Ҳужумда нима қилишни билмадик – Хави
Спорт
−
15 Апрель 2022
4519Европа лигасининг чорак финал жавоб учрашувида “Айнтрахт”га қарши саф тортган “Барселона” ҳужумда қандай ҳаракатланиш кераклигини тушунмади. “Кўк анорранглилар” устози Хави “Марcа” нашрига берган интервьюсида шундай деди.
“Бизнинг қаҳрамонлигимиз етарли эмас эди. Мағлубиятга учрадик, аммо фарқни битта голгача қисқартиришга муваффақ бўлдик. Биз яхши ўйнамадик ва ҳужумда нима қилишимиз кераклигини билмадик. Футболчиларим ўйинни назорат қилди, аммо бу етарли эмас эди. Еврокубокларда йўл қўйган хатоларингиз учун бадал тўлашингиз керак. Энди бор эътиборимизни Испания чемпионатга қаратамиз. Ғалаба қозонишга ҳаракат қилдик. Биз буни муваффақиятсизлик сифатида қабул қилмаймиз. Лекин жуда хафаман, эндиги мақсадимиз Европа Чемпионлар лигасига чиқиш”, деган Хави.
Маълумот ўрнида, икки ўйин натижасига кўра, “Айнтрахт”га 4-3 ҳисобида имкониятни бой берган “Барселона” Европа лигасидаги иштирокини чорак финалда тугатди.
Шунингдек, кеча 14 апрель куни ЕЛнинг барча ярим финал жуфтликлари маълум бўлди. Ярим финалда Германиянинг “Лейпциг” клуби Шотландиянинг “Рейнжерс” жамоаси билан баҳслашади. “Барселона”ни мағлуб қилиб, “шовқин” кўтарган “Айнтрахт” Англиянинг “Вест Хэм” жамоаси билан куч синашади. Ярим финал учрашувлари 28 апрель ва 5 май санасига белгиланган.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси