Ҳиндистон ва Хитой қўшинлари тўқнашди
Жамият
−
13 Декабрь 2022
18228Ҳиндистон ва Хитой қўшинлари Ҳимолaйдаги бахсли чегара ҳудудида тўқнаш келди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, ядровий қуролга эга иккита Осиё давлати ўртасидаги баҳсли чегара чизиғи 3000 километрни ташкил этади. Айнан шу чизиқ 9 декабрь куни Ҳиндистоннинг Аруначал-Прадеш штатидаги Таванг секторида бўлиб ўтган тўқнашувга сабаб бўлди. Тўқнашув ҳар иккала томон аскарларининг енгил жароҳатланиши билан тугади.
Бугун, 13 декабрь куни Ҳиндистон Мудофаа вазири Ражнат Сингх парламентдаги нутқида Хитой Халқ Озодлик Армиясини назорат чизиғини кесиб ўтиш орқали "бир томонлама" статус-квони ўзгартиришга уринишда айблади.
“Сўнгги ўзаро тўқнашув жанжалга олиб келди. Бунда Ҳиндистон армияси жасорат билан Хитой Халқ Озодлик Армиясининг ҳудудимизга киришига тўсқинлик қилди. Улар ўз постига қайтишга мажбур бўлди”, дейди вазир Сингх Ҳиндистон томонида жиддий талофатлар йўқлигини таъкидлаб.
Шунингдек, Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги 11 декабрь куни Хитой томони билан байроқ учрашуви ўтказганини, учрашувда Хитой томонидан чегарада ҳарбий ҳаракатлардан тийилиб, тинчлик ва осойишталикни сақлаш сўралганини маълум қилди.
Аммо Хитой ҳозирча ҳодисага расман изоҳ берганича йўқ.
Маълумот ўрнида, Ҳиндистон ва Хитой 1962 йилда ўзларининг чегара ҳудудлари учун уруш олиб борган. Уруш чегара назорат чизиғи яратилиши билан тугаган. Аммо икки давлат ҳам унинг аниқ жойлашуви бўйича ҳалигача келиша олмайди ва иккаласи ҳам бир-бирини мунтазам равишда ўз ҳудудларини кенгайтиришга интилишда айблайди.
Ўтган йиллар давомида чегара позицияси бўйича бир қатор жанжаллар бўлган. Масалан, 2020 йил июнь ойида икки томон ўртасидаги кескинлик сабаб юзага келган жанжал 20 нафар ҳинд ва тўрт нафар хитой аскарининг ўлими билан тугаган.
Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойида ҳинд ҳукумати Ҳиндистон ва Хитой қўшинлари Ғарбий Ҳимолайдаги Гогра-ХотСпрингс чегара ҳудудидан чиқиб кетишни бошлаганини айтди. Бу ҳақда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Хитой етакчиси Си Цзиньпин иштирок этган Самарқанддаги ШҲТ саммити олдидан баёнот берилган эди.
Аммо бу ҳам муносабатларни ижобий тарафга ўзгартирмади. Хусусан, жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Балидаги G20 саммитида Моди ва Си Цзиньпин қўл бериб кўришган бўлсада, ҳэч қандай икки томонлама музокаралар ўтказилмади.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси