкка сармоя киритадилар ва чет эл валютасини сотиб олишга шошиладилар. Бу эса товарларнинг нархлари ошишига олиб келади.
Одатда, юқори инфляцияни тезлашаши ёки паслашишини олдиндан прогноз қилиш қийин. Шунингдек, инфляция, айниқса, аҳолининг доимий даромадга эга бўлмаган қатламига жиддий ва салбий таъсир кўрсатади. Чунки, аҳолининг бой қатлами тўпланган даромади, тадбиркорлик фаолияти, депозитлар бўйича фоизлар олиши ёки молиявий бозорга сармоя киритиши орқали ўзларини инфляциядан тўлиқ ёки қисман ҳимоя қилиш усулларига эга бўлади. Шунинг учун халқаро экспертлар инфляцияни камбағалларга нисбатан қўшимча солиқ, деб ҳисоблайди.
Нархларни кўтармаслик учун уларни музлатиб қўйиш мумкинми?
Нархларни маълум даражада белгилаш – яхши қарор. Аммо иқтисодиётга бундай сунъий аралашув талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликнинг кучайишига олиб келади. Музлатилган нархларда танқислик юзага келади. Бундан ташқари, товарлар сифати тобора ёмонлашиб бораверади, муқобил ва юқоридан кўрсатиб ўтилган ноқулай нархларни ушлаб туриш учун ишлаб чиқарувчилар сифатни қурбон қиладилар.
Айнан шу сабабларга кўра бозор иқтисодиёти шароитида нархларни давлат эмас, балки бозор белгилаши керак.
LiveБарчаси