Ҳайдовчиликка ўқитиш ва “права” бериш бўйича янги тизим яратилади – Президент

Жамият

image

Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисаларининг 75 фоизини 35 ёшгача бўлганлар содир этган. Ҳар йили 500 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномаси олади, лекин 25 фоизи машғулотларга қатнашмайди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 11 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда таъкидлади.

“Йилдан йилга автотранспорт воситалари ва ҳайдовчилар сони кўпайгани билан уларнинг маданияти, ўзаро ҳурмат ва билим-тажрибаси пасайиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат”, деди Президент.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, аварияларнинг 75 фоизини 35 ёшгача бўлганлар содир этган. Ҳар йили 500 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномаси олади, лекин 25 фоизи машғулотларга қатнашмайди.

“Қайси ҳоким ёки ички ишлар бошлиғи бирор марта автомактабларга борган, улардаги ўқиш жараёни билан қизиққан? Умуман, Таълим инспекцияси автомактаблар назоратини эплай олмади”, деди давлатимиз раҳбари.

Энди ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим яратилади. Бунда:

•  Ички ишлар вазирлиги автомактаблар ва имтиҳон марказларига талабларни қайта кўриб чиқади, уларга лицензияларни ўзи беради; 

•  Ички ишлар академияси автомактабларнинг методологияси, ўқув дастури, ўқитувчиларнинг малакаси ва ўқитиш сифатини оширишга жавоб беради;

•  Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчилар тўғрисидаги маълумотлар базаси ва уларнинг рейтингини юритади.

Бундан буён ҳайдовчининг интизомига қараб, уни ўқитган автомактаб фаолиятига ҳам баҳо берилади.

Вилоят ҳокимлари ва ички ишлар бошлиқларига уч ой муддатда ҳудудларида замонавий автомактаб ва имтиҳон марказларини ташкил этиш топширилди.

“Рақамлаштириш – йўл ҳаракатини бошқаришнинг энг тўғри ечими. Афсуски, на пойтахтда, на ҳудудларда рақамлаштириш борасида бирорта намуна қилиб кўрсатадиган жой йўқ. Борини ҳам эплаб ишлата олмаяпти”, деди Президент.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг 602 та чорраҳасидан 111 тасидагина рақамли бошқарув мавжуд. Бошқа шаҳарларда эса бундай тизим умуман йўқ.

“Ҳаракат хавфсизлигини рақамлаштириш бўйича Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида юзага келган муаммоларни ўзим қаттиқ назоратга олганимдан кейин ҳокимлар ва ички ишлар бошлиқлари ҳаракатни бошлади. Ушбу ҳудудлар ички ишлар бошлиқлари 1 июлгача кескин ўзгариш қилмаса, уларга нисбатан қатъий чора кўраман. Бошқа ҳокимлар ҳам хулоса қилиб, батафсил ҳисобот беради”, деди Президент.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

286

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг