Ҳокимият васвасаси: Судандаги тўқнашувларда 300 га яқин аҳоли қурбон бўлди

Олам

image

Бир неча кундан бери давом этаётган Судан армияси ва Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида 270 киши ҳалок бўлди, 2,6 мингдан ортиқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебреисус маълум қилди.

Гебреисуснинг таъкидлашича, тиббий муассасалар иши хавфли муҳит туфайли чекланган, шу сабабли жабрланганларга тиббиёт ходимлари ва тез ёрдам машиналарининг кириши қийин бўлмоқда.

Бундан ташқари, ЖССТ томонидан тиббиёт муассасаларига ўтказилган дори-дармонлар захиралари аллақачон тугаган. Судан пойтахти Хартумдаги шифохоналарда ҳам ходимлар ва ҳаётни сақлаб қоладиган дори-дармонлар етишмаслиги ҳақида хабар берилган.

Маълум қилинишича, ушбу тўқнашувларда БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг уч нафар ходими ҳам ҳалок бўлган.

Суданда вазият қандай?

Суверен кенгашга (мамлакат бошқарув органи) ҳам раҳбарлик қилаётган армия қўмондони Абдулфаттоҳ ал-Бурхон ва унинг кенгашдаги ўринбосари махсус кучлар қўмондони Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли Суданда вазият кескинлигича қолмоқда.

Жорий йилнинг 15 апрель куни авж олган тўқнашувлар 2021 йилги ҳарбий тўнтаришдан кейин бошланган сиёсий инқирознинг давоми экани айтилмоқда. Тезкор ҳаракат кучлари ва армия икки йилдан бери ўтиш даври ҳукуматини шакллантириш бўйича келиша олмаган турли сиёсий гуруҳларни қўллаб-қувватламоқда.

Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар (RSF) жангарилари мамлакатдаги камида учта аэропортни, шунингдек, қатор ҳарбий объектлар ва Президент саройини эгаллаб олганини айтишган.

Бироқ Судан Қуролли кучлари бош қўмондони Абдель Фаттоҳ ал-Бурхоннинг таъкидлашича, RSF'нинг Президент саройи, пойтахт аэропорти ва қуролли кучлар штаб-квартирасини назорат қилаётгани ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Генерал Бурхон “Al Jazeera” нашри билан суҳбатда ҳарбийлар вазиятни тўлиқ назорат қилаётганини айтган.

Судан пойтахти Хартумдаги кўплаб йўллар ва кўприклар тўсиб қўйилган, аэропорт ҳам уруш ҳудудига айланган, у ерга парвозлар тўхтатилган. Украина оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Украинанинг SkyUp авиакомпаниясининг Boeing 737 самолёти аэропортда ёниб кетган.

Бирлашган Араб Амирликларининг Хартумдаги элчихонаси можаро қандай кечаётганини катта ташвиш билан кузатаётганини қайд этиб, муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш ва янги ҳукуматни шакллантиришда миллий консенсус (келишув)га эришиш зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтган.

Шунингдек, АҚШнинг Хартумдаги элчиси Жон Годфри ўқ овозларидан уйғонганини ҳамда ҳозирда худди Хартумдаги ва бошқа жойлардаги суданликлар каби элчихонада бошқа дипломатлар билан яшириниб юрганини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг