Ҳайдовчилар диққатига! 10 та “писмиқ фоторадар” йўлларга чиқяпти
Жамият
−
20 Ноябрь 2019
24032Ўзбекистонда янги турдаги фоторадарлар ўз ишини бошлаш арафасида. 10 та Nexia русумли автомашиналар Германиянинг “JENOPNIK Robot GmbH” номли фирмасида ишлаб чиқарилган замонавий тезлик ўлчаш мосламалари билан жиҳозланди. QALAMPIR.UZ таъбирига кўра, “писмиқ радар” деб номланган ушбу мосламани синовдан ўтказиш ишлари бошланади. Бунинг учун эса ушбу мосламани ишлатишга жалб этиладиган йўл патруль хизмати инспекторлари махсус ўқув курсларида тайёргарликдан ўтишади ҳамда синов имтиҳонларини муваффақиятли топширганлар янги технология билан ишлашга жалб этилади.
Шуни айтиш керакки, автомобилнинг ташқи олди қисмига ҳаракатда, шунингдек, стационар тартибда ишлашга мослаштирилган фоторадар комплекси ўрнатилган. Автомобиль салонига эса 16 мегапикселли фото камера ўрнатилган. Бу комплекс 1 тадан 6 тагача ҳаракат бўлаклари бўлган йўлларда йўналиш бўйлаб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган ва белгиланган тезлик талабларини бузган транспорт воситаларининг қоидабузарлигини автоматик тарзда қайд этади. Комплекс таркибига кирувчи ва автомобилнинг олди қисмига ўрнатилган махсус чироқ қоронғу ва етарлича кўринмаслик шароитида автомобиль давлат рақам белгиларини таниб олишга ёрдам беради.
Радар комплекси соатига 10 километрдан бошлаб 250 километргача бўлган тезлик қоидабузарлигини 100 метр масофадан қайд этиш имкониятига эга.
Автомобиль салонига ўрнатилган монитор ёрдамида радар комплексининг иши уни бошқараётган йўл-патруль хизмати инспектори томонидан кузатиб борилади.
Ушбу радар комплекси дастлаб синов тариқасида, мавжуд қонун ва қоидалар талаблари асосида тезлик талабларини бузиш билан боғлиқ қоидабузарликларни аниқлашга жалб этилади.
Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги томонидан мобиль комплекс автотранспорт воситалари учун тураргоҳ ҳамда тегишли техник иншоотларни тайёрлаш ва таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
Шунингдек, жорий йил якунига қадар қўшимча мобил комплекс, стационар ускуналар, маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази қурилмалари келтирилиши ҳамда тест режимида ишга туширилиши кўзда тутилган.
LiveБарчаси