Курс UZS

USD

12 913.19

4

EUR

13 908.80

-26.67

RUB

154.17

0.87

Ҳусановни тинч қўйинг

Таҳлил

Ортда қолаётган ҳафта том маънода Абдуқодир Ҳусанов ва футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси атрофидаги воқеалар билан мухлислар ёдида қолди. Ҳусанов Ўзбекистонга қайтди, унаштирилди, тўй санаси белгиланди, тўйига тўёна тарзда қимматбаҳо автомобиллик бўлди, “Сити” аъзосига айланганидан кейин Ўзбекистонга қайтиб дастлабки интервьюсини берди, терма жамоа билан биргаликда қўшни Қирғизистонни енгиб, ЖЧ сари катта қадам ташлади ва ҳафта охирида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўзи Абдуқодир Ҳусанов билан учрашди.

Абдуқодир Ҳусанов ва миллий терма жамоага аталган ҳафта дайжестимизни бошлаймиз. Ассалому алайкум.

Ҳафта “Манчестер Сити”нинг ўзбекистонлик ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг ватанига қайтиши билан боғлиқ воқеа билан бошланди. Футболчи 17 март куни Ўзбекистон терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида қатнашиш учун юртга қайтди.

Май ойида тўйи белгиланган Ҳусановга Тошкентга келиши биланоқ Mercedes Benz G-класс, бошқачароқ айтганда Гелендваген автомобили тўёна тарзда совға қилинди.

Ушбу машинани ўзбек футболи функционери Улуғбек Асанбоев Ҳусановга совға қилди. Ўз навбатида Ҳусанов нархи 350 минг долларга баҳоланган тойчоқни дадасига туҳфа қилди.

Ўз вақтида “Пахтакор” ва “Дўстлик” жамоаларида тўп сурган Асанбоев сўнгги йилларда футболчиларнинг хориж клубларига ўтишини ташкил қилишда жонбозлик кўрсатиб келмоқда.

“Манчестер Сити”  раҳбарияти эса Ҳусановга алоҳида эътибор кўрсатишда давом этмоқда. “Шаҳарликлар” раҳбарияти Эронга қарши сафардаги ўйинга бориши учун Абдуқодир Ҳусановга алоҳида самолёт ажратган. Шунингдек, ушбу самолёт футболчини Эрондан Манчестерга олиб кетиши кутилмоқда.

17 март куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси 20 март куни бўладиган Қирғизистонга қарши ўйин учун машғулотларга киришди. Жамоанинг биринчи кунги машғулотларида легионер футболчилар Абдуқодир Ҳусанов, Элдор Шомуродов, Жалолиддин Машарипов ва Аббосбек Файзуллаев иштирок этмади. Кўплаб ОАВ терма жамоанинг машғулотларини ёритиш ва албатта Абдуқодир Ҳусановдан интервью олиш мақсадида ЖАР стадионига етиб келганди, бироқ ўша куни Ҳусанов шахсий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бирида иштирок этиш учун, бироз вақтга жавоб сўрагани маълум бўлди.

Жорий йилнинг 17 март куни “Манчестер Сити”нинг ўзбекистонлик ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг унаштирув маросими бўлиб ўтди.

Ўша куни Ҳусанов терма жамоанинг умумий машғулотларида иштирок этмаганди. Маълум бўлишича, Ҳусанов замонавий талқинда айтганда, “Marry me” маросимида қатнашган. Маросим Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида ташкил этилган.

Қизиғи, Ҳусанов кеча, 18 март куни бўлиб ўтган машғулот олдидан журналистларга берган интервьюсида айнан тўйи ҳақидаги саволни очиқ қолдирганди.

Маълумотларга кўра, Ҳусановнинг никоҳ тўйи 27 май санасига белгиланган. Катта тўйга “Манчестер Сити” футболчи ва ходимлари таклиф этилиши мумкин. 

18 март кунги машғулотларда кутилганидек Абдуқодир Ҳусанов иштирок этди ва ундан интервью олиш учун бутун ўзбек медиаси ЖАР стадионига ёпирилиб келди. Ҳусановнинг “шов-шувли” интервьюсини кўрган бўлсангиз керак, нега қўштирноқ ичида деяпман, чунки футболчига журналистлар томонидан берилган аксарият саволлар бўлажак ўйин ҳақида эмас, балки унинг тўйи, куёв жўра ким бўлиши, Манчестердан қайси жамоадошлари тўйга келиши ҳақида бўлди. Ҳусановга савол берган айрим журналистларнинг ҳатто терма жамоа билан клубни фарқлай олмаслиги ростакамига шармандали ҳолатдан бошқа ҳеч нарса эмас.

Ўзбекистон терма жамоаси сафида Ҳусниддин Алиқулов, Шерзод Насруллаев, Умарбек Эшмуродов ва Остон Ўрунов каби футболчилар Қирғизистонга қарши баҳсни ўтказиб юборди.

“Ризеспор” таркибида Туркия чемпионати доирасида бурнидан жароҳат олган Ўзбекистон терма жамоаси марказий ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов жароҳати сабаб Тошкентга келмади. Терма жамоа устози Темур Кападзе Алиқуловнинг ўрнини “Насаф” ҳимоячиси Ғолиб Ғайбуллаев билан тўлдирди. Шунингдек, ўйинга бир кун қолганида “Насаф” клуби ҳимоячиси Шерзод Насруллаевнинг ҳам жароҳати борлиги ва Қирғизистон термасига қарши баҳсни ўтказиб юбориши маълум бўлди. Яна бир марказий ҳимоячи Умарбек Эшмуродов дисквалификацияси борлиги учун ўйинда қатнаша олмади. Яъни у Шимолий Кореяга қарши ўйинда қизил карточкага лойиқ кўрилган ва Қирғизистон термасига қарши учрашувни ўтказиб юборишга мажбур бўлди.

Жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлишга улгурмаган Остон Ўрунов ҳам Қирғизистон терма жамоасига қарши учрашувни ўтказиб юборди. Шу сабабдан Кападзе “Ал-Ваҳда” клуби вингери Хожимат Эркиновни жамоага жалб қилди.

Ниҳоят 20 март Тошкент шаҳридаги Бунёдкор стадионида, яъни ортимда турган аренада Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ саралаши 3-босқич 7-тури доирасида қўшни Қирғизистонга қарши саф тортиб, қийинчилик билан ғалабага эришди.

Доимгидек бу ўйин олдидан ҳам билетлар билан боғлиқ муаммо юзага келди. Тармоқларда билетлар сохталаштирилиб, кўпайтирилгани палон пулга чипта харид қилганлар стадион тўлиб бўлгани учун стадионга кира олмагани ва оқибатда стадион ташқарисида қатор тартибсизликлар кузатилгани ҳақида хабарлар, видеолар тарқалди.

Ҳа айтганча, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам ўйиндан олдин қалбаки чипталар бўйича огоҳлантириш билан чиқди.

“Айнан мана шу ҳолатлар сабабли аввалги ўйинларга кўплаб инсонлар қалбаки чипталар олган ҳолда стадионга кира олишмади. Бундай нопок ишга қўл урганларга қатъий чора кўрилишини маълум қиламиз. Футбол мухлисларини чайқовчилар қўлидан чипта олмасликка чақирамиз. Қалбаки чипталар билан стадионга киритилмаслиги ҳақида огоҳлантирамиз!”, дейилади ЎФА хабарида.

Хўш, қалбаки чипталар савдосини қандай қилиб бартараф этса бўлади? Бу бўйича қайси ташкилот масъулиятни ўз бўйнига олади ва балки, билет олди-сотди тизимини ислоҳ қилиш керакдир? QALAMPIR.UZ бу борада бир неча бор ЎФА савол билан мурожаат қилган, ташкилот эса билетлар билан боғлиқ барча ишларни билет олди-сотдиси билан шуғулланувчи платформага топширганини баён қилган. Балки, бу бўйича ўша билет олди-сотдиси билан шуғулланадиган платформа ташаббус билан чиқар?

Мазкур ҳолат бўйича Telegram’даги Самвел Карленович канали ўринли бир пост билан чиқди.

“Чиптаси бор анча одамлар кира олмай қолишган. Нархлар сунъий шиширилган. Замонавий QR-код тизими йўқ (сохта чиптани аниқлашга ва одамларни стадионга киришига ёрдам берувчи)  Одамларда навбат билан туриш, кириш ҳали ривожланмаган. Хаус! Чиптани олган, узоқдан келган ва ёш болалар, аёллар, кўнгли ўксиган одамлар касри урмаса бўлди! Чиптаси бўла туриб, ўйинга туша олмаган мухлисларга пул қайтарилади, деб умид қиламиз. Ундай бўлмаса, бу катта хато бўлади, айниқса, муборак ойда бундай ишлар яхши эмас…” деб ёзди саҳифа.

Энди ўйинга тўхталсак.

20 март куни Жаҳон чемпионати-2026 турнири Осиё минтақаси 3-саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қирғизистон термасини қабул қилди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўйиннинг 24-дақиқасида меҳмонлар ҳимоячиси Алижоновни жарима майдончаси ичида йиқитди ва ҳакам пенальти белгилади. Шунингдек, ҳакам ҳимоячига қизил карточка кўрсатди. 25-дақиқада белгиланган пенальтини Элдор Шомуродов  голга айлантира олмади. Аммо кетма-кет ҳужумлар ташкил этган Ўзбекистон терма жамоаси 40-дақиқада Хожиакбар Алижоновнинг киритган голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди. Иккинчи тайм бошида Элдор Шомуродов гол киритган эди, аммо ҳакам офсайд сабаб голни бекор қилди.

Шу тариқа, Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳ босқичида 16 очко жамғариб, 2-ўринни мустаҳкамлади. Навбатдаги ўйин 25 март куни 8-тур доирасида Теҳронда Эронга қарши бўлиб ўтади.

Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Эрон БААни 2:0 ҳисобида таслим этиб, 19 очко билан гуруҳда якка пешқадам бўлишда давом этмоқда.

“SofaScore” портали Ўзбекистон-Қирғизистон терма жамоалари ўртасидаги ўйин учун футболчиларга қўйилган балларни эълон қилди. 

Порталга кўра, ўйинда энг юқори баллни Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси ва баҳсдаги ягона гол муаллифи Хожиакбар Алижонов қўлга киритди. У 8.9 баллга лойиқ кўрилди. Алижоновдан кейинги юқори натижа вингер Аббос Файзуллаевга тегишли бўлди. У 8 баллга лойиқ кўрилди. 

Ўзбекистон терма жамоаси устози Темур Кападзе Қирғизистонга қарши баҳсдан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Аввало, ҳамюртларимизни Наврўз байрами билан табриклайман. Биз учун энг муҳими ғалаба эди. Имкониятларимиз кўп бўлди. Агар эртароқ гол урганимизда ҳисоб ҳам бошқача кўриниш олган бўлар эди. Лекин бунга қарамасдан Қирғизистон ҳам ёмон ўйнамади. Яхши ҳимояланди. Биз  энди кейинги ўйинларга тайёргарлик кўришимиз керак”, дейди Кападзе.

Айтиш мумкинки, Ўзбекистон гуруҳдаги энг кучсиз жамоалардан бирига қарши ўйин ўтказган бўлса ҳам, бир киши кўп бўла туриб ҳам жуда қийин ғалабага эришди. Қирғизистонга қарши ўйин ва терманинг бўлажак баҳслари бўйича Самвел Карленович каналидаги қуйидаги мулоҳазали фикрлар ҳам эътиборимизни тортди.

Хўп, Катанец схемасини ўзгартирмасдан майдонга чиқибмиз. Аммо, воқеалар ривожига қараб, ўзгартириш қилиш тўғри бўлмасмиди?  Ўз уйимизда, 11 га 10 ўйнаяпмиз, 5 та ҳимоячи нега керак? Битта марказий ҳимоячи ўрнига Бобур ёки ҳужумкор ярим ҳимоячи тушса фойда кўпроқ бўлмасмиди? Барибир, рақиб олдинга ўтишга кучи етмаяпти. Демак, принципни мухлислар, ўйинчилар учун эмас, жамоа фойдаси учун ишлатиш керак. Вазият ўзгардими (қизил карточка), принципни ўзгартирса ҳам бўлади. Катанец нега “5 та ҳимоячи” билан ўйнарди. Сабаби, 2 та марказий ҳимоячиларимиз кучи кучли рақибга қарши ўйинларда хато қилиб қўйиш эҳтимоллиги кўп эди, биттаси хато қилса, орқароқда иккинчиси “ёпиши” учун қилинарди. Кеча, ундай вазият бўлиш эҳтимоллиги жуда кам эди. Ҳужумда ижодкорлик паст. Бир хил ҳужумларни кўрдик. Кападзенинг битта иши - қанотлардан кўпроқ фойдаланиш. Бу фойда берган вазиятлар ҳам бўлди. Аммо марказда Элдордан бошқа яратувчан ўйинчи етишмаяпти ёки янги усуллар қўлланмаяпти.  Яна бир гап: жамоадаги «катта» ўйинчилар ва Кападзе алоқалари ижобий деб умид қиламиз. Ундай бўлмаса, гапини ўтказиш жуда қийин бўлади…Аниқ вазиятлар кам бўлиши олимпиададаги Мисрга қарши ўйин эсга солди…Эрон ва БАА га қарши ўйинда, кам сонли имкониятни голли вазиятга айлантирмасак, фақат кроссларга таяниш иш бермаслиги мумкин”, дейилади саҳифа постида.

Ҳа, яна бир гап Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатига ҳар қачонгидан-да яқин. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати-2026 турнири Осиё минтақаси 3-саралаш босқичи 8-туридаёқ мундиал йўлланмасига эга чиқиши мумкин.

Учинчи саралаш босқичи 8-турида Қирғизистон терма жамоаси 25 март куни ўз уйида Қатарни қабул қилади. Айни вақтда 3 очко билан 5-ўринни банд этиб турган Қирғизистон термаси 10 очко билан 4-ўринни эгаллаб турган Қатарни мағлуб этадиган бўлса, қирғизларнинг очкоси 6 тага етади. Қатарнинг очкоси 10 талигича қолади ва 4-ўриндан юқорига кўтарилмайди. Бу эса Ўзбекистон яна бир рақобатчисидан қутулади дегани.

25 март куни 8-тур доирасида, шунингдек, Шимолий Корея ўз уйида Бирлашган Араб Амирликларини қабул қилади. КХДР гуруҳда 2 очкога эга ва сўнгги 6-ўринни банд этиб келмоқда. Ўзбекистоннинг энг яқин таъқибчиси БАА эса 10 очко билан 3-ўринда келмоқда. Агар Шимолий Корея БААни мағлуб этадиган бўлса, Ўзбекистон ва Амирликлар ўртасидаги очколар фарқи йириклашади, агар Ўзбекистон Теҳронда ижобий натижа қайд этса...

Агар юқоридаги эҳтимоллар амалга ошадиган бўлса, яъни Қирғизистон Қатарни ва энг муҳими Шимолий Корея БААни мағлубиятга учратадиган бўлса, Ўзбекистоннинг Эрон билан ўйиндаги дуранг натижаси ҳам муддатидан аввал 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига олиб чиқади. Чунки агар дуранг бўлса, БАА ва Қатар билан орадаги фарқ 7 тага етади. Бу эса мундиал йўлланмасини муддатидан аввал қўлга киритилишига сабаб бўлади.

Тахмину таҳлиллар ўз йўлига барчаси ўз қўлимизда. Бўлажак ўйинлардаги ижобий натижа Кападзе шогирдларини ЖЧга олиб чиқади.

Айтганча, сиз Ўзбекистонни Олимпиадага олиб чиққан Темур Кападзенинг терма жамоадаги дебютини қандай баҳолайсиз? Бу бўйича ҳам изоҳларда фикрларингизни кутиб қоламиз.

21 март куни Тошкент шаҳридаги  “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб ўтган Наврўз тантанасидан кейин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Манчестер Сити”нинг ўзбекистонлик ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов билан учрашди. 

21 ёшли Ҳусанов отаси, собиқ футболчи Ҳикмат Ҳошимов билан биргаликда дастхати туширилган “Манчестер Сити”даги либосини Шавкат Мирзиёевга совға қилди. 

Қайд этиш жоиз, январь ойида Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари давлатига сафари чоғида мамлакат шаҳзодаси ва “Манчестер Сити” клуби эгаси Шайх Холид ибн Муҳаммад Ол Наҳаён билан учрашиб, Ҳусанов трансфери учун миннатдорлик билдирганди.

“Манчестер Сити”нинг мухлисларидан бири Доминик Куомо Instagram саҳифасига жойланган Абдуқодир билан боғлиқ пост остига ЎФАни белгилаб, қуйидагиларни ёзди.

“Сиз Ҳусановнинг хавфсизлиги ва эркинлиги билан боғлиқ нотўғри бошқарув учун қисман жавобгарсиз. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган кўплаб видеоларда футболчини оломон қуршаб олганини кўриш мумкин – у деярли билмайдиган ёки яхши танимайдиган одамлар орасида. Бу эса уни аниқ равишда асабийлаштириб, чалғитмоқда. Сизнинг бурчингиз – у хавфсиз ва назорат қилинадиган муҳитда бўлишини таъминлаш, айниқса, халқаро сафарда ўз мамлакатини ҳимоя қилаётганида, хоҳ Ўзбекистонда, хоҳ чет элда бўлсин. Унинг шахсий ҳудудига ҳурмат билан ёндашинг, диққатини ҳимоя қилинг ва унинг фаолиятини устувор сананг. Сиз бу жараёнда муҳим роль ўйнашингиз зарур. Бундай нотўғри бошқарувни қабул қилиб бўлмайди. Яхшироқ ишланг”.

Охирги пайтларда Абдуқодир Ҳусановга таъсир этувчи ташқи омиллар жуда кўпайиб қолганини кўриш мумкин. Ҳусанов тадбирларига чақириляпти, Ўзбекистон мухлислар жамияти раҳбари эса Ҳусановдан бир қадам узилмасдан у билан боғлиқ контентлар чиқараётганини кўриш мумкин. Буларнинг барчаси футболчининг зарарига ишламаслигига ким кафолат беради. Бу ортда қолаётган ҳафта спортига оид энг муҳим воқеалар эди, QALAMPIR.UZ’нинг Telegram’даги спорт каналига обуна бўлинг. Кейинги ҳафта сўнгида кўришамиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг