Ҳиндистонда намойишга чиққан 11 киши иссиқ уришидан ҳалок бўлди
Олам
−
17 Апрель 2023
5521Ҳиндистонда ҳукумат ҳомийлигида ўтказилган тақдирлаш маросимида қатнашиш учун чиққан 11 киши иссиқ уриши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Қайд этилишича, Махараштра штатида ўтказилган ижтимоий фаол Даттатрея Нараян Дҳармадхикарини тақдирлаш маросимига юз минглаб одам йиғилган. Унда юқори даражадаги сиёсатчилар, жумладан, Ҳиндистон Ички ишлар вазири Амит Шоҳ ва штатни бошқарувчи “Bharatiya Janata Party” (BJP) раҳбарлари иштирок этган.
Маросимга келганлардан 11 нафари 38 даража иссиқда ҳушидан кетиб йиқилган ва ҳалок бўлган. Яна юзлаб одамлар сувсизланиш ва қон босимидан шикоят қилган. Ушбу воқеадан сўнг кўплаб фаоллар ҳукуматни бепарволикда айблаган.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришларига қарамай, маросим Ҳиндистоннинг энг иссиқ ойларидан бири бўлган апрелда ва яна куннинг энг жазирама вақти ҳисобланган 11:00 ва 16:00 оралиғида ўтказилган. Кўплаб сиёсий арбоблар тадбир тўғри режалаштирилмаганини айтиб, ҳукуматни тергов ўтказишга чақирган.
Махараштра бош вазири Экнат Шинде воқеани “кутилмаган ва оғриқли” деб атаб, ҳалок бўлганларнинг оилаларига 6,1 минг доллардан берилишини эълон қилган. У, шунингдек, тадбир давомида тоби қочганлар бепул даволанишини айтган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь