Ҳусановнинг “Реал”га қарши ўйини қандай баҳоланди?
Спорт
−
10:04 16636 1 дақиқа
Кеча, 11март куни Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичининг илк учрашувида ўз майдонида Англиянинг “Манчестер Сити” жамоасини йирик 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ушбу учрашувда Абдуқодир Ҳусанов тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди.
Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда мадридликлар сардори Федерико Вальверде фаолиятидаги илк хет-трикни қайд этди. Уругвайлик футболчи
20-, 27- ва 42-дақиқаларда гол урди.
57-дақиқада “Манчестер Сити” дарвозабони Жанлуижи Доннарумма Винисиус Жуниор томонидан тепилган пенальтини қайтаришга муваффақ бўлди. Иккинчи бўлимда “қироллик клуби” ҳимояда ишончли ҳаракат қилган ҳолда 3:0 ҳисобини ўйин якунига қадар сақлаб қолди.
Учрашувда ўз дарвозасидан 3 та тўп олиб чиққан “шаҳарликлар ҳимояси табиийки паст баҳоланди. “SofaScore” портали Абдуқодир Ҳусановнинг ушбу ўйиндаги ҳаракатларини 5,9 балл билан баҳолади. Таққослаш учун: Нико О’Райли 5,6, Марк Геҳи 6,0, Диаш 6,6 балл олган.
Таъкидлаш жоиз, ушбу учрашувда Ҳусанов марказий ҳимояда эмас, балки ўнг қанот ҳимоясида ҳаракат қилди.
Маълумот учун, ушбу жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви жорий йилнинг 17 март куни Манчестер шаҳрида бўлиб ўтади.