“Комплаенс-назорат” тизими ўрнатилган вазирлик ва идораларда қанча коррупцион ҳолат аниқланди?

Жамият 4780
image

Охирги пайтларда вазирлик ва идораларда “комплаенс назорат”, деган янги термин тез-тез такрорланиб, янги тизим ишга тушгани ҳақида хабар берилмоқда. Шу ўринда аҳоли орасида ва ҳатто баъзи давлат ташкилотларнинг ўзида ҳам ушбу тизим ҳақида бир қанча саволлар юзага келмоқда.

“Комплаенс-назорат бу қандай тизим?”

Хабарингиз бор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2020 йил 27 июль куни ўтказилган йиғилишда вазирлик ва идораларда “Хуфиёна иқтисодиёт ва коррупцияга қарши мувофиқлик (комплаенс назорат) тизими”ни жорий этиш вазифаси юклатилган эди. Шунга асосан, коррупция хавфи юқори деб топилган 26 та вазирлик ва идораларда ҳамда давлат улушига эга бўлган 10 та тижорат банкида “Яширин иқтисодиёт ва коррупциянинг олдини олиш” бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб тасдиқланди.

Шунга мувофиқ, Агентлик тузилмасида Коррупциянинг олдини олиш ва “комплаенс назорат” тизимини жорий этиш бошқармаси ташкил этилган бўлиб, мазкур бошқарма давлат идоралари ва ташкилотларида коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизимини жорий этиш ва фаолиятини мувофиқлаштириб ҳамда унинг ижроси устидан назоратни амалга ошириб келмоқда.

Коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) – давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда банклар фаолиятини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этилишини таъминловчи, коррупция хавф-хатарлари ва манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш, қонун бузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш каби қатор профилактик чораларни ўзида мужассам этган самарали тизимдир.

Шунингдек, ушбу самарали тизмни самардорлигини ошириш, амалда ижросини таъминлаш учун албатта вазирлик ва идораларга бир қанча ташкилий вазифаларни юклайди. Дарҳақиқат, ушбу тизмдан оқилона фойдаланиш, коррупцион йўналиш ва муҳитни аниқлаш, ҳамда уларни олдини олиш давлат ташкилотлар тизмини ишга туширишда асосий рол ўйнайди. Лекин шунга қарамай Агентлик томонидан “Йўл харитаси”да амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ижроси ўрганилганда, қатор вазирлик ва идораларда олиб борилаётган ишлар қониқарсиз ташкил этилганлиги аниқланган.
Масалан, “Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Транспорт, Молия вазирликларида, Марказий банк,  Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигида вазифаларнинг ижроси таъминланмаган ёки қониқарсиз даражада деб топилган.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишда муҳим ҳисобланган мазкур профилактик тизимнинг Тошкент шаҳар, Тошкент вилояти ҳокимликлари марказий аппарати ҳамда Чилонзор ва Янгийўл туманларида жорий этиш ишлари анча олдин бошланган бўлса-да, ушбу тизим ҳали ҳамон самарали ташкил этилмаган.

Агентлик томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, Тошкент вилояти ҳокимлиги фаолиятида 111 та коррупцион хатарлар аниқланган. Шундан 96 таси (86 фоиз) юқори, 14 таси (13 фоиз) ўрта ва 1 таси паст даражадаги коррупцион ҳатарлардир. Бу каби ҳолатлар қурилиш соҳасида давлат буюртмасини танлов асосида жойлаштириш ва унинг бажарилишини назорат қилиш функцияси, ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ерларни танлаш, ажратиш ва хусусийлаштириш, инвестиция лойиҳаларини мувофиқлаштириш ва мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш, давлат мулкини хусусийлаштириш, экспорт дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда кадрлар захирасини шакллантириш, кадрларни танлаш ва ишга жойлаштиришда кузатилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Матбуот хизматининг хабарига кўра Коррупцияга қарши вазирлик ва идораларда ташкил қилинган “комплаенс-назорат” орқали 2021 йилнинг 1-ярим йиллигида:

Соғлиқни сақлаш вазирлигида:

• 133 та муассасалардаги ўрганиш натижасида 17 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган;
• Шундан 4 млрд. сўм бюджетга қайтарилди, 13 млрд. сўмлик 60 та ўрганиш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилган;
• 28 млрд. бюджет маблағларининг мақсадсиз ва ортиқча сарфланишининг олди олинган;

Ўтказилган хизмат текшируви, ўрганиш ва мониторинглар натижасига кўра, тизимдаги 83 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, 29 нафар мансабдор шахс ишдан олинди, 127 нафар шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Хусусан, Онкология марказининг Тошкент шаҳар филиалида 2 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланган, жиноят иши очилган ва раҳбари лавозимидан четлатилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Ўсмирлар диспансерида эса 1 млрд сўмга яқин, Республика тери-таносил касалликлари клиник касалхонасида 300 млн сўмдан ортиқ  бюджет  ва бюджетдан ташқари  маблағларнинг ноқонуний харажатлари аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида вазирликнинг “Комплаенс-назорат” бўлими томонидан шу кунга қадар жами 48 млрд 678 миллион сўм молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.

Олиб борилган ўрганишлар натижаларига кўра, тизимда ўз лавозим вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги, ноқонуний пул йиғимлари, бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаш ёки талон-торож қилиш, ноқонуний иш хақлари тўланиши, “ўлик жонларга” иш хақи берилиши юзасидан 342 нафар мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, 37 нафар масъул мансабдорлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 5 минг 763 нафар шахсларга нисбатан профилактик тадбирлар амалга оширилди.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги тизимида коррупцион ҳаракатлар натижасида жиноий жавобгарликка тортилгандан кейин ҳам, ўз хизмат фаолиятини юритиб келаётган жами 42 нафар ходимлар мавжудлиги аниқланиб, уларнинг айбдор деб топилган 37 нафари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Давлат божхона қўмитаси тизимида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда ходимлар томонидан ножўя ҳаракатлар содир этилишига чек қўйиш мақсадида 143 нафар ходим бошқа лавозимга, 29 нафар ходим бошқа ҳудудий бошқармаларга навбатдан ташқари ротация қилинган.

Юқорида келтирилган рақамлар вазирлик ва идораларда ташкил этилган “комплаенс назорат” тизимининг фойдали эканидан далолат. Лекин фақат ушбу тизимни жорий қилиш эмас, унинг ижросини таъминлаш энг муҳим масала ҳисобланади. Шунингдек, тизим  энг аввало ташкил этилган вазирлик ёки идоралардан холи, холис, адолатли бўлиши лозим. Агар тизим қайсидир бир давлат ташкилотига бўйсунадига бўлса, унда назорат йўқолишига, бюрокаратия авж олишига, коррупция ҳолатининг яширин қолишига олиб келади.

Шоҳрух Олимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 65
Рейтинг: 3.1
t
×