Ҳиндистонда шифохонадаги ёнғинда камида 10 чақалоқ ҳалок бўлди
Олам
−
16 Ноябрь
2363Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш штатидаги шифохонанинг неонатал бўлимида юз берган ёнғин оқибатида камида 10 нафар янги туғилган чақалоқ ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакатнинг “Times Now” нашри хабар берди.
Маҳаллий ҳукумат вакилларининг сўзларига кўра, ёнғин Жанси шаҳридаги Маҳарани Лакшми Бай тиббиёт коллежининг реанимация бўлимида содир бўлган.
Ўт ўчирувчилар етиб келганида, палаталарни аланга ва тутун қоплаган. Қутқарувчилар янги туғилган чақалоқларга етиб бориш учун деразаларни ёриб ўтишга мажбур бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, қутқарув операцияси ёнғин бошланганидан тахминан 30 дақиқа ўтиб бошланган ва бу эвакуация ишларини кечиктирган.
Ҳиндистон Бош вазирининг ўринбосари Браджеш Патхакнинг маълум қилишича, етти жасаднинг шахси аниқланган. Уч нафар жасаднинг шахси ҳали номаълумлигича қолмоқда. 45 нафар чақалоқ қутқариб олинган ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
“16 нафар чақалоқнинг аҳволи оғир”, деб ёзади “Times Now” нашри.
NDTV телеканали маълумотларига кўра, ёнғин бошланганда реанимация бўлимида 54 чақалоқ бўлган.
“Ушбу фожиа учун айбдорларни аниқлаб, қаттиқ чоралар кўрамиз. Ҳукумат бу оғир дамларда оилалар билан бирга бўлади”, деган маҳаллий расмийлардан бири.
Маълумот учун, ёнғинлар Ҳиндистонда ёмон қурилиш амалиёти, одамларнинг ҳаддан ташқари кўплиги ва хавфсизлик қоидаларининг ёмонлиги туфайли тез-тез учраб туради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги можаро бошланганидан бери Ғазо секторида 115 чақалоқ ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Ўлганларнинг барчаси саккиз ойликдан кичик бўлган.
LiveБарчаси