Ҳоким ёрдамчиси камбағаллар пулини еб кетди
Таҳлил
−
05 Февраль
4397Ҳоким ёрдамчилари
Олдинлари ҳокимларнинг пора олаётгани ҳақида онда-сонда эшитиб турардик. Энди эшитмаяпмиз. Чунки энди уларнинг ёрдамчилари бор. Энди ҳоким ёрдамчилари тинимсиз пора оляпти.
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси 20 нафар фуқароларга электрон тарзда берган тавсияномаларига асосан, қабул қилиб олган электрон калитлардан фойдаланган ҳолда жами 427,7 млн сўмлик кредит маблағларини қўлга киритиб, шипшийдам қилган. Бу ҳақда 3 февраль куни Бош прокуратура маълум қилди.
Прокуратура хабарида келтирилишича, эҳтиёжманд оила аъзолари ҳоким ёрдамчисининг олдига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятни йўлга қўйишда ёрдам сўраб келган бўлган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг ёрдамчиси ўзининг қариндошлари ва бошқа 5 нафар фуқарога маҳалла ҳудудида яшамаган бўлса-да, қалбаки тавсияномалар орқали жами 207,7 млн сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилишига эришиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейди Бош прокуратура.
Уят, бундай ёрдамчиси борлигидан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ер ёрилиб, ерга кириб кетгандир. Қаёқда дейсиз. Бош прокуратура ахборотидан сал ўтиб Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий муносабат билдириб, “ўлай агар бизнинг бундай ёрдамчимиз йўқ. У ноябрь ойида ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаб кетган” деб айтиб чиқди.
“Шуни маълум қиламизки, ахборот маконида гўёки Шайхонтоҳур туманида ишлайдиган ҳоким ёрдамчиси 20 нафар шахснинг номига кредит расмийлаштириб, олинган маблағлардан фойдалангани ҳақидаги маълумотлар тарқалмоқда.
Мазкур хабарлар юзасидан Тошкент шаҳрида бундай тавсифга мос келадиган мансабдор шахс мавжуд эмаслигини, тарқатилаётган маълумотларда М.Ф. деб айтилаётган шахс ўтган йилнинг ноябрь ойида ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилган”, дея ёзган ҳокимлик матбуот хизмати.
Ахборот ҳаққоний ва холис бўлиши зарур!
“2025 йил 3 февраль куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси томонидан содир қилинган жиноят юзасидан хабар эълон қилинган. Эндиликда, ушбу хабар юзасидан ижтимоий тармоқларда жамоатчиликни чалғитишга қаратилган хабарлар ва баёнотлар эълон қилинмоқда.
Шуни маълум қиламизки, М.Ф. 2022 йилнинг 7 октябрь кунидан 2024 йилнинг 29 ноябрь кунига қадар Шайхонтоҳур тумани "Камолон Дарвоза" маҳалла фуқаролар йиғинининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритиб, туман ҳокимининг 14.12.2024 йилдаги тегишли қарори билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.
М.Ф. айнан ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган даврида муқаддам эълон қилинган хабардаги қилмишларни содир этган”, дея ҳокимлик хабарига қайта жавоб қайтарди Бош прокуратура.
Аммо Бош прокуратурага ахборот макони дея нисбат бериб, прокуратуранинг номини тилга олишга қўрққан пойтахт ҳокимлиги огоҳлантириш беришни ҳам унутмаган.
“Оммавий ахборот воситаларидан ахборотни эълон қилишда ишончлилик, холислик ва масъулият тамойилларига амал қилишларини яна бир бор сўраб қоламиз”.
Хўп бўлади, фақат биз ҳам сиздан ҳоким ёрдамчиларини ишдан бўшатишда ишончлилик, холислик ва масъулият тамойилларига амал қилишингизни сўраймиз.
Биздан масъулиятни сўраётган Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ўзида масъулият бормикан? Ахир бюджетдан палон пул маош оладиган битта ёрдамчи 20 нафар фуқарони камбағалликдан чиқариш учун ажратилган 427 млн ва яна қариндошлари номига олинган 207 млн жами 634 млн сўм пулни қўнжига тўлдириб бемалол ишдан бўшаб кетаверса, бу ҳоким дегани ундан “ўзи нима иш қилдинг, мана бу ажратган кредитларинг қани” деб сўроқ-савол қилмаса ва шунчаки у аллақачон ишдан бўшаган деб вазиятдан қуруқ чиқса, шуми масъулият?
Агар бу биргина ҳолат бўлса-ку майли, бунчалик ичимиз куймасди. Аммо ҳоким ёрдамчиси деган лавозим эгалари камбағал фуқаро номига кредит олиб, еб юборишни, тинимсиз пора олишни одат қилиб олган.
17 январь куни ҳам Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси фуқародан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди.
Учтепа туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг “Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича” ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога туман ҳудудида 4 та савдо дўкони қуриши учун юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали жами 210 м2 ер майдонини аукцион савдолари орқали ютиб, унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига пул сўраган.
Маълум бўлишича, ҳоким ёрдамчиси муқаддам Жиноят кодексининг 167-(Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-(Фирибгарлик), 205-(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва бошқа моддалари билан 3 маротаба судланган.
Уч маротаба судланган ёрдамчиларга Тошкент шаҳар ҳокимлиги яна қандай қилиб камбағалликни қисқартириш бўйича ишонч билдирган, бу ақлга сиғмайди.
2024 йилнинг август ойида Қашқадарёда ҳоким ёрдамчиси ва бошқалар 1 млрд сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилишда гумонланиб, қўлга олинган. Самарқанд туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси кадастр ҳужжатларини қонуний расмийлаштириб бериш учун 1 300 АҚШ долларини сўраган. Самарқандда яна бир ҳоким ёрдамчиси банкдаги мансабдор танишлари орқали 150 миллион сўм миқдорида кредит чиқариб бериш эвазига 1500 АҚШ доллари миқдорида пул сўраган.
Наманганда эса 10 нафар ҳоким ёрдамчиси томонидан 80 дан ортиқ ана шундай қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Жалақудуқ тумани ҳокими ёрдамчиси куз-қиш мавсумига мўлжалланган кўмирни беришига 600 доллар пора талаб қилган.
Яқинда Кўкдала тумани ҳокими ўринбосари ҳам плёнка ишлаб чиқариш корхонаси фаолият кўрсатиши учун 5 минг АҚШ доллари беришини айтган эди. Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилда видеоселекторлардан бирида ҳоким ёрдамчилари ҳақида гапириб:
“Жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари “кредит, субсидия, ер олиб бераман”, деб тамагирлик қилаётгани ҳам жуда ачинарли ҳолатдир”, деган эди.
Аммо мана шу танқидлардан кейин ҳам вазият ўзгармади. Ўтган 2024 йил давомида ҳоким ёрдамчилари 309 марта коррупцияга қўл урган. Ҳоким ёрдамчиларининг коррупцион жиноятларининг аксарияти эса биз юқорида санаб ўтган камбағал номига кредит олиб, уни ўзи ишлатиб юборишидир. Оқибатда кредитни яна фуқаро тўлашга мажбур. Шуни айтадилар-да камбағални туянинг устида ҳам ит қопар деб. Ана шундай ҳоким ёрдамчиларидан жабр кўрган Тошкент вилояти Бўка туманида яшовчи Ўктамой она арз билан QALAMPIR.UZ остонасига келди.
Ўктамой Жўраева бошига шу муаммо тушганидан бери бормаган эшиги, кирмаган тешиги қолмади. Ҳоким ёрдамчиси устидан дод деб, арз қилмаган биронта идора эшиги қолмади. Унинг дарвозаси ҳам банк ходимларининг ташрифидан безор. Мажбур, емаган сомсасига 30 млн лик кредитни тўлашдан бошқа имкон қолмади унда.
У мазкур ҳолат юзасидан судга мурожаат қилган. Аммо адвокат ёллай деса, палон пуллик тўловга имкони йўқ. Давлат томонидан бериладиган адвокат-чи десангиз, Ўктамой онанинг бу борада ҳам омади чопмади. Номига ёзиб қўйилган 12 бош қўй билан унинг ўғли тадбиркорга чиқиб қолган, қоғозда бор, амалда йўқ қўйлар туфайли камбағаллар рўйхатидан исми ўчирилган. Боласи учун оладиган нафақа ҳам ортиқ берилмайдиган бўлди.
Ўқтамой Жўраеванинг ўғлининг ягона айби минбарларда айтилган чиройли гапларга ишониб, камбағалликдан чиқайин деб, кредит сўраган. На ундан пул қолди ва на қўй. Ўктамой онанинг ўзи эса кредит олишдан қўрқади. У билан суҳбатимиз давомида онахон давлатнинг пули билан ўйнашиб бўлармиди, деб айтди. Йўқ, бундай ҳалол одамлар ўйнашмайди, аммо давлатнинг ўз ходимлари, амалдорлари давлатнинг пули билан ҳам, халқнинг пули билан ҳам ўйнашаверади.
Бугун Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари сони аллақачон 10 минг нафарга яқинлашган. Аслида ҳоким ёрдамчиси лавозими 2022 йил 1 январдан бошлаб президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи ва фармойишига биноан Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳарчаси, қишлоқ, овулида, шунингдек, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва диққат қилинг – камбағалликни қисқартириш учун таъсис этилганди.
Хўш, бу лавозим эгалари ҳудудлардаги камбағаллик даражасини қанчалик камайтира оляпти? Бу бўйича ҳокимларга ва халққа қандай ёрдам беряпти? Бу лавозим эгаларининг самарадорлиги ҳақида аниқ-тиниқ таҳлилларга кўзимиз тушганича йўқ ҳали. Аммо ҳа деганда республиканинг ё у, ё бу ҳудудида миллиардлаб пулни ҳоким ёрдамчиси ўмаргани ҳақидаги хабарлар бугун кун тартибидан тушмаяпти.
Шундай экан, бу лавозим эгалари нега керак бу мамлакатга ва халққа? Жавобларингизни изоҳларда ёзинг. Сизга бу курси эгаларининг бирор фойдаси тегдими? Фикр билдиринг.
LiveБарчаси
06 Февраль