Ҳуқуқ ва жазо: Ўзбекистон қонунлари митинглар ҳақида нима дейди?
Бу қизиқ
−
31 Март 2021
22282Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳрида бесоқолбозликка қарши намойиш бўлиб ўтди. Ўзбекистон учун анчадан бери бегона бўлиб келган ушбу ҳолат ижтимоий тармоқлар, қолаверса, оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг муҳокама қилинди. Кимлардир митинг қатнашчиларининг ёнини олиб чиққан бўлса, кимдир буни қонунларнинг бузилиши, деб атади.
Аслини олганда, фуқароларнинг йиғилиш, митинг ва намойишлар ўтказишга ҳаққи борми? Қуйида ушбу саволларга жавоб топамиз:
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасида:
“Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга”, деб белгилаб қўйилган. Шу жумладан, ушбу йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишларни ўтказиш тўғрисида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ва бошқарув органига ёзма равишда мурожаат этилиши шарт. Ушбу мурожаатда йиғилиш, митинг ёки кўча юришларни ўтказиш мақсади, шакли, жойи, бошланиш ва тугаш вақти, ҳаракатланиш йўналиши, назарда тутилаётган иштирокчиларнинг тахминий сони, ташкилотлар ва жамоат тартибини сақлаш учун масъул шахслар ҳақидаги маълумотлар бўлиши лозим.
Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишларни ўтказиш жараёнида иштирокчилар ва ташкилотчилар жамоат тартибини сақлашга мажбурдир. Уларга транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатланишига тўсқинлик қилиш, аҳоли пунктининг узлуксиз фаолият юритишига тажовуз қилиш, палаткалар қуриш, яшил майдонлар, бино ва иншоотларга зарар етказиш мумкин эмас.
Бундан ташқари, қурол ёки инсоннинг ҳаёти ва соғлигига зарар етказиш мақсадида қирол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган, махсус тайёрланган буюмлар ишлатиш, фуқаролар ва юридик шахсларга моддий зарар етказиш, йиғилиш, митинг, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш вақтида жамоат тартибини сақловчи давлат органлари вакиллари фаолиятига ҳар қандай шаклда аралашиш тақиқланади.
Юқорида келтириб ўтилган йиғилиш, митинг, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибида белгиланган талабларни бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 201-моддасида жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг олтмиш бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Агар шахснинг шундай ҳаракатлари маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 217-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шоҳруҳ Олимжонов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь