Ҳаво кодексига ўзгартиришлар киритилади

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Қонун билан Ҳаво кодексига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш кўзда тутилган:

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 7 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида” 864-XII-сонли қарорининг 2-банди учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексида баён этилган авиация маъмуриятининг вазифаларини Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги зиммасига юклатилсин;”.

44-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Эксплуатант сертификатини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (ҳозир Эксплуатант сертификати Авиация маъмурияти) томонидан  белгиланади. Бунда хусусий ва ижарадаги ҳаво кемаларининг, парвозга оид ва техника хизматлари тузилмаларининг мавжудлиги бундай сертификатни олиш учун мажбурий шартдир.”.

49-модданинг биринчи қисми иккинчи диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Фуқаро ва давлат авиацияси кадрларини тайёрловчи ўқув юртларини сертификатлаш тартиби тегишинча Ўзбекистон Республикасининг Авиация маъмурияти ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан ўрнатилади.”.

67-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Ҳаво кемаларининг аҳоли пунктлари устидаги парвози, ҳаво кемасида носозлик рўй берганида, ердаги одамларга ёки  мол-мулкка хавф солмасдан, хавфсиз қўнишга имкон берадиган баландликда амалга оширилади, учиш
ёки қўнишга зарурат бўлган ҳолатлар бундан мустасно. Бундай парвозларни амалга ошириш қоидалари самовий ҳудуддан фойдаланиш ва авиация фаолияти соҳасидаги давлат бошқарувива назорати органлари томонидан ўрнатилади.”.

96 ва 97-моддалар чиқариб ташланади.

98-модда қуйидаги таҳрирдаги иккинчи қисм билан тўлдирилади:

“Йўловчини ҳаво транспортида ташиш шартномаси бекор қилинганда ташиш ҳақи қайтарилмаслиги тўғрисидаги шартни назарда тутувчи йўловчини ҳаво транспортида ташиш шартномасида багаж ёки қўл юкини бепул ташиш меъёри белгиланмаслиги мумкин. Багаж ёки қўл юкини бепул ташиш меъёри ташувчи томонидан белгиланади ва бу каби ташиш шартномасини тузиш вақтида йўловчи томонидан танланиши мумкин бўлади.”.

102-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Ташувчи йўловчиларга ташиш қоидаларида белгиланган тартибда хизмат кўрсатилишини ташкил этиши шарт. Шунга мувофиқ йўловчига ташувчи томонидан белгиланган меъёр доирасида багаж (багаж ташиш меъёри назарда тутилган йўловчини ҳаво транспортида ташиш бўйича тегишли шартнома тузилган тақдирда) ва қўл юкини текин ўзи билан олиб учиш, болаларини (ёшига қараб) текин ёки имтиёзли шартларда олиб учиш, аэропортларда махсус ажратилган бинолардан фойдаланиш, шунингдек
юк ташувчининг айби билан ёхуд бошқа мажбурий сабаблар билан рўй берган парвозларнинг кечиктирилиши ёки улар орасидаги танаффусларда меҳмонхоналарда жой билан таъминланиш ҳуқуқи берилади.”.

104-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Йўловчи ҳаво транспортида ташиш шартномаси амал қилиб турган исталган вақтда — йўловчи учун жой банд қилиб қўйилган ҳаво кемаси парвоз қилгунича ёки парвоз қилганидан кейин йўналиш манзилларидан бирида ҳаво транспортида ташиш шартномасини бекор қилиш ва ташиш учун тўланган ташиш ҳақининг ҳаммасини ёки бир қисмини ташувчининг тарифларини қўллаш қоидаларида белгиланган тартибда олиш ҳуқуқига эга.

Йўловчини ҳаво транспортида ташиш шартномаси бекор қилинганда ташиш ҳақи қайтарилмаслиги тўғрисидаги шартни назарда тутувчи йўловчини ҳаво транспортида ташиш шартномаси йўловчи билан тузилган бўлса, йўловчини ташиш учун тўланган ташиш ҳақи, шу жумладан ташувчи томонидан белгиланган йиғимлар қайтарилмайди.”.

Лойиҳа муҳокамаси давом этяпти. Унга ўзгартириш киритилиши ёки рад қилиниши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳаво кодекси

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг