Ҳиндистонда туннель қулади. 40 га яқин киши вайроналар остида қолиб кетди
Олам
−
12 Ноябрь 2023
4538Ҳиндистон шимолидаги Уттаракханд штатида қурилаётган транспорт туннелининг қулаши оқибатида камида 36 ишчи вайроналар остида қолиб кетди. Бу ҳақда “India Today” хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 12 ноябрь куни соат 04:00 лар атрофида Уттаракханд штатида қурилаётган 4,5 километрли туннелнинг 150 метр узунликдаги қисми қулаб тушган. Воқеа содир бўлган вақтда иншоот ичида 36 киши ишлаётган бўлган.
Ҳозирда ҳодиса содир бўлган ҳудудда полиция ва Фавқулодда вазиятлар хизмати гуруҳи ишламоқда. Улар аввало туннелга кислород трубасини киритиш ва қамалиб қолган ишчиларга ёрдам бериш учун тор тешик очишга ҳаракат қилмоқда.
“Туннелни очиш учун плитанинг 200 метрга яқин қисми тозаланиши керак. Вайроналар остида қолганларнинг тириклиги номаълум”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, “Char Dham Road” лойиҳаси доирасида қурилаётган мазкур туннель ёрдамида Уттаракханддан Ямунотри Дҳамгача бўлган йўлни 26 километрга қисқартириш режалаштирилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг Мизорам штати Аижал шаҳри яқинида қурилаётган кўприкнинг қулаши оқибатида 17 киши ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси