Иситилмаган тиббиёт пункти, кўрсатилмаган изолятор-Жазони ижро этиш колониясида вазият қандай?
Жамият
−
06 Март 2021
6847Хабарингиз бор, ҳибсхоналарда асоссиз қийноқлар амалга оширилиши ёки маҳкумларга руҳий босимлар ўтказилиши, овқатланиш рационидаги маҳсулотлар талаб даражасида эмаслиги тўғрисидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда ҳар доим муҳокамалар марказида бўлади. Шу сабабли Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсман ҳузуридаги "Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм" доирасида жамоатчилик ва ОAВ вакиллари билан биргаликда мунтазам равишда жазони ижро этиш муассасаларига инсон ҳуқуқларининг таъминланишини назорат қилиш учун мониторинг ташрифлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 4 март куни Омбудсман ҳамда ОAВ вакиллари иштирокида Тошкент вилоятидаги 24-сонли вояга етмаганлар учун ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясига инсон ҳуқуқларининг таъминланиши борасида мониторинг ташриф амалга оширилди. Ушбу ташриф давомида маҳкумларнинг яшаш, ўқиш ва зарур бўлганда тиббий кўрикдан ўтиш шароитлари мутахассислар томонидан бевосита ўрганилди.
Жами 15 гектар майдонга эга бўлган колонияда айни дамда жами 53 нафар маҳкум жазо муддатларини ўтамоқда. 2020-йилдан то бугунга қадар 49 нафар вояга етмаган шахснинг жазо муддати тугаб озод этилган. Ёши 18 дан ошган маҳкумлар эса ўз хоҳишига асосан катталар колониясига жўнатилган. Шу вақт давомида жазони ўташ муассасаси 56 нафар янги маҳкум билан тўлдирилган. Колониядаги маҳкумларнинг 4 нафари 15 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Маҳкумларни кўриш учун келган ота-оналари ва яқинлари учун махсус 6 та хона ажратилган бўлиб, унда зарур шарт-шароитлар яратилган.
“Икки соатли учрашувга келади кўпроқ. Чунки ётоқхонага озиқ овқат олиб келиши керак. Шу томондан қийналишадими деб ўйлайман. Шунинг учун болаларни ўзи ҳам келманглар деб айтади. Бир ойда икки марта икки соатли учрашув амалга оширилади, икки ҳафтада бир марта телефон орқали гаплашишади." Жазони ўташ муассасасида маҳкумларнинг яқинлари билан учрашув вақти 3 кун этиб белгиланган. Aммо Пандимея шароитини ҳисобга олган ҳолда бугунги кунда муассаса томонидан 1 суткага рухсат берилади”, дейди 24-сон жазони ижро этиш колонияси бошлиғи подполковник Шоира Одилова.
Колония бошлиғига кўра видео учрашув тури ҳам мавжуд, лекин ҳозирги кунга қадар ота-оналар томонидан ушбу учрашув турига ҳеч қандай аризалар қабул қилинмаган. Ёки ота-оналар бундай имконият борлигидан бехабар.
Жазони ижро этиш муассасасида кутубхона мавжуд бўлиб у ерда турли китобларга кўзимиз тушди. Шу билан бирга диний-маърифий китоблар ўқиётган маҳкумлар сони ҳам анчагинани ташкил этади.
Шу ўринда муассаса бошлиғи подполковник Шоира Одиловага маҳкумларга ибодат учун рухсат берилганми ёки бу борада тақиқлар мавжудми дея савол бердик. У баъзи шартлар асосида ибодат қилишга рухсат берилишини таъкидлади.
“Aгар кун тартибига риоя қилинса ҳеч қандай монеълик йўқ. Ҳали ҳеч қайси боламиз номоз ўқийман деб мурожаат қилмади. Диний-маърифий ва рўйхатдан расмий ўтган китобларимиз бор”, деди Шоира Одилова.
Маҳкумлар хавфсизлигини таминлаш учун ётоқхонанинг биринчи қаватига муқаддам судланганлар, иккинчи қаватига эса биринчи марта судланган шахслар жойлаштирилган.
18 ёшдан ошган маҳкумлар учун Б тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳнасини берувчи махсус ўқув курслари ташкил этилган бўлиб бугунга қадар 25 нафар маҳкум ўз ҳайдовчилик гувоҳномасига эга.
Жазони ижро этиш муассасасининг ўз қонун қоидалари бор, ва шу тартибларга ҳар бир маҳкум бўйсуниши шарт. Aфсуски бу қоидаларни тан олмайдиган ўзбошимча маҳкумлар ҳам учраб туради.
Муассасада махсус изолятор хоналари ҳам мавжудми?
Жамшид Султонов, ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи: — Aлбатта мавжуд. Бу қонунчиликда ҳам назарда тутилган. Яратилган шароитлардан, ўзининг ҳуқуқ ва эркинликларидан тўғри фойдаланмаётган, ўрнатилган кун тартибини бузган, қонунчиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс билан белгиланган тартиббузарлик содир этган маҳкумлар албатта амалдаги қонунчилик бўйича жавобгарликка тортилади.
Рўзимурод Бердиев, мухбир: — Демак бошқалардан ажратилади?
Ж.С: — Бу жазо турларига боғлиқ. Бу ҳайфсан, бу дейлик интизомий жазо тури бўлган 5 суткагача камерага қамаб қўйишдир. Бу жиноят кодексининг 105-моддасида назарда тутилган.
Р.Б.: — Негадир бизга ўша хоналар кўрсатилмади?
Ж.С: — Ҳозирги кунда у ерда бирорта ҳам маҳкум сақланмаётгани туфайли, менимча кирмасдан ўтиб кетдик. Колония қандай “ремонт” бўлган бўлса, у ерда ҳам барча шароитлар таёрлаб қўйилган.
Жазони ўташ муассасасига бўлган ташрифимиз давомида Маҳкумларнинг соғлиғи назорат қилиб бориладиган Тиббиёт пунктини ҳам кўздан кечирдик. У ерда бир нафар маҳкум стационар тарзда даволанаётганига, яна бир нафар маҳкум эса унга қараётганига гувоҳ бўлдик. Бемор ётган хона нисбатан совуқ ва у ерда соғ одам ҳам танасини эркин тута олмайди.
Шунда Тиббиёт пункити шифокоридан стационар хона нега совуқлигини сўрадик. Шахси очиқланишини хоҳламаган шифокор кўп ҳам фойдаланилмайдиган ва кераксиз жойлар иссиқлик таъминотидан узиб қўйилишини таъкидлади. Шунингдек, хоналардаги ҳарорат 19 даражани ташкил этяпти ва бу нормал ҳисобланишини қўшимча қилди. Аммо бироздан кейин камера қаршисида айтганиларига изоҳ беришга ҳаракат қилди.
Рўзимурод Бердиев, мухбир: — Ҳозир гувоҳи бўлдикки, ичкаридаги иситиш қувурлари яхши ишламайди. Бемор маҳкумга қараётган соғлом болани ҳам касал қилиб олмаймизми?
24-сон вояга етмаган шахслар учун ихтисослаштирилган колония шифокори: — Бизда “отопленя” ҳар доим ишлаб турибди. Онда сонда касаллар бўлиб қолади, ҳар доим ҳам эмас. Сизларга шунақа туйилган бўлиши мумкин, лекин хона ҳарорати 19 даражани кўрсатиб турибди. Ҳар битта хонанинг нормал ҳарорати 18 даража ҳисобланади.
Р.Б.: — Юқорида айтиб ўттингиз, кераксиз жойларда “иситиш тизимлари ўчириб қўйилади” деб . Бу стационар бўлим кераксиз. Шундайми?
Шифокор: — Мен стационар бўлим керак ёки керак эмас деган маънода айтмадим. Aгар хабарингиз бўлса, Президентимизнинг шунақа сиёсати бор эдики, иситиш тизимини автономлаштириш. Яъни керак бўлмаган хоналарни ишлатилмаётган пайтида ўчириб туриш керак ва шу тизимни йўлга қўйиш керак деган гаплари бор эди.
Р.Б.: — Демак бу ер ўчириб қўйилганми? Маҳкумлар ётган хона ҳам совуқ эди.
Шифокор: — Ҳозир вақтинчалик фойдаланмаётган хонамизни ўчириб турибмиз. Маҳкумлар ётган хона эса 18 даражадан юқори.
Кўрганларимиздан айтиш мумкинки, хоналардаги иситиш тизимлари яхши йўлга қўйилмаган. Жамоатчилик ва ОАВ вакилларининг келиши учун таёргарлик яхши кўрилибдию аммо тиббиёт пункитидаги иситиш тизимларини янгилашга улгуришмаган, чоғи.
Подполковник Шоира Одилова ушбу Тиббиёт пунктни таъмирлаш учун 1 миллиарддан зиёд маблағ ажратилишини суҳбат давомида айтиб ўтганди. Aйнан мана шу маблағ ажратилгандан кейин балки иситиш тизими реконструкция қилинар. Унгача эса юқорида келтириб ўтилган бир нафар бемор маҳкумга тезроқ тузалишини ва уни парваришлаётган бошқа бир маҳкумга хоналарни яхшилаб иситиш йўлга қўйилгунча ўзини “олдириб қўймаслигини” тилаймиз.
Рўзимурод Бердиев
LiveБарчаси