Ҳиндистон буғдой экспортини тақиқлади

Олам

image

Ҳиндистон буғдой экспортини тақиқлади, бу қарор дарҳол кучга киради. Бу ҳақда бугун, 14 май куни мамлакат Савдо ва саноат вазирлиги ташқи савдо бош бошқармаси маълум қилди.

“Ушбу қарор кўплаб омиллар таъсирида буғдойнинг халқаро майдондаги нархлари кескин ошиб кетишини ҳисобга олиб, ички нархлар ўсишини назорат қилиш чора-тадбирлари доирасида қабул қилинди”, дейилади вазирлик хабарида.

Қарорда 13 майгача қайтариб олинмайдиган аккредитивлар берилганларга дон етказиб беришга рухсат берилди. Яна бир истисно ҳолат шуки, бошқа давлатлар ҳукуматларининг сўровига кўра, ўша мамлакатлар эҳтиёжини қондириш учун Ҳиндистон ҳукуматининг кўрсатмаси билан буғдой етказиб берилиши мумкин.

Март ойида Ҳиндистон яқин келажакда буғдой экспорти бўйича жаҳонда етакчи бўлиш учун қадамлар ташлаш ниятида эканлигини маълум қилди. Бироқ, бир қатор сабабларга кўра, жумладан, бу дон етиштириладиган ҳудудларда жазирама иссиқ бўлгани боис, республика ҳозирда ички бозорда ушбу маҳсулот танқислиги юзага келишидан қўрқмоқда.

Аввалроқ Ҳиндистон ҳукумати 2021-2022 йилларда буғдой етиштириш прогнозини қайта кўриб чиқиб, уни 5,7 фоизга, 105 миллион тоннагача қисқартирган эди. Бунга ёзнинг эрта бошланиб, экинлар ҳосилдорлигига таъсир кўрсатгани сабаб бўлган.

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури вакили Томсон Пирининг фикрича, Украинадаги вазият озиқ-овқат нархининг ошиши ва дунёда очарчиликка олиб келиши мумкин. Унинг таъкидлашича, Қора денгиз ҳавзаси ғалла ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун энг муҳим минтақалардан бири ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

142

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг