Ҳиндистонда ҳам ҳаво ифлосланиши ортидан тандирлар нишонга олинди
Олам
−
16 Декабрь 969 2 дақиқа
Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида оддий тандир ҳавонинг ифлосланишига қарши кураш доирасида сўнгги нишонга айланди. Бу ҳақда “India Today” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Деҳли Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси шаҳар бўйлаб барча меҳмонхоналар, ресторанлар ва очиқ овқатланиш шохобчаларида кўмир ва ўтин ёқиладиган тандирлардан фойдаланишни тақиқловчи кўрсатма берган.
Бугун, 16 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 10:00 ҳолатига кўра, Деҳлининг аксарият ҳудудларида ҳаво сифати индекси (AQI) қарийб 400 даражада қайд этилган. Ресторан ва овқатланиш жойларида қўлланиладиган тандирларга қўйилган тақиқ ўтган ҳафтада кучга кирган.
Маҳаллий нашларнинг ёзишича, ушбу буйруқ “Ҳавони ифлосланишдан муҳофаза қилиш ва назорат қилиш тўғрисида”ги 1981 йилги қонуннинг 31(А)-моддасига асосан чиқарилган. Унга кўра, барча ресторан ва овқатланиш шохобчалари зудлик билан электр, газ ёки бошқа тоза ёқилғида ишлайдиган жиҳозларга ўтиши шарт.
Қайд этилишича, Деҳли ҳудудида ҳаво сифати ёмонлашгани сабабли жорий йилнинг 13 декабрь куни Ифлосланишга қарши босқичма-босқич чоралар режасининг IV босқичи жорий этилган. Ушбу чоралар доирасида биомасса, чиқиндилар ёки шунга ўхшаш материалларни (жумладан, кўмирни) очиқ ёқиш қатъиян тақиқланади.
PTI хабарига кўра, шаҳар бошқарув органлари, жумладан, муниципал идоралар комиссарлари ва бош муҳандисларига ўз ҳудудларидаги барча овқатланиш шохобчаларида кўмир ва ўтиндан фойдаланиш дарҳол тўхтатилишини текшириш ва таъминлаш топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов экологик рейд давомида сомсахона тандирларини буздириб ташлагани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ эса ҳокимга нисбатан ушбу иши учун ҳайфсан интизомий жазо чораси берилди.
Live
Барчаси