Ҳиндистон мусулмонларни ноқонуний тарзда депортация қилди – HRW
Олам
−
24 Июль 9494 2 дақиқа
Ҳиндистон расмийлари сўнгги бир неча ҳафта ичида қонунни бузган ҳолда юзлаб мусулмонларни Бангладешга депортация қилди. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида сўз боради.
HRW'га кўра, жорий йилнинг май ойидан бошлаб Ҳиндистон расмийлари асосан Бангладеш билан чегарадош Ҳиндистон штатларида туғилган бенгалиялик мусулмонларни депортация қилишни бошлаган. Депортация қилинганларнинг салмоқли қисми аёллар ва болалардир.
Ҳисоботда айтилишича, чегарачилар айрим кишиларнинг ҳужжатларини тортиб олган, айрим ҳолларда эса қурол ишлатиш таҳдиди остида Бангладешга мажбуран депортация қилган. Бангладеш расмийлари депортация қилинган тахминан 1500 кишининг бир қисми Ҳиндистон фуқаролари эканини тасдиқлаган. Уларнинг баъзилари кейинчалик яна ортига қайтиб кетган.
HRW, шунингдек, депортациялар тўлқини апрель ойида Ҳиндистоннинг Паҳалгам минтақасида (Жамму ва Кашмир) содир бўлган ва кўплаб қурбонлар билан якунланган терактдан кейин кучайганини таъкидлайди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг қайд этишича, воқеадан сўнг Ҳиндистон расмийлари “ноқонуний муҳожирлар” деб аталмиш, хусусан, мусулмон жамоаларини аниқлаш бўйича кампанияни кучайтирган.
Ҳисобот судсиз депортацияларни зудлик билан тўхтатиш, депортация қилинганларнинг қонуний ҳимоя ва шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлишини, мажбуран чиқариб юбориш ҳолатларини текшириш ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилади.
HRW'нинг таъкидлашича, шахсларни миллати, этник келиб чиқиши ёки динига қараб ўзбошимчалик билан депортация қилиш Ҳиндистоннинг халқаро мажбуриятларига зиддир.
HRW'нинг Осиё бўйича директори Элейн Пирсоннинг айтишича, Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) бошчилигидаги Ҳиндистон ҳукумати бенгал миллатига мансуб мусулмонларни ўзбошимчалик билан депортация қилиш орқали дискриминацияни рағбатлантирмоқда.
“Депортация қилинганлар орасида Ҳиндистон фуқаролари ҳам бор ва улар тегишли тартибсиз ёки мурожаатсиз жўнатилади”, дейди у.
Бангладеш Ташқи ишлар вазирлиги вазиятни изоҳлар экан, “мажбурий қайтариш” амалиётини қоралади ва фақат Бангладеш фуқаролиги расман тасдиқланган одамларни қабул қилишини айтди.