Ҳомиладор аёлни пичоқлаб, ўлдирган йигит 20 йилга қамалди

3-саҳифа 7030
image

Хабарингиз бор, Фарғона вилояти Ёзёвон туманида 29 ёшли йигит қўшнисининг 8 ойлик ҳомиладор келинини пичоқлаб, ўлдириб қўйган эди. Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди томонидан қотилликка қўл урган шахсга 20 йил қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Ёзёвон туман суди судьяси хабар берди.

Қайд этилишича, “Қорасоқол” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи У.Н. ўтган йилнинг ёз ойларидан бошлаб интернет орқали мунтазам қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар ўйнаб келган. Бунинг натижасида 100 миллион сўмдан ортиқ пул ютқазиб, кўп миқдорда қарздор бўлиб қолган.

Жорий йилнинг 22 июнь куни у қарзларини тўлаш учун қўшниси О.Қ.дан 2 минг доллар қарз олган. Шундан сўнг у қўшнисининг уйида янада кўп пул бор деган гумонга борган. У.Н. 23 июнь куни соат 10:00 ларда қўшнисиникида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўғриликка тушган. Хонадондаги мол-мулкларни яширинча қўлга киритмоқчи бўлган вақтида қўшнисининг ҳомиладор келини келиб қолган. 

У.Н. қилмиши ошкор бўлишидан қўрқиб, қўшни келинга пичоқ билан ҳужум қилган, танасининг турли соҳаларига тан жароҳатлари етказган ҳамда ҳодиса жойидан яширинган. Аёл кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, олган тан жароҳатлари оқибатида шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Жорий йилнинг 23 июнь куни мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон туман прокуратураси томонидан У.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “б”, “и” бандлари (ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни таъмагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси 3-қисми “в”, “г” бандлари (уй-жойга, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда баданга оғир шикаст етказиб, босқинчилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг ҳукми билан У.Н. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “б”, “и” бандлари, 164-моддаси 3-қисми “в”, “г” бандлари билан айбли деб топилиб, унга 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 329
Рейтинг: 3
t
×