АҚШ Лукашенко танқидчисини ушлаган Беларусь расмийларига жазо тайинлади
Олам
−
25 Январь 2022
5376АҚШ Федерал прокуратураси 2021 йил 23 май куни “Ryanair” авиакомпаниясининг Афина (Греция) – Вильнюс (Литва) йўналишида 4978-рақамли рейс билан учган самолётини Беларусь Республикаси устидан ўтаётганда учоқ бортида бомба борлиги ҳақидаги ёлғон маълумот билан атайлаб Минск аэропортига қўнишга мажбур қилган Беларусь ҳаво навигация хизмати ходимларига маъмурий жазо тайинлади.
Федерал прокуратура қароқчилик ҳаракатлари учун Беларусь ҳаво навигацияси агентлиги директори Леонид Чуро, “Белаэронавигация” Республика ҳаво навигациялар хизмати унитар корхонаси раҳбари ва яна учта Беларусь расмийсига жазо белгилади.
Беларусь ҳаво навигация хизмати ходимларининг самолётни қўндириш учун ёлғон маълумот беришига сабаб самолёт бортида бўлган Беларусь ҳукаматининг ашаддий танқидчиси, журналист, 26 яшар Роман Протасевични ҳибсга олиш бўлган.
Айблов ҳақида батафсил маълумотларни ошкор қилган Қўшма Штатлар Адлия вазирлигига кўра, шахсан Леонид Чуро самолёт бортида портловчи модда борлиги ҳақида хабар бериб, самолётни зудлик билан Минск аэропортига қўндиришни буюрган.
Воқелар ривожи Минск аэропортида Беларусь Президенти Александр Лукашенко ҳақида шов-шувли хабарлар тарқатган журналист Роман Протасевич ва унинг севгилиси ҳибсга олиниши билан якунланади.
Протасевич 2020 йил Беларусь президентлигига ўтказилган сайловларда Александр Лукашенконинг номзодини расмий тан олмасликка даъват қилган чиқишлари билан омма эътиборига тушган.
У Лукашенко режимига қарши тўхтовсиз айбловлар уюштирган “Nexta” Telegram’ каналининг асосчиси ҳисобланади.
Ҳибсга олинганидан сўнг, у Беларусь суди томонидан сайловдан кейинги оммавий тартибсизликларни уюштиртганлик ва халқни қўзғалонга ундаганликда айбдор деб топилган.
2021 йил июнь ойида Протасевич Беларусь телевидениесида кўриниш бериб, барча тартибсизликларни ўтказишда айбдорлигини тан олган.
2021 йил декабрь ойида эса унинг жазоси ёпиқ тартибли қамоқдан уй қамоғига ўзгартирилган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси