Қиз бола ҳам юрти шарафини ҳимоя қилиши мумкин — Саида Мирзиёева олимпиячи аёллар ҳақида

Жамият

image

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этаётган ўзбекистонлик аёл спортчилар ҳақида фикрларини билдирди.

“Токиодаги Олимпиаданинг бокс мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган Турсуной Раҳимова ҳамда даст кўтариш машқида янги Олимпия рекордини ўрнатиб, мусобақанинг якка пешқадамига  айланган оғир атлетикачи Муаттар Набиеванинг ютуқлари кўнглимни фахр ва қувончга тўлдирди.

Беихтиёр Самарқандда қизларнинг оталарига қилган мурожаатимни эсладим. Ўшанда қиз фарзанд дунёга келган оилаларда  ҳеч қачон афсус билан “майли энди, Худо хоҳласа, кейингиси ўғил бўлар” деган гаплар айтилмаслигини тилагандим. Қиз бола ҳам ота-онасига тиргак бўлиши, уларнинг умидини оқлаши, номини оламга ёйиб, юрти шарафини ҳимоя қилиши мумкин. Турсуной билан Муаттар бунга яққол намунадир”, дейди Саида Мирзиёева.

У сўзида давом этиб, бу спортчилар каби инсонлар қизларнинг ўзларига бўлган ишончини оширади, бошқалар ҳам орзу-умидларини рўёбга чиқариши, исталган соҳада мутахассис сифатида шаклланиши, ҳам севимли иши, ҳам шахсий ҳаётда бирдек бахтли бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилади, дея таъкидлади.

Саида Мирзиёева Оксана Чусовитина Токио Олимпиадасидаги иштироки билан катта спортдаги фаолиятини якунлаганини эълон қилганига ҳам тўхталган.

“Бугун ўзбек ва жаҳон спорти афсонаси, гимнаст Оксана Чусовитина спортдаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди.

Барчамиз севимли спортчимизнинг Токио Олимпиадасидаги иштирокини ҳаяжон билан кузатдик. У финалга чиқа олмаган бўлса-да, биз учун номи Олимпиада ўйинлари тарихида умрбод қоладиган ғолибдир.

Оксана Чусовитина бизнинг ҳамюртимиз эканидан фахрланамиз. У ёш спортчиларимиз, умуман, ёшларимиз ўрнак олиши, тенглашиши лозим бўлган қаҳрамондир. Оксанага ҳаётининг янги поғонасида омад тилаб қоламан”, дейди Саида Мирзиёева.

Маълумот учун, Оксана Чусовитина Олимпия ўйинларида иштирок этиш бўйича Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Фаолияти давомида Олимпиада, Жаҳон ва Европа чемпионлигини қўлга киритган. 2016 йилда жаҳон рейтингида биринчи ўринга қадар кўтарилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

61

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг