Уйқусизликка нима сабаб бўлади?
Фойдали
−
30 Май 2019
6804Инсон ёши ўтгани сайин, уйқуси ёшлик пайтларидагидек бўлмай қолганидан нолийди. Биздаги бу ҳодиса руҳий ва жисмоний ҳолатимиз билан бевосита боғлиқ экан. Сизда ҳам уйқусизлик тез-тез содир бўладими? Унда биз қуйида берадиган маълумотлар орқали бунинг сабабини билиб олинг ва уни олдини олинг.
• Соғлом одамларда уйқусизликни келтириб чиқарувчи асосий омил асабийлашиш ҳисобланади. Ухлашдан олдин қанча кўп хавотирли, хотиржамликни бузадиган воқеа-ҳодисалар ҳақида ўйлаган ёки уларнинг бевосита иштирокчисига айланган одамлар уйқусизлик билан ҳам курашиб чиқишга мажбур бўлади. Чунки, асаббузарлик, хавотирланиш одамни сергаклантирувчи хусусиятга эга. Бу эса албатта уйқунинг “душман”и ҳисобланади.
• Айрим кишилар ухлашдан олдин меъёридан ортиқ овқатланадилар. Бунинг натижасида овқат ҳазм қилиш тизими зўриқади. Бу эса руҳий хотиржамликка путур етказади. Шунингдек, бош мия томирларида зарарланиш (атеросклероз) ёки асаб тизимида турли касалликлари мавжуд бўлганлар ҳам уйқусизликдан азият чекадилар.
• Ётоқда эътиборни ўзига жалб қилувчи, ёруғлик таратувчи буюмлар бўлиши ҳам бедорликни келтириб чиқариши мумкин. Чунки, бундай буюмлар инсонларни чалғитибгина қолмай, мия фаолиятини фаоллаштиришга кўмаклашади. Одатий тартибнинг бузилиши ҳам уйқусизликни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, ҳафтанинг иш кунлари одамлар танасидаги ҳаётий қувват – энергияни кўпроқ сарфлаб, ҳолдан тоядилар. Бу эса уларнинг тез ухлаб қолишларига сабаб бўлади. Дам олиш кунлари эса дангасалик оқибатида ўзларини уринтирмасликка интиладилар. Натижада жисмоний жиҳатдан толиқмаган танада энергия кўп бўлади, натижада уйқу майлининг ҳосил бўлиш вақти кечикади.
• Муддатига кўра қисқа ва узоқ уйқусизлик кузатилади. Қисқа муддатли уйқусизлик асосан инсоннинг кайфияти, одатдаги яшаш шароитининг бузилиши ва ташқи таъсирлар орқали юзага келади. Бундай ҳолатда бедорлик камчиликлар бартараф этилиши ва шароитга мослашишга қараб 1-2 кун давом этиши мумкин.
• Узоқ муддатли уйқусизлик эса кўпинча асаб тизимининг кучли руҳий, ҳиссий шикастлари, невроз, психоз, бош миянинг органик касалликлари (айниқса, мия қон-томирлари атеросклерози), ички аъзолар ва эндокрин безлар (буйрак, жигар, қалқонсимон без) касалликлари билан боғлиқ асаб тизимининг функционал бузилишларида учрайди. Агар уйқусизлик икки-уч кундан ортиқ давом этса, шифокор билан маслаҳатлашиб, зарур муолажаларни олиш тавсия этилади. Шифокор тавсиясисиз дори-дармонлар билан даволаниш хавфли асоратларга олиб келиши мумкин.
Азиз муштарийлар, сизда ҳам қуйидаги вазиятлардан бирортаси кузатилса, уни олдини олишга ҳаракат қилинг. Зеро, тундаги яхши уйқу, кун бўйи яхши кайфиятда ва тетик юришингизга замин яратади.
LiveБарчаси