Ўзбекистонда ўз обрўси ва статусини ўйлаган ижодкорлар хор бўлиб ўлиб кетган – Аҳад Қаюм
Интервью
−
30 Март 2021
23412Ўзбекистонда ўз обрўси ва статусини ўйлаган кўплаб ижодкорлар хор бўлиб ўлиб кетган. Бу ҳақда шоир, режиссёр, актёр, продюсерликка даъвогар Аҳад Қаюм QALAMPIR.UZ’нинг “Жим туринг” лойиҳасига берган интервьюсида сўз очди.
Журналист Нозима Воҳидова Аҳад Қаюмга “Бугунги қора пиарларингиз обрўйингизга путур етказмаяптими?” деган савол билан мурожаат қилди. Замонамиз “қаҳрамон”ининг жавоби эса қуйидагича бўлди:
“Мен бу ҳақда ўйламайман. Тўғрисини айтсам, ўз обрўси, ҳурмати асраган ва статусини ўйлаган кўп ижодкорларнинг жудаям хор бўлиб ўлиб кетганини кўрдим”.
Нозима Воҳидова суҳбат давомида Аҳад Қаюмнинг фикрларига кескин қарши чиқди ва масаланинг диний жиҳатларига тўхталди. Журналистнинг фикрича, умрининг охирида қандай вафот этиш инсоннинг ижтимоий келиб чиқишига эмас, балки тақдир битигига боғлиқ.
“Моддий томондан бизнинг ижодкорларда қийинчилик кўп. Булар кадр ортида”, дейди Аҳад Қаюм.
Аҳад Қаюм ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида “1 миллиард”, “навбатдаги видеомурожаатим” каби жумлаларни ишлатиш орқали атай асабга тегадими ё унга шу пулларни таклиф қилаётганлар борми?
“Мени концертларда ярим соат чиқиб беришим учун 100 миллион сўм сўрашим, аслида катта пул эмас. Бирор концертга чиқиб берсам ёки бирор корхонанинг рекламасига тушиб берсам, дейлик улар 1 млрд фойда қиладиган бўлса, мен 200 миллион сўм сўрашим нотўғри эмас. Ўзим ҳам бизнесдаман. Бугун оддий ўзбек ижодкори бу пулни қўлига ушолмаяпти. Санъаткорларнинг ўзи ҳам менга “сен нима деяпсан”, деб гапиришяпти. 1 миллиард учун “сен жиннимисан”, деганлар бўлди. 1 миллиард сўм 95 минг доллар бўляпти. Бугунги кунда бу пулга Тошкент шаҳрида нима қилиш мумкин? Ё 3-4 хонали квартира олиш мумкин, ё бирор яхши автомобиль олишингиз мумкин, ё дўкон очишингиз мумкин. Бундан ортиғини қилолмайсиз. Бу пул билан ҳаётимизда жуда катта шаклда ўзгариб кетмайди. Бир ўзбек актёри, режиссёри ёки продюсерининг ойига 100-200 минг доллар топишига оддий қараш керак. Бу пулни сенга ким беради деяверган сари актёрларнинг нархи тушиб кетаверади. Аксинча, 500-300 минг долларлик актёрлар пайдо бўлиши керак. Мен бундан ҳам кўп пул топаман”, дейди Аҳад Қаюм.
У сўзида давом этаркан, бир кунда 7-8 тагача рекламага тушаётгани ва ошиғи олчилигини айтади. Бироқ, Аҳад Қаюм қилаётган ишлари орқали жамиятга келтираётган “фойдаси” ҳақида гапириш истамади.
Аҳад Қаюм иштирокидаги "Жим туринг" лойиҳасини тўлиқ юқоридаги видеоплеерда QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь