Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз – Президент

Жамият 4476
image

Ўзбекистонда биринчи марта туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилди ва таҳлиллар асосида улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати “яхши”, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 сентябрь куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Хусусан, 48 та туман ва шаҳардаги ҳолат “яхши”, 119 тасида “ўрта” ҳамда 33 тасида “қониқарсиз” деб топилган.

Видеоселектор йиғилишида ушбу таҳлиллар асосида жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, кўрсаткичлари нисбатан паст бўлган ҳудудларга кўмаклашиш чоралари муҳокама қилинди. Президент ҳокимларни халқ сайлаши кераклигини яна бир эслатиб ўтди.

Иқтисодий комплексга кирувчи вазирлик ва муассасалар “тадбиркорга хизмат қилувчи” ташкилотга айланиши зарурлиги таъкидланди. “Қониқарсиз” деб баҳоланган туман ва шаҳарларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, “яхши” ҳудудларнинг тажрибасини оммалаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Мисол учун, Самарқанд туманида ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 1,1 триллион сўмни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 4,5 миллион сўмдан тўғри келган. Бу Самарқанд  вилоятидаги энг юқори кўрсаткичдир. Шунингдек, 508 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, янги иш ўринларининг 71 фоизи кичик бизнесда очилган. Маҳаллий бюджет тушумлари сўнгги уч йилда 2 баравар ортган.

Шунингдек, Қамаши туманида сўнгги уч йилда 802 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, ишламаётган 132 та корхона қайта тикланган. Экспорт ҳажми ўтган йилгига нисбатан 1,5 баробар ошган.

Аксинча, Нукус, Балиқчи, Бекобод, Ховос, Бахмал, Мирзачўл, Янгиқўрғон, Шовот, Касби, Қумқўрғон, Учтепа каби туманлардаги аҳвол қониқарсиз. Аслида уларда ҳам етарлича салоҳият ва инфратузилма бор.

Масалан, Қумқўрғон тумани тадбиркорлик кўрсаткичлари бўйича Сурхондарё вилоятида энг охирги ўринлардан бирида. Лекин у ерда 124 минг гектар яйлов ва 48 минг гектар оборотдан чиққан ер бор. Улардан самарали фойдаланиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмаган.

Бекобод туманида ҳам кичик бизнес улуши республикадаги энг сўнгги ўринлардан бирида. Туманда йилига 10 минг тонна пахта, 100 минг тонна дон етиштирилса-да, қайта ишланмайди.

“Одамларимиз турмушини яхшилашга ҳаракат қилмаган раҳбар бир кун ҳам ишламайди”, деди Шавкат Мирзиёев.

“Қониқарсиз” ҳамда “ўрта” деб баҳоланган туман ва шаҳарларда инқирозга қарши бошқарув тизими жорий этилиши белгиланди. Яъни, уларга раҳбарлик қилиш истагини билдирган ҳар қандай талабгор ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий кенгашларда ҳимоя қилиши мумкин. Халқ вакилларини ишонтира олган салоҳиятли кишилар бутун жамоаси билан туманга раҳбар этиб тайинланади.

“Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз”, дея таъкидлади Президент.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 62
Рейтинг: 2.9
t
×