Исроил Бош вазири суд қилинмоқда. Унинг курсиси қимирлаб қолди

Олам

image
0:00
0:00
download

Бугун, 5 апрель куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Қуддусда бўлаётган суд якунини кутмасдан зални тарк этди. Нетаньяху бир қатор моддалар билан коррупцияда айбланмоқда. Бу ҳақда “Times of Israel” хабар берди.

Маълум қилинишича, Нетаньяху қарийб 40 дақиқа суд жараёнида қатнашган. У 15 дақиқалик танаффус эълон қилинганида, давлат прокурори нутқидан сўнг судни тарк этган. Аввалроқ Нетаньяхунинг адвокатлари суддан Бош вазирни тингловларда шахсан қатнашиш заруриятидан озод қилишни сўраган.

Хабарга кўра, прокурор Лиат Бен-Ари ўзининг кириш сўзида Нетаньяху “шахсий мақсадларига эришишда ҳокимиятдан фойдаланганини” айтган. Прокурорга кўра, Нетаньяху ўз ваколатини суиистеъмол қилиб, оммавий ахборот воситаларини ўз манфаатлари йўлида вазиятни бошқача ёритишга мажбур қилган. Лиат Бен-Ари, шунингдек, айблов тўғридан-тўғри ва билвосита кўплаб далилларга асосланганлигини таъкидлаган.

Маҳаллий ОАВга кўра, бир неча ўнлаб намойишчи суд биноси ёнида тўпланган. Улар қўлида “жиноятчи вазир”, деб ёзилган баннер кўтариб олиб, Бош вазирнинг истеъфосини талаб қилмоқда. Шунингдек, суд олдига Нетаньяху тарафдорлари ҳам келган. Улар бўлса, Нетаньяху раҳбарлик қиладиган Ликуд партиясининг рамзини кўтариб олган.

Бу Исроил Бош вазири шахсан иштирок этган учинчи тинглов эди. Кейинроқ унинг ўзи ушбу жараёнлар хусусида баёнот бериши кутилмоқда.

Бундан ташқари, бугун мамлакат Президенти Реувен Ривлин Исроил [бир палатали парламенти бўлган] Кнессетига сайловлардан ўтган партия раҳбарлари билан маслаҳатлашув ўтказмоқда. Улар йиғилишда Президентга кимни Бош вазирликка номзод сифатида кўраётганини айтиши ва қўллаб-қувватлаши керак.

Маслаҳатлашув натижасида Исроил Президенти ҳукуматни шакллантиришни қайси сиёсатчига ишониб топшириш бўйича қарор чиқаради.

Нетаньяхуга қўйилган айбловлар учта алоҳида ишга бўлинган. Уларнинг энг ичида энг жиддийси “4000 иши” номи билан танилган бўлиб, унда Бош вазир порахўрлик, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилганликда айбланмоқда.

Нетаньяху “1000 иши” деб номланган айбловда Бош вазир сифатида тақдим этиши мумкин бўлган баъзи бир имтиёзлар эвазига ишбилармонлардан совғалар олганликда гумон қилинмоқда.

“2000 иши” бўйича эса Нетаньяху “Едиот ахронот” газетаси эгаси Арнон Мозес билан тил бириктирганликда гумон қилинмоқда. Терговга кўра, рақиб нашрга зарар етказиш ҳақидаги ваъда эвазига газета вазир тўғрисида ижобий материалларни чоп этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

232

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг