Судларнинг оқлов ҳукмида ижобий инқилоб бўлдими?

Таҳлил

image

Суд томонидан чиқарилаётган ҳукм шахсни қайта тарбиялаш, келгусида ушбу жиноятни қайта содир этмаслик, жамиятга ва фуқароларга хавф туғдирмаслик, ҳамда жиноят учун жазо муқаррарлигини англаб етиши учун тайинланади. Судланаётган шахс ҳар доим ҳам жазога тортилмаслиги, аксинча у оқланиши ҳам мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг “Судлар ҳукми тўғрисида”ги пленум қарорида “Ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги, далиллар қонунга зид равишда олинганлиги сабабли улар далил ҳисобланмаслиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги тўғрисидаги шубҳани бартараф қилишнинг имкони йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлади”, деб таъкидлаб ўтилган. 

Юқорида келтириб ўтилган таъриф бир қанча соволларни келтириб чиқаради. Нега шахс айнан судга келиб оқланиши керак, нега тергов жараёнининг ўзидаёқ қисман бўлса-да ҳақиқат қарор топиши керак эмас, нега Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган ҳолатлар, яъни жиноий ҳодисанинг ёки жиноят таркибининг бўлмаслиги, жиноят содир этилишига шахс дахлдор эмаслиги тўғрисидаги асослар  аниқланган тақдирда, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки прокурор жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор чиқариш ўрнига, аксинча, бир қанча асоссиз айбловларни келтириб жиноят ишини судга ошириши керак?

Агар шахс суд якунида оқланса, яъни айбсизлиги исботланса, унда тергов органлари томонидан суруштуривлар, тўпланган далилларнинг муқобиллиги масаласи қаерда қолади? Тергов жараёнида тўпланган далиллар, маълумотлар ва суруштирув жараёнлари натижасида қисман бўлса-да ҳақиқиат юзага келиши учун хизмат қилиши зарур. Лекин суд якунида шахснинг тўлақонли айбсиз деб топилиши ва оқланиши тергов органлари томонидан ҳақиқатни юзага келишида етарли далиллар ва маълумотлар тўплай олмаганлиги, ҳамда жиноятни нотўғри квалификация қилганлигидан далолат беради. 

Дарҳақиқат, охирги пайтларда тергов органлари томонидан жиноятни нотўғри квалификация қилиш, шахсга нисбатан жиноятга дахлдор бўлмаган бир қанча айбловларни қаторлаштириб қўйиш, шахснинг айбсизлик презуциясига риоя қилмаслик, унинг қонуний ҳуқуқлари бузулиши тез-тез учраб турибди. Масалан, Тошкент вилояти собиқ бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдашева ва сурхандарёлик блогер Отабек Сатторийнинг жиноят ишлари бўйича тергов органлари томонидан қўйилган айбловларнинг бир қанчаси суд томонида бекор қилингани ва тергов процессини олиб борган терговчиларга нисбатан суд томонидан хусусий ажрим чиқарилгани юқоридагиларга яққол мисол бўла олади. Тергов органлариннинг бундай хатоларини тўғрилаш ва шасхни айбсиз деб топиш масаласи судлар зиммасига тушмоқда.

“QALAMPIR.UZ” ўтган давр мобайнида ва йиллар кесимида Судлар томонидан қанча оқлов ҳукми чиқарилганини билиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Олий судига сўров хати юборганди. 

Олий суд томонидан берилган маълумотга кўра, 2016 йилга қадар яъни 2007-2016 йиллар мобайнида жами 138 нафар шахс оқланган. Шунингдек, ушбу кўрсатгич 2016 йилдан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев даврида тез суратларда юқорилагани эътиборлидир. Шу жумладан, 2017-2020 йилларда  2770 нафар шахс (йиллар кесимида):

•  2017 йилда – 263; 
•  2018 йилда – 867;
•  2019 йилда – 859; 
•  2020 йилда – 781 нафар шахс оқланган.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида оқланган шахслар 170 нафардан ошган.

Шу ўринда англиялик машҳур ҳуқуқшунос Уильям Блекстоун “битта айбсиз жавобгарликка тортилгандан кўра – юзта айбдор очиқда юргани афзал” деган эди.

Маълумот ўрнида, Жиноят-процессуал кодексининг 462-моддасига мувофиқ, суд айблов ёки оқлов ҳукми чиқариши мумкин. Шунингдек, ЖПКнинг 23-моддасида назарда тутилган айбсизлик презумпцияси принципи ҳукм турини аниқловчи мезон сифатида эътироф этилиш лозим.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг