Ҳинд миллатчилари яна бир тарихий масжиднинг “бошига етди” (видео)

Олам

image

Деҳли тараққиёт бошқармаси Меҳраули шаҳридаги масжидни бузиб ташлади. Бу ҳақда “Newsclik.in” нашри маълум қилди.

Жорий йилнинг 31 январь куни эрта тонгда Деҳлининг Меҳраули шаҳридаги кўп асрлик масжид бўлмиш Оқхонжи масжиди Деҳли тараққиёт бошқармаси расмийлари томонидан полиция иштирокида тўсатдан бузиб ташланди. Масжид имоми бу бузиш ҳақида олдиндан бирор хабар берилмаганини айтади.

“Бу маҳаллий аҳолини, масжидга ташриф буюрувчиларни ва у ердаги мадраса талабаларини шокка туширди”, деган имом.

Маҳаллий аҳолининг билдиришича, ёши 600 йилдан ошган масжид субконтинентнинг биринчи, Деҳлининг ягона мусулмон аёл ҳукмдори Розия Султон даврида қурилган. 

Интернетда пайдо бўлган видеода масжид имоми Зокир Ҳусайн масжид қулатилганидан қайғудалигини ва унда нафақат Баҳрул Улум мадрасаси деб номланган талабалар ўқишга келган мадраса, балки улуғ сиймоларнинг муқаддас қабрлари ҳам борлигини айтган. Тахминларга кўра, вайронагарчилик бомдод азонидан олдин содир бўлган ва маҳаллий аҳоли ва намозхонларни норозилигига сабаб бўлган.

"У ерда кўплаб ҳурматли сиймоларимиз ва менинг ота-боболарим дафн этилган. Ҳозир қабрлардан асар ҳам йўқ", дейди масжид бошқарув қўмитаси аъзоси Муҳаммад Зафар.

Бундан ташқари, расмийлар ҳатто ундан ва ҳолатни тасвирга тушурган одамлардан телефонларни мажбуран тортиб олишган. Имомнинг таъкидлашича, ҳокимият у ҳамда бошқаларга масжид ичидаги муқаддас китобларни олиб чиқишга ҳам рухсат бермаган.

Қолаверса, имом масжид ичидаги муқаддас осори-атиқа ва китоблар йўқ қилинибгина қолмай, мадрасада таҳсил олаётган 22 талабанинг озиқ-овқат ва кийим-кечак каби буюмлари ва мол-мулкини ҳам амалдорлар вайрон қилганини иддао қилди. 

Расмий ҳукумат эса, масжид бузилиши ноқонуний иншоотларни йўқ қилишга қаратилгани билан изоҳлаган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу бузиш жараёни Ҳиндистонда миллатчи фаоллар Бобур масжиди каби бир неча машҳур Ислом марказларини ҳинду ибодатхоналарига айлантириш бўйича ҳаракатлари авж олаётган бир вақтда содир бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

масжид Деҳли Меҳраули Оқхонжи Розия Султон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг