Ҳиндистонда минглаб одамлар мухолифат маршида қатнашмоқда
Олам
−
24 Декабрь 2022
7270Бугун, 24 декабрь куни Янги Деҳлида минглаб одамлар мамлакатнинг етакчи мухолифат партияси, Ҳиндистон Миллий Конгресси (ҲМК) томонидан ташкил этилган “Бҳарат Жодо Ятра” (“Ҳиндистонни бирлаштирамиз” марши)да қатнашмоқда. Марш ташкилотчиларининг Twitter'даги саҳифасида маълум қилинишича, намойишчилар Ҳиндистон пойтахтига тонг саҳарда Фаридобод шаҳридан кириб келган ва Эски Деҳлининг тарихий маркази томон ҳаракатланмоқда.
Марш бошида ҲМК етакчиларидан бири Раҳул Ганди бошқа мухолиф сиёсатчилар ҳамроҳлигида бормоқда. Пойтахтда Раҳулга ҲМКнинг собиқ президенти, унинг онаси Сониа Ганди ва партиянинг бош котиби, унинг синглиси Приянка Ганди, машҳур Неру Ганди сиёсий уруғидан бўлган, Ҳиндистонни кўп йиллар давомида бошқарган партия аъзолари қўшилган. Мухолифат аъзолари “Яшасин Раҳул!” ва “Яшасин Конгресс!” дея бақирмоқда.
Намойишчилар ўзларини тинч тутиб, шай ҳолатдаги метрополитен полициясини қўзғатмасликка ҳаракат қилмоқда. Аввалроқ Раҳул Ганди ўзининг юришидан мақсад ҳукмрон партия томонидан ташкил этилган “нафрат бозори” ўртасида “севги дўкони очиш” бўлганлиги ҳақида баёнот берган эди.
“Мамлакатнинг оддий аҳолиси ҳозир севги ҳақида гапирмоқда. Ҳар бир штатда минглаб одамлар маршга қўшилмоқда”, дейди Ганди.
ҲМК раҳбарлари ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) (Ҳиндистон халқ партияси) ва унинг иттифоқчиларининг ҳиндуизм ва ҳинду қадриятларини тарғиб қилиш ва ҳимоя қилиш сиёсати мамлакатни иккига бўлиб юбораётганини таъкидламоқда. Мухолифатнинг пойтахтдаги юриши ҲМК митинг ўтказмоқчи бўлган Эски Деҳлидаги тарихий Қизил қалъага етиб бориши кутилмоқда.
Конгрессменлар 7 сентябрь куни мамлакатнинг энг жанубий нуқтаси, Тамилнаду штатидаги Канякумари бурнида 150 кунлик Бирлашган Ҳиндистон маршини бошлади. ҲМК етакчилари ўз тарафдорлари билан 3500 км узоқликдаги шимолий иттифоқ ҳудуди Жамму ва Кашмирга юришни режалаштирмоқда. Янги Деҳлидан сўнг мухолифат маршрути 448 км йўл босиб ўтиши керак бўлади. Янги Деҳлидаги акциядан сўнг ҲМК Янги йил байрамлари учун 3 январгача танаффус қилишни режалаштирмоқда, шундан сўнг марш давом этиши керак.
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси