Ҳиндистон ўз вакцинасини Ўзбекистонга таклиф қилди
Саломатлик
−
08 Декабрь 2020
5512Кеча, 7 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Aбдуҳаким Ҳожибоев Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Маниш Прабхат билан учрашди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маниш Прабхатнинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда Ҳиндистон коронавирусга қарши 3 та вакцина яратиш устида иш олиб бормоқда, улардан 2 таси иккинчи, биттаси эса учинчи босқич синов жараёнида. Элчи келажакда Ўзбекистон аҳолиси учун ҳам ушбу ҳинд вакциналари фойдали бўлишини таъкидлаб ўтди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган 150 дан ортиқ шифохонадан айни пайтда 40 га яқини фаолияти кўрсатаётгани, қолганлари зарурат туғилганда яна коронавирус билан касалланган беморларни қабул қилишлари учун сақлаб қолинган.
Учрашувда томонлар келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиб олишган. Жумладан, мавжуд инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш ва Ўзбекистонга янги инвесторларни жалб қилиш, қўшма фармацевтика ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш каби масалаларга тўхталиб ўтилган.
“Шунингдек, элчи талабалар алмашинуви дастури бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан таклифларини билдирди. Унинг таъкидлашича, Ҳиндистон ёшларининг Ўзбекистондаги тиббиёт олий ўқув юртларида ўқишга қизиқиши тобора ортиб бормоқда”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, мамлакатларнинг халқ табобатини ривожлантиришга бўлган давлат даражасидаги эътиборда ўхшашлик мавжудлиги айтилиб, ушбу соҳадаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
LiveБарчаси