Уйқусиз тунлар бошланди: карантиндан омон чиққан Евро-2020 башоратлари

Спорт

image

Бугун, 11 июнь куни Италия пойтахти Рим шаҳрида футбол бўйича 2020 йилги Европа чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Мусобақа Италия ва Туркия терма жамоалари ўртасидаги учрашув билан бошланади.

Барча томонлар, жумладан ҳомийлар билан имзоланган шартномаларни ҳисобга олган ҳолда, УЕФА Евро-2020 турнири форматини ўзгартирмасликка қарор қилди.

2012 йилда мусобақани 12 та шаҳарда ўтказиш таклифи берилганди ва шу тариқа мусобақа ташкил топганининг 60 йиллигини нишонлаш мақсад қилинди. Бироқ, коронавирус туфайли Дублин дастлаб мусобақа учрашувларини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди (ўйинлар Лондон ва Санкт-Петербург ўртасида бўлинган) ва Билбаодаги ўйинлар Севильяга кўчирилди.

Учрашувлар қаерда бўлиб ўтади?

Барча ўйинларга томошабинлар киришига рухсат этилади. Чунки, бу ўйин ўтказишни истаган шаҳарлар учун зарур шарт эди. Шу билан бирга, кўплаб мамлакатлар вакцина билан эмланмаган мухлислар ёки Европа Иттифоқи мамлакатларидан бўлмаган ишқибозлар ўйинларга киритилмайди. 

Асосий ўйингоҳ 90 минг томошабинга мўлжалланган “Уэмбли” стадиони (Лондон) бўлади. Унда финал, ярим финал, иккита 1/8 финал ва гуруҳ босқичи ўйинлари бўлиб ўтади. Стадионнинг 25 фоизини мухлислар билан тўлдиришга рухсат берилган.

Очилиш учрашуви Римдаги “Олимпико” стадионида бўлиб, бу ер 70 634 томошабинга мўлжалланган. Унда гуруҳ босқичи ва чорак финал учрашувлари ўтказилади.

Мюнхендаги “Аллианц Арена”, Бакудаги “Олимпия” ва Санкт-Петербургдаги “Газпром Арена” ўйингоҳлари гуруҳ босқичи ва чорак финал учрашувларига мезбонлик қилади.

Копенгагендаги “Паркен”, Будапештдаги “Ференц Пушкаш”, Амстердамдаги “Амстердам Арена”, Бухарестдаги “Миллий стадион”, Глазгодаги “Ҳапден Парк” ва Севилья шаҳридаги “Олимпия” стадионларида эса гуруҳ ва 1/8 финал босқичи ўйинлари ўтказилади.

Венгрияда стадионни 100 фоизга, Баку ва Санкт-Петербургда 50 фоизга, қолган ареналарни эса 22 фоиздан 33 фоизгача мухлислар билан тўлдиришмоқчи.

Турнир формати

Европа чемпионатига чиққан 24 та жамоа ҳар бири 4 тадан иборат 6 гуруҳга бўлинган.

Гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар ҳамда учинчи ўринларни эгаллаган тўртта энг яхши жамоа плей-оффга йўл олади (1/8 финал). Ушбу босқичда мағлуб бўлган жамоалар мусобақани тарк этади. Финал жорий йилнинг 12 июлига белгиланган.

Евро-2020: гуруҳлар ва иштирокчи терма жамоалар

А гуруҳи: Туркия, Италия, Уэльс, Швейцария
Б гуруҳи: Дания, Финляндия, Бельгия, Россия
C гуруҳи: Голландия, Украина, Австрия, Шимолий Македония
Д гуруҳи: Англия, Хорватия, Шотландия, Чехия
Э гуруҳи: Испания, Швеция, Полша, Словакия
Ф гуруҳи: Венгрия, Португалия, Франция, Германия

Қоидалардаги ўзгартиришлар

Евро-2020 ВАР тизимидан фойдаланилган биринчи Европа чемпионати бўлади.

Қолаверса, пандемия туфайли жамоалар рўйхатидаги футбочилар сони 23 тадан 26 тагача кенгайтирилди. Шу билан бирга, ҳар бир учрашув учун аризада 23 нафардан кўп бўлмаган футболчи бўлиши ва дарвозабонлар 3 нафардан кўп бўлмаслиги керак.

Учрашув давомида беш футболчини алмаштиришга рухсат берилади. Ва қўшимча вақтдан бошлаб олтинчи футболчини ҳам ўзгартириш мумкин бўлади.

Ғолиблик учун даъвогар терма жамоалар

Англия

Англия терма жамоаси турнир ғолиблиги учун асосий даъвогар жамоалардан бири. Сўнгги йилларда инглиз футболчилари ўзларини ҳар томонлама кўрсата олишди ва ҳар бир чизиқда рақобат юқори даражада.
Дарвозабонлар Дин Хендерсон ва Жордан Пикфорд мавсумни яхши ўтказишди. Шу сабабдан мураббий Гарет Саутгейт ҳалигача асосий посбон масаласида бир тўхтамга келгани йўқ.  Мутахассис 26 футболчидан иборат якуний таркибга 4 нафар ўнг қанот ва марказий ҳимоячиларни жалб қилди. Асосий футболчилардан бири Гарри Магуайрнинг жароҳати дастлабки турларда жамоанинг зарарига ишлаши мумкин. 

Майдон маркази Жордан Хендерсон, Деклан Райс, Жуд Беллингхем, Жек Грилиш ва Мейсон Маунт сингари футболчиларга ишониб топширилган.

Ҳужумкор ярим ҳимоя позициясида ҳам рақобат жуда кучли: Фил Фоден, Рахим Стерлинг, Маркус Рэшфорд, Жейдон Санчо ва Букайо Сака. Бош мураббий асосий таркиб футболчиларини танлашда қийинчиликка дуч келиши табиий ва бу жамоанинг фойдасига хизмат қилади. Жамоа сардори Харри Кейн эса, асосий ҳужумчи бўлиш учун Доминик Калверт-Льюин билан рақобатлашади.

Россияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида ярим финалга қадар етиб борган Англия терма жамоаси Европа чемпионатида зафар қучишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Испания

Сўнгги йилларда испан футболи ўз даражасини тиклай олмаяпти. Авлодлар алмашинуви даври терма жамоа учун ҳам, маҳаллий клублар учун ҳам оғир кечмоқда. Натижалар ҳам буни тасдиқлайди. Бироқ ҳали-ҳамон таркибда бир қатор юқори даражали футболчилар йўқ эмас.

Родри, Тиаго Алькантара, Коке, Фабиан Руис, Дани Ольмо, Пабло Сарабия ва Маркос Льоренте каби футболчилар Луис Энрикенинг ярим ҳимоядаги ишонган “тоғлари”. Шунингдек, ҳужумчилар Ферран Торрес, Адама Траоре ва Микель Оярсабаль қанотларда асосий вариант сифатида танланди. Альваро Мората ва Жерар Морено мусобақа давомида Испания терма жамоасининг марказий ҳужум чизиғи учун жавобгар.

Эмерик Ляпорт ва Пау Торрес марказий ҳимояда ўйнашлари кутилмоқда, Эрик Гарсия уларнинг ўрнини   тўлдиради. Сесар Аспиликуэтанинг бир ўзи ўнг қанот ҳимоячи сифатида таркибга жалб қилинган, бироқ Диего Льорентенинг тезкорлиги ва кўп қирралилиги уни марказий ва ўнг қанот ҳимоясида ўйнай олишига сабаб бўлади. Чапда Хосе Гайя ва Хорди Альба номзодларидан бири асосий таркибга киритилади.

Дарвоза Давид Де Хеага ишониб топширилса, ажаб эмас. Чунки унинг даражасидаги посбон терма жамоа таркибида йўқ.

Испания ҳар доим жамоавий футбол эвазига натижаларга эришган. Асосан ёш футболчилардан иборат “Қизил фурия” тартибли футболи билан асосий совринни ўзиники қилиб олиши ҳам мумкин.

Бельгия

Айни пайтда асосан фахрийлардан иборат Бельгия терма жамоаси ҳимояда кўпроқ ёшлардан фойдаланиши мумкин. Тоби Алдервейрелд, Ян Вертонген, Томас Вермален ва Дедрик Боята – буларнинг барчаси тажрибали футболчилар, аммо уларнинг энг яхши даврлари ортда қолди. 

Бироқ, Бельгия таркибида булардан ташқари юқори даражали футболчилар бор ва уларга Роберто Мартинес жамоасининг “умид шамчироқлари”сифатида қаралмоқда. Тимоти Кастань, Тома Менье, Насер Шадли ва Янник Карраско қанотларда, Кевин Де Брюйне, Юри Тилеманс, Аксел Витсел, Ханс Ванакен, Леандер Дендонкер ва Деннис Прат каби футболчилар ҳужум ортида ҳаракат қилишади.

“Интер”даги чемпионлик мавсумидан сўнг, Ромелу Лукаку ҳужумдаги асосий номзод бўлиб турибди. Унинг ўрнини Кристиан Бентеке ва Миши Батшуайилар тўлдира олади. Бундан ташқари, Мартинес ихтиёрида Эден ва Торган Азар, Дрис Мертенс, Жереми Доку ва Леандро Троссард бор. Тибо Куртуа эса, жамоанинг энг асосий дарвозабони ҳисобланади. 

Шубҳасиз, Бельгия Эден Азарнинг олдинги спорт формасига қайтишига умид қилади, чунки жамоа сардори сифатида кўп нарса унга боғлиқ.

Португалия

Евро-2016 ғолиблигидан сўнг, Португалия термаси сезиларли даражада кучайди. Криштиану Роналду ва Андре Силва ажойиб мавсумни ўтказишди, ҳозир ҳам улар жуда яхши спорт формада. Криштиану Португалия сафида 104 та гол урган ва терма жамоалар миқёсида энг кўп гол киритган Али Дайининг рекордини (109 гол) мусобақа давомида янгилашга уриниб кўради. 

Бернардо Силва, Жоау Феликс, Диого Жота ва Рафа Силва мураббий Фернанду Сантушга ҳужум ишончли қўлларда эканлигини исботлаш учун ҳаракат қилишади.

Бруно Фернандеш ҳужумчи ортида ўзини сувдаги балиқдек ҳис қилади. У голлар уриш ва аниқ пас бериш бобида ҳам беназир. “Спортинг”да порлаётган Педро Гонсалвеш бу чизиқда унга рақобат қилади.

Сержио Оливейра, Хуан Палинья, Гонсало Гедеш, Данилу Перейра, Жоау Моутинью, Рубен Невеш ва Ренату Саншеш шу қадар ажойиб ярим ҳимоячиларки, ҳатто, инглизлар ҳавас қилса арзийди. 

Пепе ва Рубен Диаш асосий марказий ҳимоячилардир. Жозе Фонте уларнинг ўрнида ҳаракат қилади. Ўзининг энг яхши мавсумини ўтказган Жоау Канселу ва аввалги даражасини тиклай олмаётган Нелсон Семеду Португалия терма жамоасининг ўнг қанотида рақобатлашади.

Чап қанот ҳимоячилари Рафаэль Геррейру ва Нуну Мендеш истеъдод бобида бир-бирларидан қолишмайди, бироқ гап тажриба ҳақида кетганида, Рафада имконият кўпроқ.

Руи Патрисио аввалги мусобақанинг энг яхши дарвозабони деб топилган ва ҳалигача ўша даражасини йўқотмаган.

Португалия ҳеч қачон бу қадар кучли таркибга эга бўлмаган ва ғолибликка асосий даъвогарлар қаторида эътироф этилмаган эди. Мамлакат футболининг сўнгги йиллардаги ривожи, асосий терма жамоанинг натижалари яхшиланишига сабаб бўлди. Шунинг учун, аввалги ғалаба тасодиф эмаслигини исботлаш фурсати етди.

Франция

Франция амалдаги Жаҳон чемпиони сифатида мусобақанинг энг асосий фаворити сифатида эътироф этилмоқда. Бу сафарги таркиб ҳар доимгидан-да кучли. Ҳатто, асосий жамоа сафидан ўрин ололмаган футболчилардан ҳам кучли жамоа тузиш мумкин.

Карим Бензема олти йиллик танаффусдан сўнг таркибга жалб қилинди. Жароҳати сабаб бир неча кун машғулотларда қатнаша олмаслиги маълум бўлди. “Монако” таркибида ажойиб мавсумни ўтказган Виссам Бен Йеддер ва “Челси”нинг ЕЧЛдаги асосий тўпурари Оливье Жиру эса, захира вариантлари сифатида қаралаётган эди. 

Килиан Мбаппе ва Антуан Гризманн асосий футболчилардир. Шунингдек, қанотларда Кингсли Коман, Усмон Дембеле, Тома Лемар ва Маркус Тюрам каби бир-бирларининг ўринларини тўлдира оладиган “вингер”лар мавжуд. 

Майдон марказида “Олтин тўп”га асосий номзод сифатида қаралаётган Нголо Канте, Пол Погба билан бирга ҳаракатланиши кутиляпти. Мусса Сиссоко, Адриан Рабьо ва Корентен Толиссо ярим ҳимоянинг марказида захира вариантлари бўлишади.

“Хўрозлар”нинг ҳимояси ҳам ажойиб футболчиларга тўла: Рафаэль Варан марказда Жюль Кунде ёки Преснель Кимпембе билан тандемда ўйнаши мумкин. Клемен Лангле ва Курт Зума ҳам ўз имкониятларини кутишади. Бенжамен Павар ва Лео Дюбуа ўнг, Люка Эрнандес ҳамда Люк Динь чап қанот ҳимоясига жавобгар футболчилардир. 

Бундай таркибга эга жамоа билан рақобат қилиш жуда қийин бироқ футбол сенсацияларга бой. Барча саволларга аниқ жавобни мусобақа якунида билиб оламиз.

Ҳумоюн Орипов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг