Отаси томонидан қатл этилган шаҳзодалар ёхуд Чингизхон ўғлини нега ўлдиртирган?

Бу қизиқ

image

“Ҳокимият жон билан олинади, қон билан суғорилади”.
Николло Макиавелли

Ўтмиш тарихда ўз фуқароларига шафқатсиз муносабатда бўлган ҳукмдорлар кўп учрайди. Аммо тарихнинг шундай кўринмас саҳифалари борки, унда ўз пушти камаридан бўлган фарзандини ўлимга ҳукм қилган подшоҳларни ҳам учратиш мумкин. Бугунги мақоламизда ўз ўғлини ўлдиртирган ҳукмдорлар ҳақида сўз юритамиз.

Шафқатсиз Чингизхон

Буюк мўғул империясининг асосчиси, моҳир саркарда, Чингизхон ўзининг тўнғич ўғли Жўжини ов вақтида пинҳона ўлдиртириб юборади. Жўжининг ўлдирилиши ҳақида тарихчилар турлича фикр билдиришади. Баъзилар, Жўжи хоқоннинг тўрт ўғлони орасида энг қобилиятлиси бўлганини ёзиб қолдирган. Лекин, у гўзал рафиқасининг қўлида қўғирчоқ бўлиб, унинг таъсиридан чиқа олмаган. Шу боис, Чингизхон ўғлини салтанат ишларидан четроқ юришини истаб, ўлимга ҳукм этган, деган фикрни билдиришади. 

Бошқа тарихчилар эса, Чингизхон найманлар билан жанг қилаётган вақтида Жўжининг онаси Бўрта Кўчин найманларга асир тушиб қолади. Чингизхон найманларни тор-мор келтириб, рафиқасини озод этганида, Бўрта Кўчин ҳомиладор бўлган. Шундан сўнг, тез орада Жўжи дунёга келган. Фарзандининг отаси ўзи эканига шубҳа қилган Чингизхон у катта бўлгач, ов вақтида пинҳона равишда қотилларни юбориб, тўнғич ўғли Жўжини ўлдиртирган, дея ёзишади.

Жўжи ов вақтида яраланган қўлоннинг орқасидан қувишга қизиқиб кетиб, писиб келаётган қотилни сезмай қолади ва бевақт ўлим топади. Чингизхон ўғлининг ўлими тўғрисидаги хабарни эшитиб, сир бой бермайди. Аксинча, мотамсаро кимса қиёфасига кириб, “Агар кимда-ким Жўжининг ўлгани ҳақида хабар тарқатса, унинг оғзига қўрғошинни эритиб қуяман!” деб дўқ уради. 

Орадан бир қанча вақт ўтгач, дўмбирасини кўтарган бир бахши хоқон ҳузурига кириб келади. Мотам тутиб ўтирган Чингизхонга қараб “Чўлоқ қулон – Жўжихон” номли термасини дона-дона оҳангда куйлай бошлайди. Ғамгин мусиқа узоқ давом этади. Бундан ғазабланган Чингизхон “менга Жўжининг ўлимини эслатган бу бахшининг оғзига қўрғошин қуюлсин!”, деб амр қилади. 

“Шошманг, хоқоним!”, деб хитоб қилади бахши. “Ўғлингизнинг ўлими тўғрисида мен эмас, манови дўмбира эслатди. Унинг оғзига қўрғошин қуйиш керак!”, дейди. Сўз ўйинида мағлуб бўлган Чингизхон шунда мусиқа асбобини жазолашдан бошқа чора топа олмайди.

Сулаймон Қонуний

Туркия тарихининг асосини ташкил этувчи Усмонийлар сулоласи не-не султонларни, не-не шаҳзодаларни кўрмади. Бироқ уларнинг орасидан бармоқ билан санарлиларигина тарих зарварақларига ўз исмини ўчмас ҳарфлар билан бита олди. Шулардан бири, Усмонийлар империясининг 10-султони Сулаймон Қонуний эди. Айнан у ҳозирги Истанбул (Константинопол)ни забт эта олган султон Меҳмеднинг қонунларига жиддий ўзгартиришлар киритди. Унинг бошқарув даврида империя сарҳадлари анчайин кенгайди. Сулаймон Венгрия, Босния ва Герцагавина, Ғарбий Грузия, Ливиянинг бир қисмини босиб олади. У империяни 46 йил давомида бошқариб, 48 минг километрдан ортиқ ҳудудни отда босиб ўтди. Аммо Сулаймон империя тахтини шунчалар севардики, уни ҳеч кимга ишонмасди. Шу боис катта ўғли шаҳзода Мустафони Эрон ҳукмдори шоҳ Тахмасп I билан алоқаси бор деган шубҳа туфайли 1553 йилда қатл эттирган.

Баъзи тарихчилар шаҳзода Мустафонинг қатл этилишида малика Хуррамнинг қўли борлигини таъкидлашади. Хусусан, Султон Сулаймон Эронга қарши юриш бошлаганида Бош Вазир Рустам пошо шаҳзода Мустафога отасининг армиясига қўшилишни таклиф қилади. Шу вақт оралиғида Рустам пошо султон Сулаймонга шаҳзода Мустафо Сафавийлар билан тил бириктириб, бу ерга келиб султонни тахтдан ағдармоқчилигини айтади. Мустафо Рустам пошонинг таклифини қабул қилиб, отасининг қўшинига қўшилиш учун йўлга чиқади. Сулаймон эса буни фитна деб ўйлаб уни қатл этишни буюради. Мустафо отаси билан учрашгани чодирга кирганида, қўриқчилар томонидан ўлдирилган. 

Халқ шаҳзода Мустафони бўлажак султон сифатида билар эди. Шу боис, Хуррам ва Рустам пошони, ҳатто, султон Сулаймонни бу адолатсиз қатл учун айблашган. Лекин бошқа тарихчилар бўлса, ҳақиқатан ҳам шаҳзода Мустафо Сафавийлар билан тил бириктиргани ҳақида маълумот беришган.

Буюк Пётр I

Пётр I бутун бошли қолоқ Россияни қайта оёққа турғазиб, уни катта кучга эга бўлган империяга айлантира олган ҳукмдор ҳисобланади. Подшоҳ бўлгач, шахсан ўзи Голландияга йўл олади ва у ерда Пётр дурадгор номи билан кема қурилишини ўрганади. Лекин Россия императорининг оиласи билан бир нечта муаммолари бўлган. Хусусан, Пётрнинг рафиқаси Эвдокия ўқимишли бўлмагани учун мамлакатдаги ислоҳотларга қарши эди. Пётр I Эвдокияга бўлган муносабати туфайли ўғли Алексей билан жуда оз вақт ўтказган. Ёш шаҳзоданинг тарбияси билан эса асосан онаси шуғулланган. Алексей улғая борган сари отасини ёмон кўриб, ўзининг келажаги учун таҳдид деб ҳисоблай бошлади. Шаҳзода Венага қочиб кетади ва у ерда душман билан тил бириктириб, отасини тахтдан ағдармоқчи бўлади. Охир-оқибатда Алексей 1718 йил отасининг буйруғи билан қатл этилади.

Шоҳ Аббос

Эрон давлатчилик тарихида энг муҳим ҳукмрон сулолалардан бири сўзсиз Сафавийлар сулоласи ҳисобланади. Сулоланинг машҳур ҳукмдорларидан бири шоҳ Аббос бўлиб, у 1586 йил тахтга ўтирган. Шоҳ Аббос мамлакатини қулашдан сақлаб қолди ва Сафавийларнинг минтақадаги обрўсини анчайин юксалтирди. Унинг етти нафар ўғли бўлиб, афсуски уларнинг барчаси бевақт ўлим топади. Хусусан, 1615 йилда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад Бакир мамлакатдаги черкезлар билан фитнада гумонланиб отаси томонидан қатл этилади. 1621 йилда Аббос бетоб бўлиб тўшакда ётиб қолган вақтда, шоҳнинг учинчи ўғли Муҳаммад Мирзо саройнинг аксар амалдорларининг қўллаб-қувватлаши билан ўзини шоҳ деб эълон қилади. Аммо тез орада Абосс ўзига келгач, ўғли Муҳаммад Мирзонинг кўзига мил тортишларини буюради. Шундай вазият бешинчи ўғли Имонқул Мирзо билан ҳам содир бўлади. Шоҳ Аббосининг тўрт фарзанди олдинроқ вафот этгани сабабли набираси Софи I ни тахт вориси этиб тайинлайди. 

Иван IV Грозний

Иван IV Грозний бутун Руснинг улуғ князи, 1537 йилдан эътиборан биринчи рус подшоси ҳисобланади. Шафқатсизлиги учун халқ уни “Грозний” – даҳшатли лақаби билан атаган. Иван Грознийнинг 8 та хотини бўлиб, уларнинг аксарияти саройда ўлик ҳолатда топилган. Айримлари эса монастирга жўнатилган. Шафқатсизлиги билан донг таратган Иван IV 1552 йил Қозон хонликларини ва 1556 йил Астраханни босиб олиб, Россияни ўрта аср қолоқ давлатидан қудратли империяга айлантира олди.

Золим ҳукмдор бир куни ҳомиладор келинини тўғри кийинмагани учун калтаклайди, бу эса ҳомиланинг тушишига олиб келади. Бундан жаҳли чиққан шаҳзода Иван Иванович отаси билан уришиб кетади. Ғазабланган Иван Грозний қўлидаги ўткир асо билан ўғлининг бошига қаттиқ уриб, уни ўлдириб қўяди. Кейинчалик бу воқеа рус реалист рассоми Иля Репин томонидан 1883-1885 йилда тасвирланган.

Тарих хотираларида ҳокимият учун ўз фарзандини ўлимга ҳукм қилган ҳукмдорлар кўплаб топилади. Аммо тарихда отасининг қотилига айланган ўғиллар ҳам йўқ эмас. Кейинги мақоламизда айни шу ҳақда маълуот берамиз. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

760

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг