Ҳокимларга ишончсизлик вотуми билдиришни жорий қилиш таклиф қилинди
Олам
−
27 Февраль 2023
9959Ўзбекистонда ҳокимларга ишончсизлик вотумини билдириш институтини ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу таклиф Адлия вазирлиги Сардорбек Азизов томонидан ўртага ташланган.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари, яъни ҳокимларга нисбатан у ёки бу вакиллик органи ёки ташкилот томонидан ишончсизлик вотумини билдириш бўйича нормалар ўрнатилмаган.
“Хорижий давлатлар тажрибасини кўрадиган бўлсак, ҳокимларга тегишли вакиллик органлари томонидан ишончсизлик вотумини билдириш мазкур давлатлар қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган”, дейди таклиф муаллифи.
У, шунингдек, бу борада АҚШ, Испания, Грузия ёки қўшни Қозоғистон ва Қирғизистондаги тажрибани ўрнак сифатида келтирган. Масалан “Қозоғистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқариш тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддасига асосан Маслаҳат органи (вакиллик органи номи) депутатлари умумий сонининг камида бешдан бир қисмининг ташаббуси билан ҳокимга ишончсизлик вотуми билдириш масаласи қўйилиши мумкин. Бундай ҳолда, маслаҳат органи ўз депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан ҳокимга ишончсизлик билдириш ва уни лавозимидан озод этиш тўғрисида масалани тегишли равишда Қозоғистон Республикаси Президенти ёки юқори турувчи ҳокимга қўйиш ҳуқуқига эга.
Муаллифга кўра, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолияти устидан маҳаллий вакиллик органлари томонидан етарлича назорат ўрнатилмаганлиги, ҳоким қарорларни қабул қилиш жараёнларининг мураккаблиги, очиқлиги таъминланмаганлиги ҳамда ушбу соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмаганлиги жойларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилишга тўсқинлик қилмоқда.
Таклифда келтирилган статистик маълумотларга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 2019-2021 йилларда жами 28 253 та ҳужжатлари, шундан прокуратура, адлия ва бошқа органлар таъсир чораларига асосан 14 492 та қарор ва фармойишлар бекор қилинган ва 8 725 таси қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилган, 5 036 таси суд органлари томонидан ҳақиқий эмас деб топилган.
Ноқонуний қарор ва фармойишлар қабул қилинишига асосий сабаб ва омил сифатида маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолияти устидан маҳаллий вакиллик органлари томонидан назорат қилишнинг аниқ механизми мавжуд эмаслиги, маҳаллий ижро ва вакиллик органларига раҳбарлик бир шахс томонидан амалга оширилиши келтирилган.
Азизов маҳаллий вакиллик органлари ваколатларини кучайтириш, уларни том маънода халқ вакиллари сифатида ижро органлари фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида ҳокимларга ва кенгашга ҳисобот берувчи шахсларга ишончсизлик вотумини билдириш юзасидан амалдаги қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни таклиф қилган.
“Юқоридаги таклифлар инобатга олинган тақдирда, биринчи навбатда ҳалқ вакиллари бўлган депутатлар ва маҳаллий кенгашларнинг ҳуқуқий мақоми ҳамда ваколатларини ошишига, ижро ва вакиллик органларининг бир-бирини тийиб туриш ва ҳокимиятлар бўлинишининг ҳуқуқий асослари янада таъминланади ҳамда вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришда ёрдам беради”, дейди таклиф муаллифи.
LiveБарчаси