“Ҳозирги вазият мени жуда хавотирга солмоқда”. Назарбоев Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказди
Олам
−
11 Февраль 2020
8114Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев бугун, 11 февраль куни мамлакат Хавфсизлик Кенгаши йиғилишини ўтказиб, Жамбил вилояти Кордай туманида юз берган оммавий тартибсизликларга муносабат билдирди.
Учрашув давомида Жамбил вилояти Кордай туманидаги вазият, биологик хавфсизликни таъминлаш ва коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш масалалари кўриб чиқилган.
Йиғилишда Нурсултон Назарбоев Кордайда юз берган воқеалар натижасида ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия изҳор этди ва барча жабрланганларга тезроқ соғайиб кетишни тилади.
“Ҳозирги вазият мени жуда хавотирга солмоқда. Халқимиз билан биргаликда ушбу 30 йил ичида биз жуда катта қийинчиликларни бошдан кечирдик. Ёшлар бу муаммоларни тасаввур ҳам қила олмайди. Қозоғистонда 130 та корхона ўз фаолиятини тўхтатди, 2,5 миллион киши ишсиз ва даромадсиз қолди, уйларида иссиқлик йўқ эди, озиқ-овқат етишмовчилиги мавжуд эди. Биз буларни биргаликдан бошимиздан кечирдик”, дейди Элбоши.
Хавфсизлик Кенгаши раиси Қозоғистон мустақилликка эришгандан кейин ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда катта қийинчиликларни бошдан кечирганини эслади.
“Агар биз кўп миллатли халқимизни бирлаштира олмасак ва барқарорликни таъминламасак, бугун мамлакатимизга хорижий инвестициялар келмайди, иқтисодиёт ривожланмайди. Албатта, давлат раҳбарлари олдига тегишли вазифалар қўйилган, аммо тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш,энг аввало халқимизнинг бурчидир”, дейди Нурсултон Назарбоев.
Назарбоев вазиятнинг сабабларини синчковлик билан ўрганиш ва айбдорларни қонун нормаларига мувофиқ жазолашни буюрди.
“Бу муаммо катта авлодни ташвишга солиши керак. Менинг менинг мақсадим – Қозоғистонни келажак авлод ғурурланадиган даражага кўтариш. Кекса авлоднинг вазифаси – умумий мақсадимиз мустақил, ривожланган ва барқарор давлатни барпо этиш эканлигини одамларга тушунтиришдир”, дейди Хавфсизлик Кенгаши раиси.
Элбошининг таъкидлашича, ҳозирги вақтда Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг топшириғига биноан ҳукумат ва вилоят ҳокимлиги зарар кўрган аҳоли пунктларида нормал ҳаётни тиклаш чораларини кўрмоқда.
Шунингдек, маҳаллий ижроия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Қозоғистон халқлари ассамблеяси ва унинг минтақавий бўлинмаларининг иш сифатига алоҳида эътибор қаратиляпти.
“Ассамблея ва унинг минтақавий идоралари фаол бўлиб, бундай вазиятларни назоратга олишлари керак. Бу бизнинг умумий вазифамиздир”, дейди собиқ Президент.
Эслатиб ўтамиз, 7 февраль куни Жамбил вилояти Кордай тумани Масанча қишлоғида оммавий муштлашув бошланган. Тартибсизликлар оқибатида 10 киши ҳалок бўлди, 40 киши жароҳат олди. Полиция 50 кишини қўлга олди.
Ўт қўйиш оқибатида 30 та уй, 15 та дўкон ва 23 дона автомашига зарар етказилди. Воқеа жойида ҳукумат комиссияси текширув ишларини олиб бормоқда.
Тартибсизликлар вақтида 47 киши ҳибсга олинган.
Воқеалардан сўнг, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Жамбил вилояти ҳокими Асқар Мирзахметовни ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.
LiveБарчаси